Таржималар
July 6

АЙЗЕК АЗИМОВ НИГОҲИДА БУГУНГИ КУН

Жаҳонга машҳур фантаст ёзувчи Айзек Азимов 1964 йилда ёзилган “2014 йилги бутунжаҳон ярмаркаси” мақоласида ярим асрдан сўнг дунё қандай бўлиши ҳақидаги фаразларини баён этганди. Мана, орадан эллик йил ўтиб, айтилган муддат келди. Фантастика устаси башоратларининг аксарияти амалга ошдими? Келинг, Азимов мақоласида келтирилган фаразларга замонавий қараш орқали назар ташлаймиз.

“...БУТУН ДУНЁ, ҲАТТО АНТАРКТИДАГА ҲАМ ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛИШ МУМКИН...”

“Электроника одамларни зерикарли ишлардан халос этади. Ошхонадаги махсус қулайликлар овқатни автоматик тарзда тайёрлай олади: қаҳва, қоқнон, қуймоқ ёки қовурилган гўштни ҳам. Нонушта кечқурун буюртма қилинади ва эрталаб айтилган вақтда тайёр туради”.

Айтилганидек бўлди. Тўғри, собиқ шўро мамлакатлари аҳолиси истеъмолида қаҳва тайёрловчи машина, қуймоқ пиширгич, микротўлқинли печ ва бошқа электрон рўзғор анжомлари шаклидаги тамаддун маҳсуллари Ғарбдан кўра кечроқ пайдо бўлди. Аммо эндиликда ҳар бир мамлакатдаги ҳатто ўртамиёна рўзғор ҳам улардан фойдалана олади.

“Масофавий мулоқот нафақат товушда амалга оширилади, балки сиз суҳбатдошингизни худди қаршингизда ўтиргандай кўра олишингиз мумкин. Бунинг учун алоқа ускуналари гаплашишдан ташқари кўриш имконини ҳам берадиган махсус экран билан тўлдирилади. Шу билан бирга, йўлдош алоқа шарофати билан бутун дунё бўйлаб, ҳатто Антарктидага ҳам телефонда боғланиш имкони туғилади”.

Бу ҳам тўппа-тўғри. Бугун ҳар бир мактаб ўқувчиси скайп, видеоконференция нималигини яхши билади. Болалар ҳатто бу борада ота-оналарига сабоқ беришаяпти. Бобо-бувиларни-ку, гапирмаса ҳам бўлади.

Мобиль телефонлар ҳақида ҳам Азимов тўғри айтган. “Роботлар ҳали такомилнинг етарлича юксак босқичига етмаган бўлса-да, фаол қўллана бошлайди”.

Ҳа, энди телеянгиликларнинг ҳар бир сонида албатта жаҳон робот технологиясига оид хабарлар тилга олинаяпти. Роботлар амалда фан ва техниканинг барча соҳаларига кириб борди. Эҳтимол, кун келиб, “Терминатор. Машиналар исёни” фильми сценарийси ҳақиқатга айланса, ажаб эмас...

“2014 йилда мосламалар ўзаро симсиз боғланади. Бунга эришиш учун қурилмалар узоқ муддатли радиоизотоп асосида яратилган қувватлагичлар ёрдамида ишлайди”. Мобиль алоқа ускуналари, ноутбук, рациялар – бу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин – бугун кўплаб ишлаб чиқарилаётган, ўзаро симсиз боғлана оладиган ўша мосламалардир. Ҳали яна бундан яхшироқлари ҳам кашф этилиши тайин.

“РОБОТ-МИЯГА ЭГА АВТОМОБИЛЛАР ПАЙДО БЎЛАДИ…”

“Автомобиль йўллари 2014 йилда дунёнинг кўплаб ривожланган ҳудудларида ўзининг тараққиёт нуқтасига эришади. Одам ва юк ташиш асосан ҳавода амалга оширилади. Бу фақат самолётлар эмас, ерда юрадиган транспорт воситалари ҳам тахминан ердан бир метрча юқорида ҳаракатлана олади”.

Ривожланган мамлакатларда йўл қурилишининг ривожланиши ҳавас қилгулик. Мегаполислардаги автобанлар баъзан шу қадар юқорига кўтариладики, пиёдалар автомобиллар оқимини кузатишни исташса, дўппилари тушиб кетади.

“Робот-мияли автомобиллар пайдо бўлади ва одамсиз исталган йўналишда ҳаракатлана олади”.

Одамнинг мутлақ иштирокисиз ҳаракатланадиган автомобиль ҳалича йўқ. Балки бирор жойда тажриба намунаси яратилгандир, бироқ бундай машиналар ҳозирча истеъмолга чиқарилмаган. Шундай бўлса-да, автонавигатор ҳақида ҳамма эшитган.

“Уч ўлчамли тасвирни ҳаққонийликка максимал даражада яқинлаштирган ҳолда узата оладиган шаффоф куб шаклидаги экранлар пайдо бўлади”.

Азимов шаклда бироз янглишади – бизнинг айфон-планшетга хос асримизнинг техника ривожида экранлар ясси ва текис – худди дафтар варағи каби. 3D-тасвир ҳақида эса аниқ башорат қилинган.

“Ер шаридаги одамлар сони 6,5 миллиардга етади. АҚШда 350 миллион аҳоли яшайди. Инсоният туғилиш кўрсаткичини назоратга олиш устида жиддий бош қотиришига тўғри келади. Жаҳонда бу саволга алоҳида эътибор бера бошлайдилар”.

Ер аҳолиси немис фонди (DSW) нинг маълумотларига кўра, 2014 йилнинг 1 январида сайёрамизда 7,2 миллиард одам яшаяпти. Бу ҳатто Азимов башорат қилганидан ҳам кўп. АҚШ бўйича у деярли адашмаган – ҳозир Америкада 320 миллиондан зиёд одам истиқомат қилади. Туғилиш кўрсаткичи бўйича назорат ҳам тўғри айтилган, масалан, Хитойда бу борада юритиладиган сиёсатни ҳамма билади. Бу мамлакатда болалар туғилиши аллақачон қонунан режалаштирилади. Бугунги кунда Осмоности юрти аҳолисининг сони 1,34 миллиард кишига етган.

Шу билан бирга, замонавий дунёда Ғарбда одатий ҳолга айланаётган “жинсий инқилоб”чиларнинг озодлиги ва ҳуқуқлари устида ҳам бош қотиришаяпти. Бу оила институтини парчалашга қаратилган ҳаракатдан бошқа нарса эмас.

Ҳа, Исаак Юдович (фантастнинг асл исми-шарифи) ҳақ, ростдан ҳам бу саволга бутун дунёда “алоҳида эътибор” қаратишаяпти...

Маълумот:

Айзек Азимов ёши тўртдан энди ошганидаёқ ўқишни ўрганган. Мактабда ўқитувчиларини лаёқати ва ноёб хотираси билан ҳайратга соларди. Аъло ўзлаштириши мақталар, бироқ унга фақат бир эътироз ҳам бор эди – у дарсларда кўп гапирарди.

“ИНСОНИЯТ ЗЕРИКИШДАН ҚАТТИҚ АЗОБ ЧЕКЯПТИ…»

“Модомики, 2014 йилда одамзот турли машиналарга тобе бўлар экан, таълим ҳам шу йўналишга қаратилиши керак. Шундай экан, ўрта таълим мактабларида албатта иккилик саноқ тизими ўргатилади, олий ўқув юрти талабалари эса албатта замонавий Fortran тизимига ўхшаш компьютерлар тилини ўрганадилар”. О, ҳа, Fortran изидан Си, Пролог, ML ва бошқа тизимлар юзага келди...

Бугун дастурлашнинг минглаб тиллари мавжуд. Айни пайтда компьютер алифбосини билмасдан туриб, ҳеч нима қилиб бўлмайди, дастурчилик эса бугуннинг энг нуфузли касбларидан бирига айланди.

“Одамзот зерикиш ва турли депрессиялардан қаттиқ азоб чека бошлайди. Бу жиддий ақлий, ҳиссий ва ижтимоий зўриқиш натижасида келиб чиқади. Оқибатда психиатрия тиббиётнинг энг муҳим қисмига айланади”.

Кўриниб турибдики, ўша олис 1960-йилларда ҳам Айзек Азимовга шунга ўхшаш қандайдир ҳолатлар маълум бўлган, акс ҳолда бу қадар аниқ башоратни қандай изоҳлаб бўлади? Замонавий дунё ҳақиқатан ҳам ақлдан озаяпти-ку, бугунги кунда “стресс” тез-тез қўлланадиган сўзга айланди. Психиатрия – тиббиётнинг энг муҳим қисми? Ҳа, шундай. Фақат бир фарқи: айрим давлатларда одамлар арзимаган муаммо билан ҳам ўз психоаналитиги ёнига югурса, яна айрим жойларда одамлар фақат суд қарорига таъсир ўтказиш учунгина уларга мурожаат қилишади, чунки ақлий носоғлик ҳақидаги ҳукм муқаррар жазодан қутқариб қолиши мумкин...

…Айзек Азимовнинг “башоратгўй” мақоласида айтилган қайсидир кашфиётлар бугун жуда содда, яна баъзилари кулгили ҳам кўринади. Бироқ ёзувчининг кароматгўйлигига шубҳа йўқ: Азимов томонидан айтилган фаразларнинг кўп қисми ҳаётда ўз аксини топди.

Муаллиф: Михаил Бурлешин.

Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.