Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари тузилиши белгиланди.

Суд - қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолат ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принципларни амалда таъминлайдиган муҳим институтдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони суд тизимидаги  камчиликларга барҳам бериш ва суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтиришга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Судлар тўғрисидаги қонуннинг 1-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари, туман (шаҳар) маъмурий судлари фаолият кўрсатади.
Амалдаги қонунга кўра, вилоят буғинини ташкил этувчи судлар бир-биридан алоҳида-алоҳида ўз ишларини олиб боради ва ўз навбатида ишни ушбу ҳолатда ташкил этиш маълум эътироз ва ноқулайликларни келтириб чиқармоқда.
Хусусан ривожланган ва МДҲ таркибига кирувчи баъзи давлатларда мисол учун, Франция, Италия, Канада, Жанубий Корея, Қозоғистон, Беларусь ва бошқаларда ўрта бўғин умумюрисдикция судлари фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича ягона суд сифатида фаолият юритади
Фармонга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар  ва Тошкент шаҳар фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлари бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилиши назарда тутилмоқда. Суд тизимида амалга ошириладиган ушбу ўзгаришлар яъни, вилоят судларининг бирлаштирилиши натижасида қонун ҳужжатларининг турлича кўлланилишининг олдини олиб ягона суд амалиётини шакллантирилиши, фуқаро ва тадбиркорлар ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун турли судларга сарсон бўлишининг олдини олиб, сарсон бўлишларига барҳам беришини, судларни моддий-техник жиҳатдан таъминлаш учун бюджет маблағларини ортиқча сарфланишига олдини олишига, суд тизими ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш эвазига Ўзбекистон Республикасининг ўрни тегишли халқаро рейтингларда юқори ўринларга чиқарилишига. ва ушбу моделнинг жорий этилиши миллий суд тизимини халқаро стандартлар ва илғор хорижий амалиётга мослаштиришга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Фармон билан суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга ва энг асосийси, фуқаролар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш даражасини юқори поғонага кўтаришга хизмат қилади.

Собир Набиев,
Фуқаролик ишлари бўйича
Жиззах вилоят суди судьяси