Ўзбекона меҳмоннавозлик тараннуми
Ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирийнинг бизга қолдирган мероси - ҳар икки романи, кўплаб ҳикоялари, бемисл ҳажвиёти миллий адабиётимизнинг энг қадри баланд хазинасига айланган ва улар ўзбек тилининг бой латофатини кўз-кўз эта оладиган қимматли манба сифатида қадрли.
“Ўткан кунлар” романи ҳақида сўз кетганида, энг аввало унинг адабиётимизда шу жанрда яратилган илк тажриба асар эканлиги, адибнинг ўзи ёзганидек, “яқин ўткан кунлар”дан ҳикоя қилувчи баркамол ижодий намуналиги айтилади. Дарҳақиқат, роман XIX аср ўзбек аслзодалари ҳаётини кўз олдимизда ёрқин гавдалантириб беради, ўша давр одамларининг руҳий- маънавий қиёфасини турфа рангларда, Қодирийга хос реализм асосида чизиб кўрсатади. Оилавий турмуш, ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабат асарда эътибор билан, миридан-сирига қадар диққат-разм солиниб тасвирланганки, адиб ўзбек ҳаётини, маданий турмуш савияси ва маънавиятининг илдизларини қанчалик теран билиши ва севиши, ўша давр ҳаётини нақадар чуқур ўрганганини ҳис қиласиз. Ота-ўғил ва ота-қиз, она-ўғил ва она-қиз муносабатлари, қайнона-келину қайнота-келин ва қайнона-куёв, қайнота-куёв ўртасидаги муомала одоблари, эр-хотинлик бурчи талаблари асар воқеалари занжирига ғоятда усталик билан сингдирилган. Халқимизга хос бўлган энг гўзал фазилат – меҳмондўстликни Абдулла Қодирий ўз романида айрича муҳаббат билан қаламга олади. Ва асар воқеалари ривожидаги айрим ўринларда меҳмондорчилик шунчаки кундалик турмуш тарзининг ажралмас қисмигина эмас, балки у роман сюжетида маълум бадиий вазифани ҳам бажаради. Китобхонга яхши маълумки, роман воқеалари Марғилондаги карвонсаройда тўхтаган Отабек қошига отасининг яқин дўстларидан бўлган Зиё шоҳичининг ўғли Раҳмат тоғаси Ҳомид билан меҳмонга таклиф қилиш учун келишганидан бошланади. Иккинчи бобда Зиё шоҳичи уйидаги зиёфат тасвири берилади. Меҳмондорчилик чоғида Отабек ўзининг бўлажак қайнотаси Мирзакарим қутидор билан танишади ва зиёфат сўнгида ундан меҳмонга чақириқ таклифини олади, яъни асар воқеалари аста-секин ривожлана бошлайди. Қутидор уйидаги меҳмондорчиликда сюжет яна илгари силжийди – Отабекнинг таърифи Тўйбека тарафидан Кумушбибига етказилади. Навбатдаги меҳмондорчилик совчилик кўринишида бўлиб, Отабек ва Кумуш тақдирини боғлаган тугун вазифасини ўтайди. Халқимизнинг меҳмон кутишида ҳам ўзига хос удумлар, одатлар бор. Бу одатлардан бири шуки, меҳмон ёнига мезбон ўзининг кўнгил етар биродарларини ҳам таклиф қилади. Улар эса дўстининг меҳмонини ўз уйларига чақирадилар ва дийдорлашув, яқиндан танишув шу тариқа давом этади. Қодирий бу одатни ҳам роман воқеалари қатига маҳорат билан ўрайди: қутидорнинг азиз меҳмони бўлган Отабек унда яхши таассурот қолдиради ва бу унинг тақдирида сезиларли роль ўйнайди, яъни Зиё шоҳичи ва Ҳасанали тарафидан қилинган совчилик хайрли тугайди.
Маълумки, уста Алим ҳикояси асарда воқеа ичида воқеа тарзида берилган бўлиб, у Отабек ва Кумуш муҳаббатининг якунига бир ишора ҳамдир. Отабек уста Алимнинг кутилмаган, чақирилмаган меҳмонига айланган оқшомда унинг дардли қиссасини тинглайди ва шу меҳмондорчилик тасвирини ўқиш асносида икки севги достони ўртасидаги ўхшашлик китобхоннинг қалбида ҳам Отабекники сингари ғамгин таассурот уйғотади.
Ўзбекона меҳмоннавозликнинг “Ўткан кунлар”даги энг таъсирли, энг чиройли кўриниши, шубҳасиз, ҳожи оиласи томонидан марғилонлик қудаларни кутиб олиш саҳнасида ўзининг яққол тасвирини топади. Иззатли меҳмонларни ўз даражаларига хос равишда дабдаба билан қарши олиш учун Юсуфбек ҳожи ва Ўзбек ойимлар томонидан кўрилган тараддуд ҳамда зиёфат тасвирига Қодирий икки бобни ажратади. Романда ўқиймиз:
“...Юсуфбек ҳожининг ўзи иш бошида туриб, Ойбодоққа ташқари ҳавлини тозалатар эди. Ичкарида бўлса, Ўзбек ойим қўшни хотинлардан бир нечасини ҳашарга айтиб, ҳаммани жой-жойиға қўйдирған, ҳавли юзини ҳам ёғ тушса ялағундек ҳолга келтурган эди. Аммо ўз уйини бўшатдириб, гилам солиб қўйғаниға энди уч кунлаб бор, қудаларнинг зиёфати учун керак бўлған ҳамма нарсаларни ҳозирлатқан, улар келиб тушди дегунча, бўғизлатиш учун деб бир ғўнон қўйни оғилнинг устунига қантаттириб қўйған эди...”
Тошкентнинг аслзода хоними Ўзбек ойим “анди” келинию ягона ўғлини ўзлариники қилиб олган қудаларига нисбатан кўнглида уйғонган барча араз-кекини бир ёққа суриб, меҳмон кутиш ташвишига боши билан шўнғиб кетади. Меҳмонларнинг иззатини жойига қўйиш, уларнинг кўнглини овлаш, ўз хонадонидан ризолик билан кетишлари учун жон куйдириб ҳаракат қилиш – булар ҳаммаси халқона меҳмоннавозлик талаблари эдики, ҳожи оиласи баҳамжиҳат бу талабларни ортиғи билан адо этишга киришадилар. Ўзбек ойим Кумушга атаб тайёрлаган сарпосидан кўнгли тўлмай, яна бир сидра кийим-кечак қўшади:
“...битта хитой жужим мурсакни кам кўриб, ёниға ўзининг қиймат баҳо заррин мурсагини ва иккита рўймолга ҳам қониқмай, ўзининг келинлигидан ўролмай қолған қалмоқи саллачасини қўшқан эди...”
Меҳмонлар келганидан хабар келтирган болага суюнчи бериш, қудалар оёғи тагига қўй сўйдириш, Ўзбек ойимнинг меҳмони раъйига қараб таом буюриши каби ўринларни ўқиганда бу каби удумлар меҳмонсевар халқимизнинг бир нақлини ёдга туширади: “Меҳмон – атойи худо”. Ташқари ҳовлидан кириб, қудачаси ва келини билан ҳожининг сўрашуви саҳнаси эса яна бир гўзал халқона одобнинг тажассумидир:
“...Кумуш уялиб зўрғагина салом берди ва Юсуфбек ҳожининг яқиниға келиб бўйин эгди. Ҳожи қўли билан Кумушнинг елкасига қоқиб суйди ва Кумушнинг манглайиға тегизиб олған ўз қўлини ўпди...”
Шаҳарнинг таниқли кишиларидан бўлмиш ҳожи оиласининг меҳмонлари Тошкентнинг казо-казолари, ҳатто ўрда кишилари томонидан зиёфатга чақирилади. Хонимлар меҳмондорчилиги эса ўзига хос дабдабаю асъаса билан ўтади: обрўли хонадонларда бўлган Офтоб ойим қўша-қўша сарполар билан сийланади. Бугина эмас, Ўзбек ойимнинг меҳмонхонасидан марғилонлик азиз меҳмонлар зиёратига келгувчи аёлларнинг қадами узилмайди. Ўн беш-йигирма кунлаб Тошкентда меҳмон бўлган қутидор ва Офтоб ойим қайтишга изн сўрайдилар. Ўзбек ойим меҳмонлари ва уйда қолган Кумушнинг бувиси учун сарполар тиктириб, уларни кузатади. Аммо меҳмоннинг ҳурматини ўрнига қўядиган Ўзбек ойим ўз иззатини ҳам яхши билади. Нормуҳаммад қушбегининг рафиқаси Сора бекойим томонидан Офтоб ойим учун чақирилган меҳмондорчиликка Кумушнинг бориши учун рухсат бермайди. “...Сен Тошканддаги Юсуфбек ҳожининг келини бўласан, болам! Чорламаған жойга бориш учун сенинг кафшинг кўчада қолған эмас!” дейди у...
Хуллас, “Ўткан кунлар” – нафақат гўзал севги қиссаси, балки ўзбекона удум ва одатлар тараннуми сифатида ҳам юксак бадиий қимматга эга. Роман мутолааси эса моҳирона тасвир услуби, халқона топилмаларга бой тили билан ўқувчига завқ берибгина қолмай, унинг ўтмиш маданиятимиз, миллий маънавиятимизга доир билимларини ҳам кенгайтиради.