Кузнинг тилларанг хаёллари
Кўк юзида билинар-билинмас толадек кўзга ташланади турна карвони. Ҳовлида ғимирлаб юрган аёл қулоғига чалинган турна товушидан сергак тортиб, осмонга қарайди.
Қўлини пешонасига соябон қилиб, диққат билан тикила-тикила, кўк қаъридаги ингичка ўткир учбурчак чизиқни, ниҳоят, илғади. Бир зум турна карвонига термулиб қолди. Диққатини жамлаган чоғида пешонасида пайдо бўлган чизиқлар тарқалиб, юзига майин-мулойим бир ифода ёйилди. Лаблари беихтиёр пичирлади:
- Адҳамимнинг ёнига кетишаяптими бу жониворлар... Ахир, Корея жануб томонда, дерди-ку Адҳамжон...
Адҳамжон Жанубий Кореяда малака оширишда. Кетганига ҳадемай бир йил тўлади. Ўтган куни кичик ўғлининг компьютеридан интернет орқали кўришиб, гаплашишган. Кузнинг охирларида ўқиши битармиш, қайтаркан сўнг. Кетишидан сал олдин қўшни кўчада яшайдиган кўҳликкина қизга “белги” қилиб қўйишган. Насиб этса, келиши билан тўй қилишади. Элнинг олдидан ўтишади. Аёлнинг юзи ёруғ орзулар жилвасидан ёришиб кетди, лабларига хаёлчан табассум қалқди. Ўғли роса 6 йил пойтахтдай жойдаги катта университетда ўқиди. Ҳар сафар уйларига ўша университетдан ташаккурномалар келганида терисига сиғмай қувонарди. Ҳазил гапми, болагинаси ўз билими билан ўқишга кирди, аълочи талаба бўлиб ўқиди, ахир! Юзини ерга қаратмади, орқасидан фақат мақтов эшитди. Мана, энди ишга жойлашиб, ҳатто четга малака ошириш учун кетди. Бекорга эмасдирки, айнан Адҳамжонини танлашибди...
Ҳали бир тўйлар қилсин, ширин-шакаргина қудачилик қилсинки!.. Ҳуснига ой ҳавас қиладиган келинини эргаштириб кўчага чиққанида ҳамма ҳавас билан қарасинки... Минг шукур, ўғли ақлли-ҳушли, ўқимишли, ўйловли йигит чиқди, охиригача шундай бўлсин, ҳар доим уйини, рўзғорни ўйлайди, ғамини ейди. Тунов куни гаплашганида ҳам айтди. “Онажон, тўйни катта қиламан, деб ўзингизниям, дадамниям қийнаманг. Биз келинингиз билан келишганмиз, ихчамгина, камхарж тўй қиламиз, деб. Келинингиз қудаларингизга ўзи тушунтиради. Сиз фақат ўзингизни ўйланг...” деди. Майли, ёшлар нима деса, шу. Аёл мийиғида кулиб қўйди. “Тўй харажатларидан чегирган пулга сиз билан дадамни чет элга саёҳат қилдириб келаман, дейди-я боласи тушмагур... Илойим, неки ният қилган бўлса, барига етсин!”
У ишида давом этди. Ҳализамон оила бошлиғи даладан қайтади. Бугун узилган кадиларни уйга келтиришмоқчи эди. Тезроқ омбордан жой очиб қўйиши керак...
Она бошини кўтариб, яна осмонга, олислаб кетаётган турна карвонига тикилди. Боласининг соғинчини хаёлан турналар қанотига жойлаган бўлди: “Қурейлаб, қурейлаб, Қурияга эсон-омон етинглар...”
Томорқасининг қоқ ўртасида турган деҳқоннинг ҳам кўзи осмондаги турна карвонида. Ҳадемай, совуқ аёзли кунлар бошланади. Турналар иссиқ ўлкаларга отланибдими, демак, тезроқ ҳосилни йиғиб олиш шарт. Фермер оғайнисининг кечагина пахта режасини ортиғи билан уддалаганини эслаб, яна бир марта қувонди: қандини урсин азамат, ишининг кўзини билади-я! Ҳар йилгидай теримга қўни-қўшни, қишлоқдошларию қариндош-уруғларини хонадонма-хонадон юриб, айтиб чиқди. Мана, кўпдан қуён қочиб қутулмас, деганларидек, режасини ортиғи билан уддалади...
Ўзининг бу йилги олган ҳосили ҳам ёмон бўлмади. Асли касби ўқитувчилик. Мактабдан бўш пайтларида бир парча ерида қимирлаб, у-бу маҳсулот экади, қишга ғамлайди. Мош-нўхату ловиядан тортиб, сабзи-шолғом, қовоқ-лавлагигача ўзи етиштиради. Қиш бўйи ғамланган ҳосил рўзғорга асқатади-да. Мош, нўхат, ловияни аллақачон фарзандлари кўмагида йиғиштириб, саранжомлашди. Полизда сап-сариқ бўлиб, товланиб ётган кадиларни ҳам узиб, даланинг ўзига уюм-уюм қилиб қўйишганди, мезоннинг шамолини есин, деб. Салқин тушаяпти, энди уйга ташиб олишмаса бўлмас...
У бошини кўтариб, яна турна карвонига ўйчан термулиб қолди. Болалигида осмонда турна учса, “арқон бўл, қайчи бўл” дея қичқиришлари эсига тушди. Шундан бери, эҳҳе, орадан неча йиллар ўтиб кетибди-я! Турналар бўлса ҳалиям ўша-ўшадай: карвондай тизилиб олиб, кузда жанубга, баҳорда яна бу ерларга учиб келаверади... Орада ўтган йиллар уни улғайтирди: мактабни тугатди, институтда ўқиди, ишга жойлашди, уйланди. Ўғил-қизлари туғилди, катта бўлишди. Болалари кичикликларида ҳам турналар учиб ўтганида, “арқон бўл, қайчи бўл”ни айтиб, қичқиришарди, ҳовлидами, кўчада анча вақтгача осмондан кўз узишмасди...
Мана, тўнғичини ҳадемай уйлантиради. Келаси йили набирали бўлади, худо хоҳласа. Болаларини меҳнатга ўргатгани каби набираларини ҳам ишчан, меҳнатсевар қилиб ўстиради. Ўғил бўлса, доим ўзи билан бирга олиб юради. Тўнғичи болалигида жуда тийрак, қизиқувчан бола эди. Ота-бола далани бирга кезишар, мактабга бирга боришарди. Ёшлигидан ўсимликларга, экин-тикинга қизиқадиган, ҳар ишга қўли келишадиган бола бўлгани учунми, улғайганида биолог мутахассис бўлиб етишди. Мана энди, чет элнинг манаман деган таълим муассасаларида илмини ошириб юрибди... Барака топгур... Шу йил эккан қовоқнинг уруғини ҳам ўғли келтириб берганди. “Дадажон, бу қовоқнинг энг серҳосил нави экан, бир тажриба қилиб кўринг-чи”, деганди. Мана, экди, айтганидай, серҳосил нав экан, кутганидан ҳам зиёд бўлди ҳосили...
Насиб этса, ҳали қишда келинининг қўлидан қовоқ сомсаю қовоқ манти ейди...
- Юзингга бекор рўмол боғламабсан, Нафиса, тўйинггача куз қуёшида қорайиб кетасан-ку! – куйиниб гап уқтирарди дугонаси. – Оппоққина келин бўлиб, оқ либоснинг ичида ял-ял товланиб ўтирганингга нима етсин...
- Қўйсанг-чи, Лобар! – энсаси қотиб кетди унинг. – Минг марта айтдим сенга, биз иккимиз ҳам тўйда миллий либосда чиқамиз. Фалон сўмлик чет элнинг либоси керак эмас!
- Вой-бў! Намунча, бир ўзинг бошқача бўлгинг келади-я! Ҳамма келин оқ либос кияди-ку! Сен ҳам кийсанг, нима бўлибди?! Э, сенга нега гапирдим ўзи, барибир, ўз билганингдан қолмайсан-ку! Ўша Адҳам аканг бошингни роса айлантириб, измига солиб олган...
Қақилдоқ дугонасининг таъналарини жилмайган кўйи эшитиб кетаётган (тўрт-беш нафар қиз фермер тоғасининг боғига беҳи узишгани ҳашарга боришганди) Нафисанинг қулоғига турнанинг оҳиста “қур-қур”и кирди. Дарров юқорига аланглади. Ҳув ана, кўк тоқида баравар қанот қоқиб, узун турна карвони ўтиб бораяпти! Қизиқ, нечта бўлса экан? Болалигида санашни яхши кўрарди турналарни. Ҳозир эса уларнинг учиб ўтиши унга вақт ўтаётганини эслатади. Дугонаси ҳақ: ҳадемай, кузнинг охирларида тўйи бўлиши керак. Тараддуди аллақачон битган: ишга, рўзғорга кийишга қулай, бежиримгина тикилган саноқли либос, бир-икки зарур жиҳоз, тамом. Етади. Ўзи ҳам, Адҳам акаси ҳам ишлайди, керагини кейин ҳам олаверишади. У сепи мўл эмас, эплигина келин бўлишни орзулаган, ахир...
Ҳовлисию уйларини чинни чироқдай тутадиган, қайнона-қайнотасининг кўнглидан чиқадиган, қўни-қўшнига ширинсухан келин бўлади у. Камтар, камгап, ишининг кўзини биладиган, тушган рўзғорига қайишадиган келин... Доим бир хилда мулойим ва ёқимтой бўлади у!
Шу ниятларни кўнглидан яна бир марта ўтказган қиз турна карвонига хаёлан дейди: “Келаси йил баҳорга қадар хайр! Қайтганингизда мен бошқа ҳовлида сизларни кутиб оламан!”
“Қур...қурей...қур-қурей...” Турна карвони тилларанг куз хаёлларини эргаштиргандай оҳиста учиб боради...