Тил ҳақида...

Тил ҳақида...

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи билан

Аввал айтиб ўтганимдек маданий код яъни маданият муайян миллатнинг тўрт устунларидан биридир. Маданий ҳамжиҳатликсиз ҳолида миллат мавжуд бўлолмайди. Маданиятни эса тил шакллантиради. Тил - бу, шу миллат ичидаги халқнинг муомала воситасидир. Ҳар қандай маданий код статик ва доимий эмас. Бу динамик ривожланадиган конструкция ҳисобланади. Акс ҳолда, у бошқа янада жозибадор ва агрессив тизимлар босим остида ўзгариб, охир-оқибат емирилиб йўқ бўлиб кетади. Бу емирилиш эса айнан тилдан бошланади, яъни шу тилни бошқа тил ёки тилларнинг босими остида қолиб муомаладан чиқиб кетиши орқали содир бўлади. Бунда тил йўқ бўлиб кетмайди, шунчаки тор доирада ёки кичик бир қатлам учун ишалатилинади.

Фикримни тасдиқлаш учун мисоллар келтириб ўтаман. Масалан биринчи бўлиб ташкил қилинган миллат франсузларни олсак. Бу тилни шаклланишида Александр Дюмаларнинг хизматлари катта. Улар ёзган романлар, бу тилнинг тарқалиши ва одамлар учун мулоқот воситаси бўлиши учун сабаб бўлган. Инглизларда эса Бэкон бошчилигидаги институтнинг “Шекспир” лойиҳаси бўлган ва ҳоказо. Бундай усул маълум бир ҳудудга тасир ўтказолган холос. Кенгроқ ҳудудларни қамраш учун эса маданият юксак бўлиши керак.

Тарихдан маълумки узоқ йиллар давомида Рум империяси ҳукмронлиги даврида шу империя маданияти жуда кенг тарқалган бўлган. Уларга эса яхудийлар рақобатчи бўлган. Кейин араб тилида ноъзил бўлган Қуръон билан Ислом келди ва учинчи рақобатчи Ислом маданияти қўшилди. Чунки доим қайси империя ҳукмрон бўлса шу империянинг маданияти устунлик қилади ва тарқалади. Маданият эса тил орқали ёйилади. Шу сабабли ҳам узоқ йиллар давомида араб тили бутун дунё бўйлаб кенг ишлатилган. Китоблар, ёзишмалар ва хат-ҳужжатлар араб тилида ёки араб алифбосида амалга оширилган. Бундай омматан қўлланилишда мусулмонларми ёки бошқа дин вакилларими деярлик фарқ бўлмаган, ишлатаверишган. 20 – асрга келиб Усмониларнинг қулаши билан бу маданият ўз ўрнини Ғарб маданиятига бўшатиб берди. Ғарб маданияти юзи учун курашда инглиз, франсуз, немис, итальян ва испан тиллари рақобатида эса инглиз тили ғолиб чиқди. Чунки ўша даврда Британиянинг маданияти унинг рақобатдошларидан бир поғона устун эди. Шу сабаб ҳам ҳозирги кунда дунёда биринчи рақамли тил инглиз тили ҳисобланади.

Шу тариқа муайян бир тилнинг равнақи учун адабиёт, санъат, маданият ривожланган яъни илғор тамаддун эгаси бўлишлик лозим. Тарих гувоҳ, Шўролар буни уддасидан чиқа олишди. Бунга биздаги кутубхоналардаги китобларнинг 80% идан ортиқроғи рус тилида ёзилгани яққол исботдир. Биз эса 29 йил ичида айтарлик ҳеч нима қилмадик. Бизда бунга етарлича ресурс ҳам йўқ. Ҳатто давлат фармонлари ўзбек тилида тўмтоқ ёзилади, тушуниш қийин. Аммо шу фармонни рус тилида ўқисангиз анча тушунарли. Олий ўқув юртларидаги адабиётларни гапирмаса ҳам бўлади. Мана масалан мен битирган “Трикотаж технологияси” йўналишида битта дона ўзбек тилидаги китоб бор. Бўлмаса кафедрани ташкил қилинганига 70 йил бўлган.

Бизда ўзбек тилида қонун ҳужжатлар юритишда ҳали муаммо ҳал бўлмаган биз эса оддий одамдан тилимизда гапиришни талаб қиляпмиз. Кулмайдими ахир? Мана шунинг учун ҳам бизнинг юртда яшаётган бошқа миллат вакиллари ўзбек тилин ўрганишга ҳаракат ҳам қилишмайди. Ўрганиб нима қилади, ахир рус тилида ҳамма нарса бўлса. Мен бу билан ўзбек тилидан бошқа тилдаги адабиётларни тақиқлаш керак ёки ўқимаслик керак демоқчи эмасман. Шунчаки тилимизда манбалар етарли даражада эмас.

Тилни кўтариш учун эса дин, илм-фан, адабиёт, санъат соҳалари ривожланиши керак. Бунинг учун эса шу соҳаларга етарли даражада зиёлилар ва буларни ушлаб туриш учун моддий таъминотлар бўлиши керак. Ҳозирги ҳолатимизда эса бу жуда мушкул иш. Лекин ягона хурсанд қиладиган томони тармоқлардаги блогерлардир. Улар жамиятга ҳоссатан ўзбек сигментига ўқишни қайтардилар. Одамлар яна секин аста ўқишга қатаяптилар. Блогерларга қарши чиқаётганларни эса даври ўтди. Улар ўзларининг тезислари билан тарихда қолдилар. Тармоқларда янги жамият шаклланяпти. Бу эса алоҳида мавзу.