ЗЎРАВОН ОТА 15 СУТКАГА ҚАМАЛДИ
Инсон оилада ўзини хотиржам ва бахтли ҳис қилади. Қувончдан кўзлари порлаб турган фарзандларингизни бағрингизга босганингизда барча чарчоқларингиз тарқаб кетади. Бошқаси бекор. Катталардан фарқли ўлароқ, ота-онасининг муносабати издан чиққан оилада шароит қанча яхши бўлмасин, болалар кўнгли кемтик, кўзлари мунгли бўлади.
Маҳаллада яшовчи Зуҳриддин (исмлар ўзгартирилган) ҳамда Нигина яхши ният билан турмуш қуришган эди. Аммо икки ёш ҳадеганда келишиб кета олмади. Ўртада фарзанд дунёга келди. Кунлик жанжаллар авжга чиқди.
Зуҳриддинга фуқаролик ишлари бўйича Пахтакор туман судининг буйруғига кўра бир нафар вояга етмаган фарзанди учун ойлик даромадининг ¼ қисми миқдорида алимент тўлаб бериши белгиланди.
Мажбурий ижро бюросининг Фориш туман бўлими ходимлари ижро ишини ўрганиб, Зуҳриддин ҳамда Нигинани ярашишга ундашди. Зуҳриддин қизининг отасиз улғайишини истамади. Зуҳриддин 2021 йилдан 2022 йилгача вояга етмаган қизига 9 миллион 146 248 сўм алимент пулини тўлашдан бўйин товлаб, қочиб юрди.
Жиноят ишлари бўйича Фориш туман судининг қарорига кўра унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Шунингдек, қамоқда бўлган вақти учун давлат фойдасига 607 500 сўм тўлайдиган бўлди.
Алимент – боланинг ҳаққи. Фарзанди ҳаққига хиёнат қилаётган оталар қонун олдида жавоб бериши муқаррар.