"Ҳомо Деус". Келажакнинг қисқача тарихи
Тарих фанлари профессори Ювал Ной Ҳаррари ўзининг учта бестселлери билан машҳур:
“Ҳомо Сапиенс” – инсоният пайдо бўлгандан бери ҳозирги кунгача бўлган давр ҳикоя қилинади.
“21 аср учун 21 дарс” – инсониятнинг бугунги куни ҳақида сўз юритилади.
“Ҳомо Деус” – инсоният келажаги бўйича муаллиф ўзнинг субъектив фаразларини баён қилади.
“Ҳомо Деус” асарида Ҳаррари инсониятнинг бугунги ютуқларини баҳолайди, цивилизация шу шиддат билан ривожланиб борса, жамиятнинг эртанги куни қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида сўз юритади.
Онгли инсоннинг илоҳий инсонга трансформация жараёни қандай кечади? Инсон Худоликка даъво қила бошласа, нималар бўлади? “Кераксиз одамлар” қатлами қандай пайдо бўлади? Шулар ҳақида ўз тахминларини баён қилади.
Ген инженерияси, тиббиёт, биотехнологиялар, кибернетиканинг ривожланиши иқтисодиёт ва сиёсатни мутлақо бошқа йўналишдан боришга мажбур қилади. Унинг тахминича, роботларнинг жамият ҳаётига чуқур кириб бориши оқибатида “кераксиз одамлар” қатлами пайдо бўлади. Демократия ва эркин бозор ўтмишга айланади. Барча инсонлар ягона глобал алгоритмнинг қисмларига айланашади.
Цивилизация шундай нуқтага етадики, Илоҳий одам пайдо бўлади. Ҳозирги одам ҳайвонларга қандай муомалада бўлса, Илоҳий одам ҳам бошқа – “паст навли” одамларга, шундай муомалада бўлади.
Бу фикрларни далиллаш учун муаллиф инсон феноменини чуқур тадқиқ қилади. Унда руҳ борми? Ҳиссиётлар қандай пайдо бўлади? Интеллект ва тафакуур даражаси нимага боғлиқ? Инсон нега бугун ҳамма нарсасини қўш-қўллаб интернетга топшириб қўйяпти? Интернет бутун инсоният унга билдираётган даражада ишончлими аслида? Қайси таълимот келажак дини бўла олишга кўпроқ даъво қилади? Бугун ҳамма талпинаётган либерал демократиянинг келажаги борми?
Ҳомо Деус – тарих, фалсафа, сиёсат, эволюция назарияси, психология, нейробиология – барчаси туташган нуқта.
Китобнинг илмий нуқталари жуда кўп бўлса ҳам, кенг аудитория учун тушунарли тилда ёзилган. Қуйида китобда муаллиф фикр билдирган баъзи концепцияларнинг асосий моҳияти ҳақида сўз боради.
Барҳаётлик ҳақида
Минг йиллар давомида очлик, урушлар, эпидемиялар инсониятга хавф солиб келган. Бугун инсон бу офатларни назорат остига ола билди. Очлик, касаллик ва зўравонликни жиловлвган инсон кексаликка ва ҳатто ўлимнинг ўзига ҳам чап беришга ҳаракат қила бошлади. Тирик қолиш учун курашишга зарурат йўқ, чунки тирикликка соя соладиган хавфларнинг ўзи йўқ. Энди инсон доимо барҳаёт ва гўзал бўлиб қолишга интилади.
Бугун очлик ва инфекциядан кўра кўп овқат еб бўкиб қолиш ва қариликдан кўпроқ одам вафот этади. Урушда жон бераётганлардан кўра ўз жонига қасд қилаётганлар сони кўпроқ. 2010 йилда террористлар 7,5 мингдан кўпроқ инсоннинг ҳаётига зомин бўлган бўлса, худди шу йили 3 млн нафар киши семизлик ва у билан боғлиқ хасталиклар оқибатида вафот этди. Америкалик ёки европалик учун кока-кола “Ал-Қоида”дан кўра кўпроқ хавф туғдиради.
“Инсон ҳуқуқлари тўғрисида”ги умумжаҳон декларация инсоннинг фундаментал ҳуқуқларини эътироф этади – шу жумладан, тирик бўлиш, яшаш ҳуқуқини ҳам. Ўлим эса бу ҳуқуққа дахл қилади. Демак, ўлим инсониятга қарши жиноят қиляпти, унга қарши уруш эълон қилиш керак.
Тарих давомида инсон ҳаёти қадрланмаган. Ислом, насронийлик, яҳудийлик – динларнинг барчаси инсоннинг бу дунёда мавжудлик ўлимдан кейинги ҳаёт учунгина керак, ўлим табиий жараён ва бахтли якун, деб уқтириб келган.
Замонавий инсоннинг назарида ўлим сирлилигини йўқотиб боряпти. Энди унга оддий техник носозлик жараёни сифатида қаралади. Бошқа техник носозликлар қандай бартараф этилса, ўлим билан ҳам шундай муносабатда бўлиш керак.
Албатта, яқин йилларда барҳаёт – ҳеч қачон ўлмайдиган инсон ҳақидаги гаплар фантастика бўлиб кўринади. Аммо ген инженерияси, регенератив тиббиёт ва нанотехнологиялар соҳасидаги муваффақиятлар ҳаёт давомийлигини сезиларли даражада узайтириши мумкин. Агар инсон ўртача ҳисобда ҳозиргидек 60 йил эмас, 150 йил яшай бошласа, меҳнат бозорида, оила институтида қандай ўзгаришлар кузатилади?..
Бахт ҳақида
Узоқ, лекин бахтсиз ҳаёт кимга керак? 19-20 асрларда шахсларнинг бахтли ҳаёт кечириши ҳеч кимни қизиқтирмаган. Соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимояни яхшилашдан мақсад – кучли миллатни шакллантириш, бақувват аскарлар ва ишчиларга эга бўлиш, яна-да кўпроқ бақувват ишчи ва аскарларни дунёга келтирувчи аёлларга эга бўлиш эди.
Бугунги кунда бахт тушунчаси ҳаётдаги асосий қадриятлардан бирига айланди. Ҳатто сиёсатчилар «ялпи ички маҳсулот» тушунчасини «ялпи ички бахт» тушунчасига ўзгартиришни таклиф қилишмоқда. Аммо бахт – мавҳум ва эгалик қилиш қийин бўлган тушунча. Машаққатларга чек қўйилган сўнг нуқта бахтнинг бошланғич нуқтаси ҳисобланмайди. Ўрта аср деҳқони учун бир бурда нон бахт манбаи ҳисобланган. Аммо чўнтаги қаппайган, қорин қўйган банкирга нима бахт беради?
Эпикур пул, шуҳрат ва лаззат бахт келтирмаслигини таъкидлаган. Оддий қиёс: қашшоқлик ва сиёсий ностабиллик ҳукм сураётган Перу, Гватемала, Албания сингари давлатларда ҳар 100 минг нафардан бир киши ўз жонига қасд қилади.
Франция, Швейцария, Япония, Янги Зеландия каби бой ва фаровон давлатларда эса ҳар 100 минг нафар кишидан 25таси суицидга қўл уради. Тескари парадокс.
Бахт икки таркибий қисмдан иборат: психологик ва биокимёвий. Бизнинг истакларимиз реалликка мос келса, психологик бахтни ҳис қиламиз. Муаммо шундаки, объектив сабаблар билан бизнинг истакларимиз тобора кўпайиб бораверади. Биологларнинг айтишича, истакларимиз ҳам, бахтни қабул қилишимиз ҳам иқтисодий ёки ижтимоий ҳолатимизга эмас, миямизнинг биокимёвий ҳолатига боғлиқ. Бироқ минг йиллар давомида инсоннинг биокимёвий тизими тирик қолиш имкониятларини ошириши учун мослашган, бахтни ҳис қилиш учун эмас.
Бу биокимявий тизимни сунъий манипуляция йўли билангина бахтни ҳис қилишга «мажбурлаш» мумкин. Жиноий уюшмалар, фармацевтик фирмалар, илмий лабораториялар устида изланаётган психотроп моддалар шу мақсадга мўлжалланган. Ва бу фақатгина бошланиши. Олимлар миянинг муайян қисмларига электродлар оқрали таъир кўрсатиб, биокимёвий жараёнларни ўзгартириш, шу орқали бахт ҳолатини юзага келтиришга урина бошлашади.
Қалб ҳақида
Инсонни товуқдан, сичқондан, компьютердан ажратиб турадиган мўъжизавий учқун ҳақиқатан ҳам мавжудми? Бу мўъжизавий учқун қаердан пайдо бўлади? Сунъий интеллект вақти келиб бу учқунга ҳам бас келиши мумкинлигини инкор эта оламизми? Агар бундай учқун мутлақо мавжуд бўлмаса, инсон ҳаётига алоҳида қиймат беришдан нима наф? Инсоннинг асосий фарқли жиҳати унинг интеллектли мавжудот эканлигида деб олсак, компьютерлар уни интеллект ривожи жиҳатидан ортда қолдира бошлагани сир эмас-ку.
Инсонда ўлмас қалбнинг борлиги ҳақидаги тушунча асрлар мобайнида ҳуқуқ, сиёсат, иқтисодиёт тизимига ҳам сингиб келган. Инсонлар жониворларни нега ўлдиришади? Озиқланиш мақсадида ёки шунчаки кўнгилхушлик учун. Чунки ҳайвонда қалб йўқ, инсонда эса бор, дейишади.
Аммо ҳозиргача инсонда чиндан ҳам қалб борлиги илмий жиҳатдан исботланган эмас. Юракнинг ва миянинг ҳар бир миллиметрини олимлар қараб чиқишди – қалбдан асар ҳам йўқ. Шундай экан, итда мавжуд бўлмаган қалбни инсонда бор дейишга асос қани?
Тафаккур ва онг ҳақида
Тафаккур инсоннинг субъектив тажрибаси, сезгилари, ҳиссиётлари ва фикрларининг жамланмасидир. Роботлар ҳиссиётларга эга эмас, шунинг учун ҳам уларда тафаккур йўқ.
Фан инсон тафаккури қандай ишлаши ҳақида ҳали етарли маълумотга эга эмас. Миядаги электр токи субъектив сезгиларни қандай таъсирлантириши, инсонда очлик ёки қўрқув қандай пайдо бўлиши ҳали тўла ўрганилмаган.
Қизиғи шундаки, олимлар инсон миясининг қандай ишлашини ўргангани сари, тафаккур ва сезгиларнинг ишлаш принципи янада мавҳумлашиб бормоқда. Тафаккурда мияга боғлиқ бўлмаган жараёнлар ҳам содир бўлиши мумкинми – ҳеч кимга маълум эмас.
Аниқланишича, танамиздаги жараёнларнинг 99 фоизи, шу жумладан, мушаклар ва гормонлар ҳаракати ҳам сезгилар иштирокисиз амалга ошади. Аммо нега 1 фоиз ҳолатда – нейронлар, мушаклар ва безларга ҳиссиёт ва сезгилар керак бўлиб қолди?!
Минг йилликлар давомида инсонлар ўзлари учун тушунарсиз бўлган табиий ҳолатларни Худонинг иродаси деб изоҳлашди. Аммо бугун худонинг мавжудлигини ҳеч ким жиддий қабул қилмайди. Қалбнинг бор-йўқлигига нисбатан ҳам шундай муносабат шаклланяпти. Балки тафакуур ва сезгиларга нисбатан ҳам шундай муносабатда бўлиш керакдир?
Тафаккурдан фарқли ўлароқ, олимлар онгнинг мавжудлигини тан олишади, у қийматга эга, аммо ҳеч қанадй биологик жараённи амалга оширмайди. Эҳтимол, тафаккур мияда кечаётган жараёнларнинг акс таъсири натижасида пайдо бўлган бефойда биологик маҳсулотдир? Илмий догмалардан бирига ишонадиган бўлсак, сезгиларимиз – миядаги электротокларнинг ўзаро алоқаси маҳсули.
Реал дунёдан мутлақо фарқланмадйиган виртуал дунёларни чекланмаган миқдорда пайдо қилиш мумкин – назарий жиҳатдан бунинг иложи бор. Аммо бу пайтда биз чиндан ҳм реал ҳаётда яшаётганимизни қандай исботлаймиз?
Гуманизм ҳақида
Асрлар давомида турли маданиятга мансуб одамлар қудратли илоҳлар ёки табиат қонунлари яратган буюк лойиҳада шарафли рол ўйнаётганлигига ишониб келишган. Ва бу инсон ҳаётига мазмун бағишлаган, бахтсизликлардан психологик ҳимоя ҳосил қилган. Одам қайсики бахтсизликка рўбарў бўлмасин, бу илоҳий режанинг бир қисми эканлигига, бу дунёда бўлмаса, ўлимидан кейин бахтли бўлишига ишонган.
Замонавий дунёда эса ҳаммаси боошқача. Инсон ҳаёти сценарийга ҳам, продюсер ва директорга ҳам эга эмас – мазмунга ҳам эга эмас. Борлиқ ҳеч қандай мақсадга ва қудратга эга эмас, воқеалар ўз-ўзидан кетма-кет содир бўлаверади, ҳеч қандай илоҳий куч бизнинг ғамларимизга мазмун бағишламайди.
Инсонни ўзига хос, муқаддас яратиқ, бутун борлиқ мавжудлигининг бош сабабчиси дея кўрсатувчи ғоя – гуманизм сўнгги бир неча юз йилликда кенг ёйилди. Гуманизмга кўра, инсон ўз ички «мен»и, шахсий тажрибаси орқали бутун борлиққа мазмун бағишлайди. Ўрта асрларда нима яхши, нима ёмонлигини Худо ҳал қилган бўлса, гумназим ривожи билан инсон энг буюк авторитетга айланди, инсоний сезгилар асосий маънавий кўрсаткичлар сифатида кўрсатила бошланди. Қотилликнинг ёмонлигига сабаб – Худо ўлдирмасликка буюргани эмас, балки бу жирканчлик қурбонга ва унинг яқинларига азоб берганидир.
Гуманизм инсон ҳаётини жисмоний, ҳиссий, интеллектуал тажрибанинг жамланиши орқали жоҳилиятдан маърифатга ўтишдан иборт деб билади.
Келажак ҳаётда инсоннинг ўрни ҳақида
Келажакда инсон ишчи ва ҳарбий куч сифатидаги аҳамиятинт йўқотади. Бу билан боғлиқ равишда, сиёсат ва иқтисодиётдаги ўрнини ҳам бой беради. Урушлар ақлли алгоритмлар бошқарадиагн дронлар ва роботлар орқали олиб борилади, биргина киберҳужум душманга эски намунадаги катта армиядан кўра кўпроқ зарар етказа олиш қудратига эга бўлади.
Инсонлар ўзининг иқтисодий аҳамиятини йўқотади, чунки интеллект онгдан ажралиб чиқа бошлайди. Яқин пайтгача фақатгина онгли мавжудотлар юқори интеллектуал вазифаларни уддалай олади, деб саналарди. Аммо кибернетика ва компьютер технологиялари ривожи бунинг аксини исботлади – мураккаб вазифаларни бажариш юқори интеллектни талаб қилиши табиий. Аммо бу ерда онгнинг иштироки мутлақо аҳамиятсиз.
Муаллиф китобда бир қатор касблар – ҳайдовчи, ҳуқуқшунос, фармацевт, сотувчи, шифокор, молиячи ва бошқаларга эҳтиёж қолмаслиги ҳақидаги фикрни илгари суради ва буни бир неча мисоллар билан исботлайди.
Мисол учун, шифокорнинг асосий вазифаси – беморга тўғри ташхис қўйиш ва даво муолажасини белгилаш. «Тирик» шифокор чекланган миқдордаги маълумотни қайта ишлашга қодир, у чарчайди, беморлар билан мулоқот қилишга вақти оз. Сунъий интеллект эса чарчамайди, 24 соат тинимсиз ишлай олади, қисқа муддатда катта ҳажмдаги маълумотни қайта ишлай олади. Беморнинг касаллик тарихи, генотипи, қариндошларидаги наслий хасталиклар, бу хасталиклар ҳақида тиббиётга маълум барча маълумотлар, даво чоралари – ҳаммасини таҳлил қилиш учун бир неча дақиқа керак бўлади холос.
Натижада, сунъий интеллект аниқ ташхис қўяди ва энг оптимал даво муолажасини белгилайди. Бундан ташқари, сунъий интеллект беморнинг биометрик мвълумотлари – қон босими, мия фаоллиги, пульсига қараб кайфиятини аниқлайди ва унинг эмоционал ҳолатига мос келувчи оҳангда керакли сўзланрни топиб суҳбат қура олади….