ИҚТИДОР ЭГАЛАРИ
“30 июнь - Ёшлар куни” муносабати билан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи, Қарши гарнизони Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи Нуристон гарнизонидаги 18-ҳарбий шаҳарчада харбий хизматчиларни фарзандлари иштирокида спорт мусобақалари, расм чизиш, энг яхши қўшиқчи, энг яхши шеър айтиш каби бир қатор танловлар ташкил этилди.
Ҳарбий округ бошқарув аппарати масъул офицерлари ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари иқтидори юзага чиқиб, яна бир карра сайқалланди. Асфалтга расм чизиш, энг гўзал рақс, салат тайёрлаш, энг яхши китобхон, шеърий баҳрубайт сингари беллашувларда маскандаги иқтидорли болажонлар иштиёқ билан иштирок этишди.
Қарши гарнизони ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган мусиқий безаклар дастурга ўзгача шукуҳ бағишлади. Ёш спортчилардан ташкил топган жамоа ўзларининг қўл жанги санъатларини, енгил атлетикачи қизалоқлар эса бадиий гимнастиканинг нозик ҳаракатларини йиғилганларга намойиш этишди.
Тадбирда фахрли ўринларни қўлга киритган ҳамда фаол қатнашган иштирокчилар диплом, фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг кўкрак нишонлари билан тақдирландилар.