Мақолалар
June 22

"Умид - қалбнинг паноҳи"

(Омон Мухтор шеърларини ўқиб...)

Кейинги давр ўзбек адабиётида ҳам носир, ҳам шоир сифатида ўзгача овоз, услуб билан ўзига мустаҳкам ўрин яратиб кетган Омон Мухтор ижоди ҳамиша адабиёт муҳибларининг эътирофи, эътиборига сазовор бўлиб келган. У серқирра ижодкор сифатида ўзидан бой ва ранг-баранг мерос қолдирган.

Аслида ҳам насрда, ҳам назмда баравар қалам тебратиш мушкулроқ иш: ижодкорда бора-бора бу иккисидан бири устунлик қилган ҳолатлар адабиётда кўп учрайди. Аммо Омон Мухтор ҳар икки йўналишда маромига етказиб ижод қила олган, наср ва назм посангисини баравар тутган забардаст қаламкаш. Унинг ҳикоя, қисса ва романлари қанчалик ўзига хос бўлса, шеърлари ҳам шундай такрорланмас, улардаги ўзгачалик, енгил, ўйноқи оҳанг, чуқур фалсафий руҳ ҳар қандай нозик дидли ўқувчини ҳам ўзига маҳлиё қила олади.

«БУНИ БИЛМОҚ ЭМАСДИР ОСОН!»

Ўзимча бир аср яшашга шайман

Ва лекин эмасманҳаким ё ҳакам -

Мен яхши билмайман. Аниқ, яшайман

 Худо буюргандан на кўп ва на кам...

Аммо ким қутулган қочиб қисматдан?

Бу гаплар “ку-ку”дек, биз бир қумримиз.

Не бўлсин, элингга қилган хизматдан –

Тўқилиши керак бизнинг умримиз.

Шу каби шаклан мўъжаз - бор-йўғи икки ё уч тўртликдан иборат, оҳангдорликни ошириш учун туроқлари икки қаторга ажратиб битилган шеърларни ўқир экансиз, аввало, адабиёт назариясидаги олий қоида – шакл ва мазмун уйғунлиги шарти ёдингизга тушади. Шеърлар шу қоида, шу шартга тўкис-тугал жавоб бера олади. Шакл ихчам, мазмун лўнда, фикр қисқаю теран.

Кейинги жиҳат эса шундаки, Омон Мухтор шеърларида оддий, содда самимият барқ уриб туради. Ва бу самимият шеърнинг нозик нуктадони бўлган мутахассисни ҳам, оддий ўқувчини ҳам бирдай  завқлантира билади. Йўқ, бу ерда гап қофия, туроқ сингари шакл унсурларида ёки шеъриятга хос жарангдорлик, бўёқдор, жимжимадор сўзлар, ёрқин ифода, серҳиссиётликда эмас. Гап – содда сўзлардан чуқур мазмунга эга шоирона фикр туза билишда. Омон Мухтор шеърларида сал аввал айтилганидай, фалсафий руҳ ҳукмрон. Бу руҳга эга лирик қаҳрамон ўзини манаман деб намоён этмайди, зўр бериб донолик қилмайди – шунчаки, соддадиллик билан ўз фикрини оддийгина баён қилади. Юқорида келтирилган шеърда ҳам оддий, ҳаммабоп фикр акс этган: умр китоби, умр шеъри элга қилинган хизматдан яралиши, тўқилиши керак.

Бу келиб – кетишнинг маъноси борми,

Инсонлар ўйнаган сингари пойга?

Наҳот, ўтказамиз  биз ҳам умрни –

Кириб-чиққан каби Карвонсаройга?..

Шоир яратган лирик қаҳрамон дунё, борлиқ, одамлар ҳақида теран мушоҳада юритишга мойил. У ўзини қийнаётган масалалар ечимини топишга уринади, мудом изланади, ўйланади, гоҳида аччиқ, гоҳида эса умидбахш хулосалар чиқаради:

 Инсон учун ҳар бир тушунча

Излар экан ўзига соҳил.

Бу фикрга етиб келгунча,

Кечдим узоқ манзил-мароҳил.

Энди аён: кўринган соҳир

Ҳаётнинг биз ҳаққин тўловчи.

Бахтиёрмиз, айтгандек шоир,

Ва албатта, оддий йўловчи.

“Сен нимадан иборатсан, Ер? Сен нимадан иборат, Осмон?” Шоирнинг бир шеъри шундай мурожаат билан бошланган. 1994 йилда яратилган “Минг бир қиёфа” романи қаҳрамони тилидан берилган бу мўъжаз  шеърда шоир еру осмон – бизни қуршаб турган борлиқ ҳақида фалсафий мушоҳадаларини баён этади. Унингча, ер-осмон, яъни бутун борлиқнинг сирини билиш осон эмас. Худди шу каби инсон ўзининг кимлиги, не учун яралганини ҳам англаб етмоғи мушкул иш. Ҳатто не-не даҳолар “мен аслида кимман?” деган саволнинг жавобини умр бўйи излашган:

Оддий каби бу борлиқ,

Аммо

Қайда боши, қаерда поён?

Бўлганда ҳам чинакам

Даҳо –

Буни билмоқ эмасдир осон!

Хуллас, шоир фалсафаси, камтар, содда ҳаётий хулосалари билан ўз ўқувчисини ҳам шундай мулоҳазаларга ундайди, уни ўйлар қаршисида қолдиради. Саволлар кўп, жавоби эса... Кимдир бу саволларга жавоб излаб, неларнидир яхшироқ англай бошлайди, ўзига, атрофга қараши ўзгара боради. Шунга монанд унда ҳаётга муҳаббат туйғуси кучаяди, янги орзу, ниятлар туғилади. Бу эса инсонни яшаш, яратиш, англаш, англанишга ундовчи маёқ бўлади. Зеро, шоир бошқа бир шеърида таъкидлаб айтганидай, “умид – қалбнинг паноҳи”дир.

МУҲАББАТ ОҲАНГЛАРИ

Муҳаббат – шоир наздида эҳтиёж. Унинг лирик қаҳрамони ошиқлик кўчасига кирар экан, ҳар нега тайёр туради. Ошиқ – азалдан адабиётнинг, шеъриятнинг энг марказида тургувчи тимсол, у ўзини, ўзлигини излаётган телбавор шахс, ишқ йўлида куйиб кулга айланишга рози бўлган самандардай руҳ эгаси. Омон Мухтор шеъриятидаги муҳаббат оҳангларини таратгувчи ошиқ ҳам шундай.

- Бўларми дунёда ишқ дардсиз!

Юракда очилган у – яра.

Севаркан, ҳаётда мен ҳаргиз

Кутмайман гўзал бир манзара,  - дейди у. Бу билан шоир ошиқлик йўли нақадар машаққатли йўл эканини таъкидлаб, шу заҳматларга тайёрланади. Зеро, унинг муҳаббатига етиши, ўз-ўзини англаши учун шу заҳмат-меҳнат-машаққатлар керак. Омон Мухтор ота-боболар эъзозлаган илоҳий ишқни заминий севги-муҳаббат билан уйғунлаштирган ҳолда кўз ўнгингизда ажиб севги манзараларини чизиб кўрсатади. Тасаввур қилинг: маҳбуба олисроқ бир ерга  отланди. Ўртага ҳижрон тушмоғи тайин. Ошиқ бу фироқ дамларини қандай қисқартирсин? У маҳбубага ялинади:

Икки кунга кетяпсизми, дўстим?

Бир кунини қисқартиб ташлаб,

Кетса бўлмайдими бир кунга?!

Бу таклиф унинг наздида фавқулодда нажотдай кўринади. Шеърнинг давомида бир кунни ярим кунга қисқартиришга уринган ошиқнинг яна кўнгли тўлмайди: ярим кунни соатга мўлжаллайди, соат эса лаҳзага алмашади:

Дўстим!..

Бир соатга кетяпсизми?

Бўлмайдими вақтни қисқартиб,

Бир лаҳзага кетсангиз фақат?!

Бир лаҳзага кетганча, дўстим,

Кўз очиб юмгунчакелсангиз қайтиб?!.

Бундай ўйноқи, ҳам шўхчан, ҳам маҳзун, ошиқнинг бағрикенглик, жонфидолик, катта юрак билан маҳбубасига айтаётган дил изҳорларини ифода этгувчи шеърлар шоир ижодида анчагина. Бари ўқилган ҳамоно дил тўридан жой олади, севги-муҳаббат ҳақидаги сийқаси чиққан гаплар, беҳуда “ўлдим-куйдим”лардан фарқли ўлароқ ҳар сатри ёдда қолади, қалбда бетакрор манзара пайдо бўлади.

«ДЎСТЛАРИМ ЙЎҚ ЭМАС, АФАНДИМ!»

Омон Мухторнинг бир туркум шеърлари ўзбек халқ оғзаки ижодидаги энг таъсирчан образ – Хўжа  Насриддинга бағишланган. Ҳар қандай иллат устидан ғоятда усталик билан куладиган, жамиятнинг авра-астарини бемалол ағдаришга қодир Афанди тимсоли шоир шеърларида ўзининг бор бўй-басти, ички қиёфаси, ноёб шахсияти билан гавдаланади:

Гуппа-гуппа ёғаяпти қор,

Осмондаги булутлар элак.

Йўл олдингиз қаёққа такрор –

Остингизда қирчанғи эшак?!

Афанди – дунёдан қаҳ-қаҳ уриб куладиган, тирик кулгига айланган тимсол. Ҳаётда ҳатто ҳанузга қадар унга таассуб қиладиган, унга эргашадиганлар топилади. Аммо унга ўхшаган Афанди бўлиш қийин. Бунинг учун худди у каби ўзидан озод, қалби биллурдай тоза, ҳар қандай нафсоний истак ва айбу нуқсондан холи бўлиш шарт. Шоирнинг лирик қаҳрамони буни яхши билади. У афандиликка даъво қилмайди. Бор-йўғи ўша Хўжа Насриддинга дўст тутинишни истайди, холос. Зеро, шунинг ўзиёқ у учун олий бир мартабадай гап.

Дўстларим йўқ эмас, Афандим!

Ва лекин сиз бироз бошқача.

Мен Сизга яқинда топиндим,

Билмасдан эс кирган ёшгача...

Бизнингдир умримиз бир эпкин,

Аммо сиз дунёда абадий.

Кимдаки қалб эркин, руҳ эркин –

У сизни, албатта, топади!

Шоирнинг ўзи уни топганлардан. Хаёлан ҳар куни Насриддин Афанди билан суҳбат қуради, кўрган-кечирганлари, ҳаётда ўзи дуч келган воқеаларни унга сўзлаб беради. Бу хаёлий дўстликдан бир олам завқ туяди, ўзини бошқалардан минг карра бахтиёр санайди. Неча-неча асрларни қаритиб келаётган умри боқий бу шоввознинг олам кирдикорларию турмуш ташвишларини назарига илмаслиги унга ҳам юқади. “Минг бир қиёфа” романи қаҳрамони – Абдулла Ҳаким томонидан ёзилган “Афандининг болалиги” асари ва “Афанди ҳақида ёзилган шеърлар” туркумини ўқир экансиз, минг йиллик тимсолнинг замон танламас, эскирмас заҳархандасию беғубор сабоғи дилингизни ёритиб, ақлни пешлашга чақиради. Яна нималарнидир чуқурроқ ўйлаб кўришга, неларгадир ўзгачароқ ёндашишга мажбур этади.

Хуллас, Омон Мухтор шеърияти кўнгилни чароғон қилгувчи ижоддир. Шеърлардаги бетакрор оҳангларга ошуфталик эса кишини қайта-қайта мутолаа қилишга, сатрларни такрорлашга ундайди.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА