Таржималар
July 16

ДУНЁНИНГ БУГУНГИ ҚИЁФАСИ: ЖЎН, СИЙҚА, ЕНГИЛ-ЕЛПИ

Биз — пуч одамлармиз.

Т. С. Элиот

Примитивлик, яъни жўнликнинг ривожи шундан иборатки, жамиятнинг маънавий ҳаёти бутунлигича (алоҳида шахснинг маънавий ҳаёти эса айримлигича) йилдан йилга сийқалашиб ва дағаллашиб бораверади. Бу жараён патологик хусусиятга эга, жамият ва инсоннинг маънавий ҳаёти тобора қашшоқлаша бориб, охири ибтидоий жўн кўринишга қайтади. Башарият бор кучи билан миллатлар, жинслар ва динлар ўртасидаги фарқни йўқотишга уриниб, бир хилдаги мужмал, сийқа оломонга айланиб боради. Чинакамига буюк, ноёб бўлган барча нарсалар яксон қилинади, масхараланади, рад этилади. Жамиятнинг кумири ўртамиёна одамлар қараши билан танланади, уларнинг кўпчилиги маънан айниган истеъдодсиз актёрлар, жўн ёзувчи, хонанда, модельерларга ихлос қўяди.

ПРИМИТИВЛИК. ЧИҚИТХЎР ОДАМЛАР

2006 йилнинг апрелида Германияда “Чиқитхўр одамлар” деб номланган, одатдаги чиқит-чиқиндилар: банка, бутилка, газета парчалари ва бошқа латта-путталардан ясалган минглаб ҳайкаллардан иборат кўргазма очилди. “Санъат асарлари” учун “хомашё” йирик шаҳарлар кўчаларидан йиғиб келинган эди. Ҳайкаллар дунёнинг кўплаб пойтахтларида, жумладан, Москвада ҳам намойиш қилинишга улгурди.

Чиқитхўр одамлар — бизнинг давр, “оммавий маданият”даврининг асосий аломати.

Россия, Москва, 2007 йил. Замонавий санъат музейи. Бир неча қават. Энг охирги қаватда зўравонлик саҳналари намойиш этилаётган бир нечта монитор ўрнатилган. Масалан, қафасга солинган ва темир бўйинбоғ кийдирилиб, занжирбанд қилинган яланғоч одам тўрт оёқлаб югуради, қафас деворларига ўзини уради, ўкиради, унга одамлар овқат ташлашади, хипчин билан туртадилар. Рисоладаги одам учун бу - жирканч томоша, уят ҳам...

Деворларда қонга бўялган яланғоч эркак ва аёлларнинг суратлари. Мана замонавийлик, мана санъат! Мазкур музейга кириш учун болаларга чегирма ҳам бор.

Замонавий маънавий ижод маҳсули (китоблар, картина, мусиқа ва фильмлар) шу қадар примитив савияда бўладики, ҳар қандай ўртамиёна даражали одам ҳам бундай ижод намунасини ярата олиши мумкин. Ўтмишдаги бастакор, мусаввир, ҳайкалтарошлар қандай тамойилга кўра ижод қилишган? Бу тамойил ягона ва жуда оддий эди: улар ўз ижоди доирасида бошқаларнинг қўлидан келмайдиган нарсаларни яратишган; улар кўпчилик эплолмайдиган даражада чизган, ёзган ва мусиқа басталаган. Айни шу боис ҳам уларни улуғлар деб аташган, шунинг учун ҳам улар буюк бўлишган. Шу ўринда эсга олиш жоизки, “санъат” сўзининг яна бир маъноси бор – бу сўз инсон фаолиятининг ҳар қандай соҳасида маҳоратнинг юксак даражасини ифодалайди, яъни олий даража асл ижод учун хосдир.

Бугун ҳаммаси бошқача, ҳар қандай одам худди машҳур хонандалар каби куйлай олиши мумкин. Ғарб шоу-бизнесида бу борада маълум қиймат, нарх мавжуд: қанча миллион билан яккахон ижрочини “айлантириш” мумкину қанчасини бутун бошли гуруҳ учун сарфласа бўлади? Ижрочининг ўзига ҳеч нарса боғлиқ эмас – ҳаммаси унга сарфланган маблағга бориб тақалади. Аммо ташқи кўриниш катта аҳамиятга эга, фонограмма остида оғиз қимирлатишни бўлса ҳар қандай одам уддалаши тайин. Энди мусиқадан кўра уни сайқаллаштириш, махсус эффектлар, реклама томошалари, эпатаж (уюштирилган намойишкорона вазият) ва жанжаллар кўпроқ аҳамият касб этади. Ўзини ҳурмат қиладиган ҳар бир ижрочи рекламага, танқидчиларнинг буюртма мақолаларига, сохта жанжалларга катта-катта пул сарфлайди, ўзи билан ўнлаб тонна қақир-қуқурларини олиб юради. Буларнинг эса мусиқага алоқаси жуда-жуда кам. Агар замонавий хонандани ювиб-тараб, соч-соқолини қиртишлаб, рисоладагидек кийинтириб қўйилса, унинг саҳнадаги чиқишидан орқа пландаги мушаклар портлаши, ярим яланғоч қизлар рақси ва бошқа эътиборни тортадиган қўшимча таъсир унсурлари олиб ташланса ва унга бирор мусиқий асбоб, масалан, гитарани тутқазиб, фонограммасиз куйлаб бериш илтимос қилинса, унинг чинакам мусиқий имконияти маълум бўлади.

Замонавий Ҳолливуд – бу маркетингнинг кино санъати ва соғлом ақл устидан тўла-тўкис ғалабаси, деса бўлади. Агар Киану Ривз, Арнольд Шварценеггер, Том Крузлар Ҳолливуднинг энг кўп ҳақ оладиган машҳур актёрлари саналса, актёрлик техникаси ҳақида нима дейиш мумкин? Фильмларнинг катта қисмида бор-йўқ драматизм оддийгина формула билан чекланади: “У керакли жиҳозларни ўрнатиши биланоқ ҳаммаси жойига тушади”. Ва бу жараёнда на мотивация, на тортишиш қонунлари, на бу ҳаракатларнинг атрофдаги одамлар учун кейинги таъсири муҳим аҳамиятга эга.

Вақт ўтиши билан бирор актёрлик техникасини намоён этмайдиган, бир кунда бир қисмини суратга олиш мумкин бўлган сериаллар урф бўла бошлагани тасодиф эмас. Бу сериалларга “real life”, яъни “ҳаққоний ҳаёт” тамойили бўйича суратга олинган томошаларнинг пайдо бўлиши, шу билан бирга, ичига видеокамера ўрнатилган одатий уйга қамалиб олган одатий одамлар намойиш этиладиган шоу томошалари асос бўлиб хизмат қилди. Ўша камераларда нима акс этган бўлса, шу нарса сериал воқеаси деб ҳисоблана бошланди. Голланд телемагнати Жон де Моль бутун омманинг кўнглини ҳаммадан яхшироқ овлашга муваффақ бўлди, ўз шоусини у “Катта оға” деб номлади. Ушбу телемаҳсулот Франция, Буюк Британия, Германия, Польша, Россия ва бошқа давлатларни забт этиб, бутун “тамаддун дунёси”да муваффақият қозонди. Танқидчилар томонидан қўйилган “Керакми ёки йўқми?” деган савол бу каби “шедевр” томоша намойиш этишга арзиш-арзимаслиги ҳақида эмас, балки унитазга камера ўрнатиш керакми ёки керак эмаслиги устида боради.

Психологларнинг фикрига кўра, бу сингари шоу намойишидан сўнг унинг иштирокчиларидан кўпчилиги психиатр кўмагига муҳтожлик сезар экан (масалан, Польшада шундай “актёр”лардан бири эфирдаёқ ақлдан озган). Минг афсуски, Ж.Оруэлл бу кунларни кўрмади. У, шубҳасизки, “Катта оға” - унинг афсонавий антиутопиясидаги энг даҳшатли унсур – шу қадар шуҳрат топишини ҳатто тасаввур ҳам қилолмаган бўларди.

Кейинроқ Чилида янги шоу пайдо бўлди – “инсон қалбининг ижодкорлари” ойнадан уй қуришди ва университет талабаси бўлган Д.Тобар деган 21 ёшли қизни шу уйга кўчиришди. Бу уйда ҳожатхона ҳам ойнадан қилинган ва одамлар ҳовли девори ортида тўпланиб олганларича, уй эгалари ҳожатхонага қандай киришларини томоша қилишади, ҳатто ҳар бир шундай ҳолатни қарсак чалиб олқишлашади ҳам! Ойнали уй – давлат томонидан молиялаштирилган лойиҳа бўлиб, черковга қарши ўлароқ қурилган. Унинг мақсади – чилиликларни бу каби кундалик ҳаракатларда ҳеч бир алоҳидалик йўқлигига ишонтириш эмиш!

1978 йилда Францияда нашр қилинган китобда Франция президенти учун тайёрланган, тилнинг умумий сийқалашуви ҳақида сўз юритилган бир маъруза жой олади, бу ҳол қандай юз бериши мумкин, ахир, ҳозирда ҳамма саводли, маълумотли бўлса? Нега тил сийқалаша бошлади?Аслида сийқалашаётган тил эмас – одамнинг ўзи, унинг маънавий олами сийқалашаяпти.

ПРИМИТИВЛИК. КИТОБ – ЭНГ ЯХШИ СОВҒА БЎЛА ОЛАДИМИ?

Ёзувчи ўрнини ТНЛ (тасвирий ноширлик лойиҳаси) эгалламоқда. Довруқ қозонаётган бестселлер асар муаллифи навбатдаги ток-шоуда нонуштага нима тановул қилиши, ўз итини қанчалик яхши кўриши, ижодий услуби ва болалиги ҳақида ҳикоя қилаётган бир пайтда ўнлаб муаллиф ўша янги асарнинг алоҳида қисмларини ёзаётган бўлади. Сўнг бу қисмларнинг ҳаммаси бирлаштирилиб, кам-кўсти тузатилади, нашр қилинади ва сотувда “айлантирилади”. Вақт – пул: ёзувчига илҳом келишини кутиб ўтириш мумкин эмас!

Ёзувчи ТНЛдан нимаси билан фарқ қилади? Ёзувчи адабиётни яратади, баъзан ниҳоятда моҳирлик билан, баъзида ўртамиёна, гоҳида эса мутлақо ёмон ёзади. ТНЛ эса яхши ёки ёмон тижорий китоб маҳсулоти (ТКМ)ни тайёрлайди. Аммо ҳатто энг ёмон бадиий адабиёт энг омадли ТКМдан худди энг тентак одам энг ақлли маймундан фарқ қилганидек, яққол ажралиб туради. Зеро, бадиий ижоднинг (ҳатто энг саёзининг-да) асосида ҳаётни англаш, тасвирланаётган реалликни билишга, буни китобхонга етказиш учун мос ифода йўсинини топишга интилиш ётади. ТНЛнинг мақсади эса фақат сотиб олинадиган маҳсулот тайёрлашга қаратилган.

Лекин бу ерда бошқа жиҳат муҳим – адабий меҳнат мотивацияси. Айнан шу нарса муаллиф ва омма ўртасидаги муносабатни белгилаб беради. Ёзувчини китобхон билан ўзига хос ғоявий-маънавий сабоқ, ўгит боғлаб туради: мен жиддийлик билан, етукларча ҳаётни таҳлил қиламан, аммо сиз менинг асарларим ва сўзларимга шунчаки асар деб эмас, балки ижтимоий-маънавий фикр, башорат деб қарайсиз. Шу вазифани бажариш асносида ёзувчи тез-тез ўз замонаси ва амалдаги ҳукумат билан зиддиятга боради. Бунинг эвазига унинг фикрлари, баҳоси ва башоратларини жамият ишонч билан, ҳаяжон билан қабул қилади, қулоқ солади, бу борада айёрлик ва ўзидан кучлироқ табақа олдида ялтоқланишларни эса кечирмайди. ТНЛда “маҳсулот”ининг кўпроқ нусхада сотилиши, қалам ҳақи юқорироқ бўлиши каби кучли истакдан бўлак ҳеч қандай мақсад, насиҳат, сабоқ йўқ. Тезроқ ишлайдиган илҳом конвейерга жойланган, ахир вақт – пул. 2003 йилнинг 23 апрелида Бутунжаҳон китоб куни муносабати билан тўрт нафар немис ёзувчиси ноодатий рекорд ўрнатишди. Улар 12 соат ичида сюжет ўйлаб топишди, уни ёзишди ва китобни нашрдан чиқаришди.

(Давоми бор).

Сергей Вальцевнинг “Башарият интиҳоси” китобидан олинди.

Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.