Ҳеч ким эътибордан четта эмас

Бутун дунёнинг кун мавзуси пандемия бўлган, мамлакатимиз эпидемиологик касаллик билан курашишга бор кучини сарфлаётган бир вақтда, юртбошимиз суд тизимини ислоҳ қилиш, юртимизга худди кароновирус каби кириб келган коррупцияга қарши курашиш масалаларини кўздан қочирмади.
2020 йил 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида «Одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш» борасидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Албатта Президентимизнинг барча нутқлари беэътибор қолмайди, лекин бу йиғилишда иштирок этиб, Президентимизнинг гапларидан руҳланмасдан илож йўқ.
Албатта иш фаолиятимиздаги хато-камчиликларга танқидий назар билан қараб, уларни таҳлил этиб келмоқдамиз. Биз бор куч-ғайратимиздан фойдаланиб низоли масалаларни ўз вақтида ҳал этиш, инсонларнинг тўғри ҳуқуқий тушунтириш олиш бўйича қилаётган ишларимиз йилдан-йилга такомиллашиб бориши билан бир қаторда, суд тизимини бугунги кун талабига кўра мустақиллигини таъминлаш ўз қўлимиздалигини тан олишимиз лозим.
Ўтган даврда биз судьялар халқ билан мулоқотларни оширдик, доимий равишда жойларга бориб фуқароларни сайёр қабул қилиб, муаммоларни жойида ҳал этиш чораларини кўрмоқдамиз. Қолаверса халқ вакиллари бўлган Маҳаллий халқ депутатлари кенгашларига ахборотлар бериб, оммавий ахборот воситалари иштирокидаги брифингларда суд фаолиятига доир маълумотларни бериб келмоқдамиз. Шу билан бирга ишларни сайёр судларда кўришни кўпайтирмоқдамиз. Карантин вақтида ҳам фуқароларни судга чақирмасдан низоларни маҳаллаларда, одамларни уйларига бориб карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда сайёр тартибда кўришни йўлга қўйдик. Бундай ўзгаришлар фуқароларимизда одил судга бўлган ишончни ошмоқда.
Бироқ Президентимиз маърузаси кўрсатиб ўтган хато ва камчиликлар суд тизимида ҳақиқатдан ҳам мавжуд. Халқимиз суд тизимидан рози дейишга ҳали эрта.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек «Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониши лозим».
Давлатимиз раҳбари томонидан илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида қайта кўриб чиқиш топшириғи берилди. Албатта бугунги кун талаби “назорат тартибида ишларни кўриш” амалиётидан тўлиқ воз кечиш лозимлигини тақозо этмоқда. Чунки назорат инстанциясида ишларни кўрилишининг ўзи бир неча босқичлардан иборат бўлиб, туман (туманлараро, шаҳар) судларида ишларни биринчи босқичда ва вилоят судларида эса апелляция тартибида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кассация тартибида кўрилиши ишларни тез ва судга мурожаат этувчилар учун тушунарли тарзда ҳал этилишига олиб келади.
Шу билан бирга Давлат раҳбари томонидан суд фаолиятида рақамли технологияларни кенг жорий этиш масаласига эътибор қаратилгани биз учун қувонарли албатта. Бугунги кунда видеоконференция алоқа тизими билан жиҳозланган суд мажлиси заллари қисман мавжуд. Бу биринчи навбатда фуқароларимизга жуда ҳам катта қулайликлар яратиб, суд мажлисларини масофадан туриб ўтказиш имконини беради, яъни иш бўйича тарафлар турли вилоятлардан туриб суд мажлисида тўғридан-тўғри қатнашишлари мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда судларни жорий йилда видеоконференция алоқа тизими билан 100 фоиз қамраб олиш белгиланди. Барча фуқаролар учун судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш имкониятининг яратилиши эса судларнинг очиқ ва шаффофлигини таъминлайди.
Президентимиз томонидан берилган кўрсатмалар ва судлар учун яратилаётган шароитлардан келиб чиққан ҳолда биз судьялар ўзимизга бўлган талабчанликни янада ошириб, ўз устимизда ишлаб, ҳар бир қилган ишимизга танқидий баҳо билан ёндашиб, бундан ҳам яхши ишлаймиз.
Бунда биринчи навбатда судда кўрилган ишларни умумлаштириб, фуқаролар ўртасида кўпаяётган низоларнинг сабабларини бартараф этиш ва уларни судгача ҳал этиш чораларини кўрамиз. Илгари низоларни судда қонуний ҳал этишга эътиборимизни қаратган бўлсак, энди эса уларни барвақт олдини олишга эътибор берамиз.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси билан ҳамкорликда оилаларни яраштириш борасидаги ишларимизни янада жонлантирамиз. Республика миқёсида имзоланган ўзаро ҳамкорлик келишувларни янгилаб, лозим топилган бандларини янада мукаммаллаштириб, режали ва тизимли фаолият юритамиз.
Биз аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, низоларни олдини олиш,  ишларни ўз вақтида қонуний ҳал этиш, суд қарорларининг барқарорлигини таъминлаш, фуқароларнинг розилигига эришиб, уларнинг адолатли судга бўлган ишончини ошириш чораларини кўрамиз.

Фуқаролик ишлари бўйича
Жиззах вилоят суди судьяси С.Набиев