АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТ ЙЎЛИДА


Адолатга қонунларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш орқали эришилиши нуқтаи назаридан ёндашсак, суд ва одил судловнинг бу борадаги ўрни ҳамда аҳамияти яққол аён бўлади. Давлатимиз раҳбари томонидан “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” ёки “Давлат ҳам, ислоҳотлар ҳам инсон манфаатига хизмат қилиш керак” деган тамойиллар илгари сурилгани бежиз эмас
Шунинг учун одамзод ҳар ишда адолатга таянади, ҳаётни шу мезон билан ўлчашга интилади. Адолат биз учун нафақат табиий, балки маънавий ва ижтимоий эҳтиёж ҳамдир. Ҳар қандай жамият ва давлатда адолатга, демакки, судларга, одил судловга бўлган ишонч муҳим ўрин тутади
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, инсоннинг жамиятда азизлиги унинг ҳуқуқлари қай даражада рўёбга чиқаётгани, бу борадаги қонунлар ижроси, ҳуқуқни тўғри, адолатли қўллаш мисолида намоён бўлади. Бу эса, ўз номи билан айтганда, одил судловни таъминлаш демакдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этилганидек, аввало, суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш – яқин келгусидаги энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши зарур.
Давлатимиз раҳбари шу йил 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида суд тизими ҳақида фикр билдирар экан, “Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби!”, деб қатъий таъкидлади.
Судьялар маънавиятнинг моҳиятини, айниқса, чуқур англашлари керак. Ҳалоллик ва поклик уларнинг ҳаётида, фаолиятида устувор аҳамият касб этиши даркор. Ҳалоллик ва поклик устувор бўлса, қут-барака ёғилади, кутилган натижалар ҳам шунга яраша бўлади. Мурожаатномада таъкидланганидек, коррупцияга қарши кураш, адолатни бош мезон қилиб олиш, айтишга осон. Ўтмиш сабоқларидан маълумки, қайси ташкилотга коррупция билан курашиш ваколати юклатилса, бу иллатнинг барча ришталари ўша ташкилотга бориб уланаверарди.
Бундай ташкилот, коррупцияга қарши кураш эмас, балки, таъбир жоиз бўлса, уни бошқариш ва тартибга солиш билан машғул бўлиб кетарди. Ҳеч қандай жазо, ҳеч қандай хавф бунинг олдини ололмаган.
Суд фаолиятида рақамли технологиялар жорий этилгани ҳам ишлар самарадорлигини оширганини айтиб ўтиш жоиз. Жорий йил якунига қадар Олий судда ягона “Адолат” ахборот тизимлари комплексини ишга тушириш вазифаси юклатиган.
Бунда барча учун судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш имконияти яратилмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича Фориш туман суди раиси Луиза ХАЛИТОВА