Йўқотилган кун
Умуман, унинг бутун ҳаёти - куз, чунки йил бўйи варақлари узилиб тушади, аммо варақлар ҳозиргидек жуда оз қолдими, демак, ҳақиқий куз келибди.
Тақвим кўлмак кечиб юрар, уларга қараб, осмонда булут кўп-камлигини биларди. Бошини кўтариб юқорига қарашга энди кучи етмасди.
Бир пайт унга ширакайф тўда йўлиқди.
Ўттиз Биринчи Ноябрь, Ҳафтанинг Саккизинчи Куни ва Ҳафтанинг Йигирма Бешинчи Соати замон ва макондан ташқарида ўтиришар ва кузги ишлардан лоф уришарди.
- Ҳой, отахон, кўринишинг яхши эмас-ку! – деб қичқиришди улар Тақвимга. - Қара, бу куз сени ҳолдан тойдиради.
- Қани, ўтирсанг-чи, тик турганинг нимаси?
- Боришим керак, - деди Тақвим, - вақт йўқ.
- Ҳали сенда вақт йўқми? – кулиб юборди Ҳафтанинг Саккизинчи Куни. – Унда биз нима қилайлик? Бизнинг пешонамизга вақт умуман битмаган.
- Ҳа, - тўнғиллади Йигирма Бешинчи Соат, - кечаси билан ухламайсан, вақт билан баравар қадам ташлашга ҳаракат қиласан, сира бўлмайди. Йигирма тўрт соат кутасан, энди суқилиб кираман деганингда, қарабсанки, тунги соат бир бўлган бўлади.
- Ёки биринчи декабрь, - гап кўшди Ўттиз Биринчи Ноябрь. – Дарров, ўттизинчидан кейиноқ.
- Мен бўлсам, бу якшанбалару душанбалар орасида қанчалик қийналиб кетдим! Бир-бирининг қўлидан маҳкам ушлаб олган, худди уларни биров боғлаб қўйгандек. – Ҳафтанинг Саккизинчи Куни Тақвимга таъна билан қараб қўйди. – Буларнинг барига, отахон, сен сабабчисан. Сенда тартиб йўқ.
- Қанақасига тартиб йўқ экан? – хафа бўлди Тақвим. – Мен тартибни ўзим назорат қиламан, менда ҳар бир кун ҳисобда.
- Бу кунлардан нима наф! – хитоб қилди Ўттиз Биринчи Ноябрь. – ҳар биттаси сенинг умрингдан бир кунни олиб кетади-ю.
- Менга қара, отахон, уларга тупуриб қўя қолсанг-чи, а? Яхшиси, мана, бизни ола қол – биз бир дақиқангга ҳам тегмасдик.
- Сизларними? – ишонқирамай уларга қараб қолди Тақвим.
- Албатта, бизни-да! – деди Ҳафтанинг Саккизинчи Куни. – Бизда вақт ҳеч қаерга кетмасди, бир жойда турарди. На пайшанбалар, на жумалар, на шанбалар бор – ҳеч нарсани ўйламай, яшайверасан.
- Ҳамма вақт тун бўларди, - уни қўллаб-қувватлади Йигирма Бешинчи Соат. – Маза қилиб ухлайсан, хуррак отасан!
- Яхши бўлармиди, - жилмайди Тақвим. – Ҳамма варақлар бутун қоладими?
- Ҳамма-ҳаммаси! Вақт бир ерда турса, улар қаёққа борарди?
Тақвим варақларини яхшилаб йиғиб олди-да, ўтирди.
- Шундай бўлганида, мен кутубхонага кирган бўлардим, - орзумандларча деди у. – У ерда китобларга яхши муомалада бўлишади. Олишади, ўқиб чиқиб, на жойига қўйишади... Ана, яшаш!
- Китоб ўттиз биринчи ноябрда берилди...
- Ҳафтанинг саккизинчи кунида...
- Соат роппа-роса йигирма бешда...
- Китоб ўттиз биринчи ноябрда қайтарилади...
- Ҳафтанинг саккизинчи кунида...
- Соат роппа-роса йигирма бешда...
- Тўхтанглар, тўхтанглар, - безовта бўла бошлади Тақвим. – Бу қанақаси? Битта китоб бутун йил бўйи ўқиладими?
- Нима бўпти – кўпми бу? Вақт бир ерда турса, уни тежашнинг нима кераги бор?
Бу гапни Ўттиз Биринчи Ноябрь айтди. Ҳафтанинг Саккизинчи Куни эса қўшиб қўйди:
- Ҳеч ким ўқиб ҳам ўтирмайди. Вақт турибди, демак, ҳамма нарса тураверади, нима, тушунмаяпсанми?
- Ҳамма нарса тураверади? Ҳаёт ҳам, қолганлари ҳамми?
- Тураверади, отахон, тураверади! Сен эса тўппа-тўғри нафақага йўл оласан. Ишлаб бўлдинг, етади!
- Уни нима қиласан? Тупур, ўйлама ҳам!
Тақвим ўрнидан турди, варақларини тузатиб қўйди.
- Хўш, гап бундай, сиз билан бекорга вақт йўқотмай қўя қолай. Гаплашдик, бўлди!
- Куз-чи, отахон? У раҳм қилмайди! – эслатди Йигирма Бешинчи Соат.
- Эҳ, қара, кунларинг бошингга етади!
- Менинг кунларимни айбламай қўя қолинглар, - жаҳли чиқди Тақвимнинг. – Уларни айблаш сизга эмас! Улар бари керакли. Сизлар-чи? Қани, четга ўтасанми? Демак, сиз аслида мавжуд ҳам эмассиз.
Тақвим ўзидан бир варақни йиртиб олди.
- Мана, сизлар билан бир кунимни йўқотдим. Олинглар, йўқотилган вақтдан хотира учун.
У кўлмакларни босиб, жўнади. Аммо энди уларга қарамасди. Тақвим юксакликка, олисларга тикиларди – ўзининг умри тугайдиган ва эндигина нашрдан чиққан янги тақвимлар ҳаёти бошланадиган ерга.