Одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари кўрилди

Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг бошланишига Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги №ПФ-4850-сонли "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони дастлабки қадам бўлган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида 2020 йил 30 июнь куни "Одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш" борасидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда Президентимиз томонидан одил судловни таъминлаш борасида ўтган йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг натижаси таҳлил қилинди.
Судлар томонидан оқлов ҳукмларининг кўпайганлиги судлар нуфузининг ошишига, уларнинг ҳақиқий мустақил бўлишига ижобий таъсир кўрсата бошлаганлигига мисол қилиб кўрсатилди. Президентимиз таъкидлаганидек, яқин ўтган йилларда оқлов ҳукми чиқишини тасаввур қилиб бўлмас эди.
Хусусан, жиноят ишларини қайта терговга қайтаришнинг бекор қилинганлиги судларда оқлов ҳукмлари сонининг ошишига, сансалорликка солинмасдан адолатнинг қарор топишига шарт-шароит яратди, тергов муддатларининг қисқартирилганлиги фуқароларнинг оворагарчилигининг камайишига олиб келди,
Президентимиз таҳлилидан кўринганидек, оқлов ҳукмлари чиққанлигининг кўпайганлиги судлар томонидан тергов органлари томонидан қўйилаётган айбларнинг асоссиз деб топилишига тергов органларининг малакали мутахассислар билан таъминланмаганлиги ҳам сабаб бўлмоқда.
Шунга кўра, республикамизда тергов мактабларини очиш, уларда узоқ йиллар ишлаган малакали мутахассисларнинг тажрибасига таяниш масаласи қўйилди.Яъни, тергов органларидаги терговчиларнинг аксарияти 30 ёшдан ошмаган, етарли малака ва тажрибага эга бўлмаган кадрлар бўлганлиги ҳам одил судловнинг фаолиятиги таъсир кўрсатаётганлиги таъкидланди.
Шунингдек, адвокатуранинг нуфузини оширмасдан туриб, одил судловни амалга ошириб бўлмаслиги таъкидланди. Хусусан, Президентимиз Тошкент шаҳрида давлат ҳисобидан қатнашаётган адвокатлар шаҳардаги адвокатларнинг 10 тасидан ошмаслиги, амалиётда "терговчининг адвокати" тушунчаси шаклланганлиги ачинарли эканлигини таъкидлади.
Шунга кўра, адвокатура тизимини тубдан ислоҳ қилиш, адвокатларнинг нуфузини ошириш борасидаги вазифалар тўғрисида гапирилди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари "Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониши лозим" деган сўзларини яна бир бор такрорлаб ўтди.
Таҳлилларга кўра, 2020 йилда аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг 8 мингдан зиёди ёки 44 фоизида судларда ишлар тўлиқ ва холис кўрилмаётгани, узоқ муддат чўзилаётгани билдирилган.
Бу ҳолат одамларнинг ҳали судлардан рози эмаслигини, уларнинг судлар чиқарган ҳужжатларнинг қонунийлигига ишонмаслигини англатмоқда.
Шу сабабли, Президентимиз суд фаолиятидаги бу каби хато ва камчиликларни кўрсатиб ўтди.
Бу эса нафақат судьялар, балки судда ишловчи ҳар бир ходим судга мурожаат этган фуқароларни сансалорлигини олдини олиш, уларга тўғри ҳуқуқий тушунтиришлар бериш, хушмуомала муносабатда бўлиш, суд биносида мурожаат этувчилар учун яратилган шароитларни яхшилаш, фуқароларни тезкор қабул қилиш, суд тизимидаги очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ўз устимизда ишлаб, тажриба ошириш, янги тайинланган судьяларимизни «устоз-шогирд» тизими бўйича ўргатиб бориш чораларини кўришни талаб қилмоқда.
Президентимиз томонидан илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида қайта кўриб чиқиш топшириғи берилди.
"Бир суд-бир инстанция" тамойилининг мазмун-моҳияти шундан иборатки, бу кўрилаётган ишлар биринчи инстанция судларидаёқ қонуний ҳал қилинишини таъминлашдан иборатдир.
Эндиликда Олий суднинг назорат тартибида ишларни кўришини ҳам тугатиш масаласи қўйилди. Бу ҳолат эса вилоят судларида фақат апелляция инстанциялари фаолият юритиб, кассация инстанциялари Олий судга олиб берилиши кўрсатилди.
Назорат инстанциясининг тугатилиши эса фуқароларнинг йиллар давомида сарсон бўлишининг одини олади ва ишларнинг Олий судда кассация инстанциясида кўрилишига билан ишларнинг тезда ечим топишини англатади.
Президентимиз одил судловни амалга оширишнинг коррупцияга қарши кураш билан узвий боғлиқлигини кўрсатиб, унга қарши кураш йўллари ишлаб чиқилаётганлигини айтди.
Коррупцияга қарши кураш Агентлигининг ташкил топганлиги ҳам бу иллатга қарши курашнинг самарадор усуллари ишлаб чиқилганлигини англатади.
Шунингдек, йиғилишда судга бориш учун айрим туман ва шаҳарларимизда одамларга қулайлик яратиш зарурлиги масаласи ҳам жуда тўғри кўтарилди.
Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро суди Зарбдор, Зомин ва Янгиобод туманларидаги ишларни кўради.Жорий йилда ҳар ойда кўрилаётган фуқаролик ишлари ўртача 120 тани ташкил қилмоқда. Бу эса ишларнинг сифати ва самарадорлигига, барқарорлигига таъсир қилмай қолмаяпти. Шунга кўра, ҳозирда барча туманларда судья штат бирлигини очиш таклифи киритилган.
Президентимиз хусусий мулк мулкдорларини ҳимоя қилиш масаласига, мамлакатимизга чет эл инвесторларини жалб қилиш масаласига эътиборни қаратди. Давлатимиз раҳбари инвесторларни мамлакатимизда қонун устуворлигига ишонтиролмасак, инвестицияларни жалб қилиб бўлмаслигини уқтириб ўтди.
Президентимиз айниқча, кейинги йилларда туман(шаҳар) ҳокимларининг қарорлари суд тартибида кўплаб бекор бўлаётганлигига эътиборни қаратди.
Фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро суди томонидан 2019 йилда Янгиобод туман ҳокимининг 1 та, 2020 йилда Зомин туман ҳокимининг 1 та фуқаронинг уй-жойига мулк ҳуқуқини бериш ҳақидаги ўз қарорларини бекор қилиш ҳақидаги қарорлари суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилди.Яъни, ҳокимлар мулк ҳуқуқини бекор қилиш фақат судлар томонидан амалга оширилиши ҳақидаги қонун нормасини бузишган.Аниқланган қонунбузарлик бўйича Жиззах вилоят ҳокимлигига хусусий ажрим чиқарилиб, чора-тадбирлар белгилаш талаб қилинди.
Шу билан бирга Давлат раҳбари томонидан суд фаолиятида рақамли технологияларни кенг жорий этиш масаласига эътибор қаратилгани биз учун қувонарли албатта. Бугунги кунда видеоконференция алоқа тизими билан жиҳозланган суд мажлиси фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро суди биносида мавжуд. Бу биринчи навбатда фуқароларимизга жуда ҳам катта қулайликлар яратиб, суд мажлисларини масофадан туриб ўтказиш имконини беради, яъни иш бўйича тарафлар турли вилоятлардан туриб суд мажлисида тўғридан-тўғри қатнашишлари мумкин.
Ўтган даврда биз судьялар халқ билан мулоқотларни оширдик,Фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро суди ҳам 2020 йил февраль ойида халқ депутатлари Зарбдор, Зомин, Янгиобод кенгашларига одил судловни амалга оширишдаги бир йиллик фаолияти юзасидан ахборотлар берди.
Доимий равишда жойларга бориб фуқароларни сайёр қабул қилиб, муаммоларни жойида ҳал этиш чораларини кўрмоқдамиз. Шу билан бирга ишларни сайёр судларда кўришни кўпайтирмоқдамиз. Карантин вақтида ҳам фуқароларни судга чақирмасдан низоларни маҳаллаларда, корхоналарда карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда сайёр тартибда кўришни йўлга қўйдик. Бундай ўзгаришлар одамларимизда ҳақиқат ва адолатга бўлган ишончни мустаҳкамламоқда.
Бироқ, суд ислоҳотларида сезиларли ўзгаришлар бўлсада, ҳали одил судловни тўла амалга ошириш учун замин яратилди дейишга ҳали жуда эрта.
Фуқароларимиз суд қарорларидан норози бўлиб. юқори инстанция судларига эмас, балки бошқа идораларга, инсон ҳуқуқлари ташкилотларига, журналист ва блогерларга мурожаат қилаётганлиги суд тизимининг одиллигига, суд қарорларининг адолатлигига, қонунийлигига ишонмаслигини кўрсатмоқда.
Президентимиз томонидан видеселекторда берилган кўрсатмалар ва судлар учун яратилаётган шароитлардан келиб чиққан ҳолда биз судьялар ўзимизга бўлган талабчанликни янада ошириб, бундан ҳам яхши ишлашимиз лозим.
Судларда танқидий таҳлил, қатьий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик кундалик қоидамиз, фаолиятимизнинг асосий мезони бўлиб қолиши лозим.
Фуқаролик ишлари бўйича
Зарбдор туманлараро судти раиси Э.Умурзаков