Муҳаббатномалар
May 26

Ё ҳалокат, ё саодат...

(муҳаббатнома)

Нимқоронғи хона. Тўрдаги қалин ўринга ётқизиб қўйилган бемор тобора хиралашиб бораётган нигоҳларини тепасига келиб тўхтаган шарпага тикди. “Тавба, ким бўлдийкин бу? Невараларидан бирортасими, деса, сира ўхшата олмаяпти. Кўзиям жуда хиралашиб қолди-да ўзи. Қизиқ, нега унга ҳеч ким эътибор бермаяпти?” Бемор кампиридан сўраш учун оғиз жуфтлади, аммо гапира олмади. Бор мадорини кўзига йиғиб, яна шарпага термулди. Шу асно шарпа шабада эпкинидан тўзғиган тутундай буралиб, бир қўзғалди-да, унинг устига энгашди.

- Мен сени олиб кетиш учун келганман, эй осий банда! – унинг овози бутун хона бўйлаб гумбурлаб кетди, “бунча қаттиқ гапирмаса бўларди, бошқаларни чўчитиб юборади-ку”, деб кўнглидан ўтказди чол. Аммо хонадагилар ўша-ўша ғамга ботган қиёфада беморга кўз тикиб ўтиришарди. Унинг бўлса, хира кўзлари энди бироз равшан тортган, шундоққина юзининг олдида қотиб, ўткир нигоҳларини ўзига тикиб турган шарпани энди бемалол кўра оларди. Ёшгина йигит экан-ку! Бирам чиройли, келишган, ўктам. Чол кўзлари каби тиниқлаша бошлаган ақли билан бир пайтлар эшитганларини хотирлади: ҳа, бу ўлим фариштаси, ҳализамон уни мангулик дунёсига бошлаб кетиши керак. Ажабо, яна қанча соат.., йўғе, неча дақиқа умри қолди экан? Сўрашга оғиз жуфтлади-ю, бирдан гапира олмаслигини эслаб қолди. Фаришта унинг саволини гўё эшитгандай, яна салобатли товуш билан деди:

- Яна бир чой қайнагулик фурсатинг бор, рози-ризолик тилаб бўлдинг, яна нима қолди умидингни уза олмаётган?

Чол уч кундан бери бутун ҳаётини кўз олдидан тасмага тизгандек ўтказган, ўтган умридан қайта-қайта рози бўлганди. Чиндан, яна не қолди уни бу фоний дунёга боғлаб турган? Оҳиста кўзларини юмди. Бутун вужудида ўзига бўйсуниб турган ягона аъзоси шу қовоқлари, аммо ҳозир улар ҳам зилдай оғир эдилар. Тўсатдан шу пайтгача тинч турган кўксининг чап томони аввалига санчди, кейин юраги икки марта тез-тез урди. Ёшлигида юрагининг дук-дук уришини ўзича “Дил-дор!” деётганга йўярди. Ҳа, Дилдор, унинг Дилдори! Чилвирсоч, қўнғироқ товуш, оҳудай чаққону ҳуркак, бир қултум сув билан ютгинг келадиган Дилдор... Ёнма-ён ҳовлиларда бирга катта бўлгани, жонидан яхши кўриб, меҳр қўйгани, аммо севгисини изҳор эта олмай қолгани ўша Дилдор... Уни куйдириб, зору зор йиғлатиб, қўшни қишлоққа келин бўлиб кетган Дилдор...

- Ҳа, гап буёқда, дегин? Уни кўришни истасанг, айт, ишора бер, чақиришсин! – чол Малак-ул мавтнинг гулдурак хитобидан яна воқеликка қайтди. О, қанийди чақиртира олса! Ўшандан бери бирор марта ҳам уни кўргани йўқ. Эри билан тўйидан сал кейин олисроқ тоғ қишлоғига кўчиб кетишган улар. Йўқ, бу ҳолда унинг кўзига кўринмагани маъқул. Фақат...

- Хўш, нима “фақат?” – гулдуради таниш овоз. – Айт, эй бандаи мўмин! Нимани хоҳлайсан?

Чол ўйлашда давом этди (модомики, тепасидаги мавжудот унинг хаёлини уқиб турган экан, майли, охиригача била қолсин), қанийди, Дилдор ҳам уни севармиди ё йўқми, шуни била олса! Тамоман беармон кўз юмарди-я! Йигитсурат Малак қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.

- Майли, - деди кейин, - сенга имкон бераман! Дилдорингга муҳаббатингни айт, унинг жавобини эшитақол! Фақат фурсатни қўлдан бериб қўймасанг, улгурсанг, бас!

Чолнинг кўз ўнгида кўзгуга ўхшаш шаффоф нимадир пайдо бўла бошлади. Онги-шуури янаям тиниқлашиб, бор диққатини нигоҳларига йиғиб, ўша ойнасимон борлиққа тикилди. Лип-лип этиб ўтаётган таниш манзараларга маҳлиё бўлиб қолди.

...Ана, икки ҳовлининг ўртасидан оқиб ўтадиган ариқда болалар кулча нонни сувга оқизиб, изидан югуриб юришибди. Пилтасоч қизалоқ – Дилдор ва бошига тўзиганроқ дўппи кийган болакай – ўзи. Кулча қўшни ҳовлига кирадиган сувтешикдан ўтиб кетди. Улар кўчага чопиб чиқиб, очиқ дарвозадан ўша ҳовлига киришди. Ариқ лабида қўлида кулчанонни тутиб турган бегона бир болани кўриб, тўхтаб қолишди. Бу – Жўравойларникига келган қариндошларининг ўғли. У сувга обдон бўккан нонни қизалоққа узатади. Абдуазим боланинг посон кийимларига анграйиб туриб қолган Дилдорнинг қўлидан тортиб, кўчага судрайди...

...Мана, энди улар улғайишган. Дилдорни бир бора кўриш амримаҳол бўлиб қолди. Кўчага камдан-кам чиқади, Абдуазимларникига-ку, икки-уч йилдан бери умуман кирмайди, чунки бу ҳовлида у тенги қиз бола йўқ. Абдуазим боғ деворидан мўралаб, уни пойлагани пойлаган, бир баҳона билан чақиргиси, гаплашгиси келаверади. Пайтини пойлаб, бошидаги дўпписини ҳовлига ирғитади, тут тагидаги гиламда ўтириб, кашта тикаётган қиз “тўп” этган товушдан чўчиб, бошини кўтаради ва дўппини кўриб, ширингина жилмаяди. Кейин дарров аланглаб, деворга қарайди. Абдуазим қаддини ростлаб, ҳаяжонининг зўридан дудуқлана-дудуқлана сўз қотади:

- Ҳалиги, а-акам билан о-олишаётгандик.., отиб юборди-да... – у чайналиб қолади. Дилдор ўрнидан қушдек енгил туриб, дўппини олади-да, чаққонгина юриб, девор тагига келади. Қўнғироқдек товушда дейди:

- Акангиз нега доим бизнинг ҳовлига отаркин-а дўппингизни?

Абдуазим довдираб жавобга оғиз очолмай қолади. Жўрттага ўзим отдим, десинми, Дилдор хафа бўлса-я! У бирор сўз айтишга энди шайланганида, ичкаридан Дилдорнинг онаси чиқиб қолади:

-         Дилдор, яна нима қиляпсан, айб бўлади-я, кап-катта қиз!

Йигитча чўчиб ўзини панага тортади, қиз қизарганича, бошини эгиб, бир-бир босиб, тут тагига қайтади. Онаси уйга кириб кетгач, бошини кўтариб, деворга тикилганича, хаёлга берилади...

(Абдуазим ўшанда буни кўрмаган, аммо ҳозир аниқ кўриб, билиб турибди, гўё қизнинг юрак уриши ҳам эшитилаётгандай, чуқур хўрсинган овозини ҳам яқиндан эшитди. Нега у хўрсиниб қўйди, сузук кўзлари бунчалар маъюс?..)

...Энди йигит уйида, дардини қизара-бўзара холасининг қизи – Хуморга тўкиб соляпти. Хуморнинг қовоғи солиқ, унинг гапларини индамай эшитиб ўтирибди. У анчагача гап қотмасдан жим ўтиргач, ичи қайнаб кетаётган Абдуазим зарда оҳангида деди:

-         Нима қилдинг энди, айтасанми Дилдорга?

- Майли, нимаям дердим, - деди Хумор кўзларини ундан олиб қочаркан, - ҳозир айтишим керакми?

Абдуазим енгил нафас олиб, яна тайинлади:

-            Ҳа, ҳозир айт, пешин вақти уни булоқ бўйида кутаман, пешин вақтида, дегин-а...

Холаваччаси бир кулиб қўйди-да, уйдан чиқиб кетди...

Чол кўзларини юмиб, кейинги воқеаларни хаёлида жонлантирди. Ўшанда у Дилдорни ҳаяжонланиб, юраги ҳаприқиб кутди, узоқ кутди. То кун қайтиб, қош қорайгунча кутди. Хумор билан келишувга мувофиқ у Дилдорни бошлаб келиши, то йигит гаплашиб олгунича пойлоқчилик қилиб туриши керак эди. Аммо икковларидан ҳам дарак бўлмади. Жиғибийрони чиқиб, Хуморни ичида койий-койий уйга қайтган Абдуазим холаваччаси шоша-пиша қишлоғига қайтиб кетганини онасидан эшитиб, ҳайрон бўлиб қолди. У ҳеч нарсага тушуна олмасди. Орадан бир-икки ҳафта ўтиб, Дилдорнинг тўйи бўлди. Абдуазим ўшанда ҳеч кимга кўринмай, боғларининг бир бурчагига ўтириб олганча, йиғлаган, ёр-ёр овозини эшитгани сайин баттарроқ юраги куйиб кетаётганини ҳис қилиб турарди...

...Малак ул-мавтнинг хитоби эшитилди:

- Тақдир қазони ўзгартириб бўлмайди, аммо боя айтганимдай, сен учун имкон беришим мумкин. Кел, энди ўша дамларга қайтараман сени, севгилинг билан сўзлаш...

Чолнинг аъзойи баданига титроқ кирди, еру осмон чарх уриб айланаётгандай бўлди-ю, яна ўша қишлоғида, ўша навқирон кўринишда пайдо бўлди. Ёнига ўгирилиб, ўзидан узоқлашиб бораётган яшил тўнли, хушқомат, хушчеҳра йигитни кўрди. Унинг ортидан юрар экан, йўлни бирдан таниб қолди – бу ўша булоқ бўйи – келишилган учрашув жойига олиб борадиган йўл эди. Абдуазим энди қадамини тезлатиб, шошиб борарди. Тезроқ, улгуриши керак, йўқса, фурсат битиб, ортга қайтишлари зарур бўлиб қолади, қизнинг жавоби эса муҳим, жуда-жуда...

У ҳовлиқиб, нафаси ўпкасига тиқилиб, булоқ бўйига тушиб борди. Вақт айни пешин, кун тиккадан хиёл ўтган. Абдуазим кута бошлади. Тезроқ келсин-да, Хумор айтдимикин ўзи? Йигит тоқатсизланиб, у ёқдан-бу ёққа ўтар экан, дам-бадам бошини кўтариб, қуёшга қараб қўярди. Вақт ўтиб боряпти, фаришта айтган фурсат кам қолди. У эндигина умидини узиб, кетишга чоғланган маҳал енгилгина шарпа эшитилди. Абдуазим кетаётган жойида тўхтаб, ўгирилди. Ниҳоят! Бу Дилдор эди! Қўлида кўза, у йигитни кўриб, бир муддат тўхтаб қолди, кейин бошини эгиб, пастгина овозда салом берди-ю булоққа яқинлашди. Абдуазим унга яқин бориб, қўлидан кўзасини олди-да, гап бошлади:

- Дилдор... Дилдор, мен...менинг фурсатим жуда оз. Айт, сенинг жавобингни билишим керак...Мен сени яхши кўраман, хўп десанг, совчи қўяман, Дилдор...

Қиз чуқур хўрсинди. Кейин оҳиста деди:

-         Энди бу гапнинг мавриди эмас, Абдуазим ака! Мени унаштиришди кеча...

-            Биламан, Дилдор, биламан, гўзалим! – йигит қизғинлик билан унинг гапини бўлди.

-         Билсангиз, унда нега жавобимни сўраяпсиз?

-            Кўнглинг кимда, Дилдор? - сўради йигит. – Ёки ўша йигитни ўзинг танладингми?

Қиз бош чайқади. Абдуазим умид билан термулиб турарди.

-         Айт, Дилдор, ростини айт!

-            Мен...мен...агар ўзимга қолса, сиз...сиздан бошқасини демасдим... – қиз айтган гапидан уялгандек қизариб, ловуллаб кетган юзларини рўмоли билан пана қилди. Абдуазимнинг қўлидан кўза сувга тушиб кетди...

...Қария яна тепасидаги шарпанинг овозини эшитди:

-            Хўш, қалай, кўнглинг жойига тушдими энди? Билдингми унинг жавобини?

Чол хаёлан деди:

-            Ҳа, кўнглим жойига тушди, армоним ушалди. У ҳам мени деган, мен бенавони севган экан, лекин...бир нарсани тушуна олмадим, нега Хуморни жўнатганимда келмади экан у?

Малак кулди:

-         Ҳалиям англамадингми? Хуморга уйландинг-ку, ахир!

Ҳа, энди тушунди, демак, Хумор Дилдорга айтмаган экан-да... Чол ёнида ўтириб, ёшли кўзларини ўзидан узмаётган кампири – Хумор бувига қаради, ҳа майли, нима бўлган бўлса, бариси ўтди, энди фойдаси йўқ. Ҳарҳолда, у Хуморни тушунади – ахир уям ўзига ўхшаб севган-ку...

...Чол тепасидаги мавжудотга қаради-да, унинг ишорасини кўрди ва аста жилмайиб, кўзларини юмди…

Хуршида Абдуллаева