Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари белгиланди

Проект логопипа

Бугунги кунда мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, нуфузини ошириш, тизимни демократлаштириш ва такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги ПҚ-3250-сон қарори билан тасдиқланган 2017-2020 йилларда “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастури”нинг ижроси натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилди.

Давлатимиз раҳбарининг суд-ҳуқуқ соҳасида қабул қилаётган ҳар бир қарорларида суддаги муаммоли ҳолатларни бартараф этиш йўллари ва уларнинг мақбул ечимлари аниқ кўрсатиб берилиб, суднинг нуфузини янги босқичларга чиқаришга қаратилмоқда.

Ўз навбатида, бу жараён нафақат миллий маконда, балки халқаро майдонда Ўзбекистоннинг нуфузини оширишда ҳам муҳим ўрин тутади.

Президентимизнинг 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари белгиланди.

Хусусан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш, судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш, махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш, суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш белгиланди.

Ҳужжатнинг эътиборли жиҳати шундаки, эндиликда судлар фаолиятининг ҳар бир босқичига ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилади.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш;

Судда сансалорлик, бюрократизм ва суиистеъмолчилик ҳолатларига барҳам бериш мақсадида 2021 йил 1 июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;

2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш;

2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш;

2022 йил 1 июлга қадар суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;

2023 йил 1 январдан бошлаб суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш;

судлар, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар олий мактабида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилаш тартиблари жорий этиш белгиланди.

Бундан кўзланган мақсад - фуқаролар сарсон бўлишининг олдини олиш, мурожаатларни автоматлаштириш, тизимлаштириш ва энг асосийси, фуқароларга судларга мурожаат этиш бўйича конституциявий ҳуқуқларидан кенгроқ фойдаланиш учун имкон яратишдир.

Судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланиб, унга кўра, 28 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич улаш;

судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган маълумотларни электрон шаклда юбориш;

муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш;

судлар томонидан жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масалаларини кўриб чиқишда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ва бошқа ахборот тизимларининг интеграцияси орқали фуқаронинг мулкий ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлар билан танишиш;

судлар томонидан алимент миқдорини белгилашда туманлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақлари тўғрисида маълумотларни ахборот тизими орқали электрон шаклда олиш тизимини жорий этиш белгиланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимига киритилаётган янгилик ва ўзгаришлар ушбу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи сифатида суд идораларининг чинакам адолат қўрғони, фуқаролар қонуний ҳақ-ҳуқуқларининг ҳимоячисига айланишига хизмат қилишини таъминлашга қаратилиб, судларда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бирга судлар фаолиятида киберхавфсизликни таъминлаш, маълумотларнинг ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, давлат органлари ва суд тизими ўртасида ахборот тизимларининг интеграция қилиниши одил судлов самарадорлигини оширишга, соҳада янги сифат кўрсаткичларига эришишга йўл очади ва албатта халқнинг суд тизимидан рози бўлишига замин яратилади.

Собир Набиев,

Фуқаролик ишлари бўйича

Жиззах вилоят суди судьяси