Асоссиз айбланган ходим суд жараёнида оқланди

by @mediamarkaz
Асоссиз айбланган ходим суд жараёнида оқланди

Бош қомуси­миз­нинг 26-моддасида: “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, ­унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади”, дея таъкидланган конс­титуциявий қоида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.

Ана шу инсонпарварлик тамо­йилининг самараси ўлароқ, Наманган вилоят ИИБ ҲООБ ходими­ Раҳ­матулло Жўраев ҳам ўзига қўйилган асоссиз айбловдан халос бўлди.

Келинг, аввало, воқеа тафсилотларига эътибор қаратсак. 2011 йил­дан буён Наманган шаҳрида қўш­мачи аёл сифатида профилак­тик ҳисобда турган фуқаро Маҳбуба Шарипова 2013 йил 7 июнда Ўз­бекистон Республикаси ИИВ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга Раҳматулло Жўраевга нисбатан шикоят ариза билан мурожаат қилган. У ўз аризасида маълум қилишича, фуқаро Абдулҳақ (Шуҳрат) Садировга қарашли, Наманган шаҳар, 5-кичик туман, 25-уй, 35-хонадонни танишлари Омина Исроилова, “Гули” лақабли Муяссар Мирзаева ва Сетора исмли қизларга ижарага олиб берган. 2013 йил январь ойининг бошларида (айрим тушунтиришларида­ М.Шарипова воқеани гоҳ 2013 йил январь ойининг ўрталари, гоҳ охирларида, деб билдирган — муаллиф изоҳи) газ ҳақи учун тўлов қилаётган пайтида (баъзи тушунтиришларида М.Шарипова шифохонада ётган пайтимда, деб ёзган — муаллиф изоҳи) қизлардан бири унга қўнғироқ қилиб, ИИБ ходимлари тадбир ўтказишаётгани ҳақида хабар берган. Шу боис Маҳбуба дарҳол манзилга етиб борган. Борган маҳалида хонадонда Р.Жўраев, бўлинманинг шаҳар бўлими инс­пектори Файзулло Нажмиддинов, бўлинма иш ўрганувчиси Дилмурод Абдураҳмоновлар “Орият” тадбирини ўтказишаётган экан. Қизлардан бири Раҳматулло Жўраевнинг хонадонни ва қизларни уяли телефони орқали видеотасвирга олганини маълум қилган.

Шундан сўнг М.Шарипова Р.Жўраевнинг видеотасвирни телевидениега чиқармаслик эвазига Д.Абдураҳмонов орқали 100.000 сўм пулни пора тариқасида олганини баён қилиб, шикоят ёзган. Оқибатда, Раҳматулло Жўраевга нисбатан хизмат суриштируви ўтказилган. Кейин эса ишдан бўшатилиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси, 3-қисми, “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Сўнгра суд Раҳматуллога шу моддага асосан қонуний жазо тайинлаган. Аммо Р.Жўраев ва ҳимоячисининг апелляция ва назорат тартибидаги аризаларига биноан ўтган давр мобайнида жиноят иши Жиноят кодексининг 210-моддасидан 205-моддасига қайта малакаланиб, бекор бўлиб, янгидан кўриш учун жиноят ишлари бўйича Поп туман судига юборилган.

Суд мажлисида аниқланган ҳо­латлар ва тақдим этилган далиллардан шу нарса аён бўлдики, Ўз­бекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига мувофиқ Раҳматулло Жўраев 2013 йил 6 январдан 2013 йил 11 февралга қадар 43 нафар ҳам­касблари билан бирга ИИВ академиясининг полигонида дала ўқув машғулотида бўлган. Бу вақт оралиғида у полигон ҳудудидан ҳеч қаёққа чиқмаган. Натижада, унга ўқув машғулотни тўлиқ ўтаганлиги тўғрисида 1022-сонли сертификат берилган. Вилоят кўп тармоқли шифохонасининг 2013 йил 6 июлдаги 01/234-сонли маълумотномасига кўра, Маҳбуба Шарипова 2013 йил январь ойида умуман даволанмаган. “Водийгазтаъминот” унитар корхонасининг ўша йилдаги маълумотномасида бўлса, Наманган шаҳар, Охунбобоев кўчаси, 47/5-уйда яшовчи М.Шарипова номида абонент рақами мавжуд эмас. Қолаверса, М.Шарипова томонидан 2013 йил январь ойида юқоридаги манзил ёки тилга олинган 5-кичик туман 25-уй, 35-хонадон учун тўлов амалга оширилмаган. Яъни, Маҳбуба Раҳматуллони очиқдан-очиқ асоссиз айблаган. Дастлабки тергов органи ҳам унинг келтирган важларини тўлиқ текширмаган ҳолда иш юритган.

Ана шу асосларга таянган суд Раҳматулло Жўраевни Жиноят кодексининг 210-моддаси, 3-қисми, “б” ­банди билан айбсиз, деб топиб, оқлади.

Ана энди ишдан бўшатилган ва жиноят иши қўзғатилган кундан бошлаб, то оқлов ҳукми ўқилгунга қадар Раҳматулло Жўраевнинг айбсиз айб­дор бўлиб, қай аҳволга тушганини, шу туфайли оиласи, фарзандлари ва ота-оналари қанчалар азият чекканини, маҳалла-кўй, қариндош-уруғ ҳамда ошна-оғайнилари орасида боши эгилганини тасаввур қилиб кўраверинг. Бинобарин, суд ҳукмида Р.Жўраевга етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини бартараф қилиш учун Жиноят процессуал кодексининг 304-312-моддаларида назарда тутилган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилди.

Бир сўз билан айтганда, суд адолатни қарор топтирди. Зеро, Президентимиз судлар олдига айнан шу муҳим вазифани қўймоқда.

July 19, 2018
by @mediamarkaz