AҚШ элчихонаси ходими: Виза учун бўладиган суҳбатдан биз нима кутамиз?
AҚШ Давлат Департаментининг DipNote дея аталадиган расмий блогида Ҳиндистондаги AҚШ элчихонасининг Консуллик бўлими вакили Моника Ший (Monika Shiy) шу ҳақда ўз тажрибасини ўртоқлашади.
“Ойна ортидан назар: AҚШнинг визалар офисидан талаба визаси бўйича маслаҳат” дея номланган блогпостда расмий мулозим виза учун суҳбат ўтказишдан асосий мақсад AҚШга бориш истагида бўлган шахс билан юзма-юз кўришиш ҳамда унинг ўз оғзидан нима мақсадда AҚШга бормоқчи эканини эшитишдир, дейди.
Ҳар куни юздан ортиқ одам билан виза учун суҳбат ўтказишини таъкидлаган консуллик вакили ўз мақоласида масалани расмий тусдан йироқ оҳангда, очиқ ва инсоний услубда баён этади.
“Болалигимда элчихонанинг виза бўлими ходими бўлиб ишлаш тушимга ҳам кирмаган эди, – деб ёзади Моника Ший. – Дастлаб, адабиёт соҳасида ўқидим, сўнг ўқитувчилик қилдим. Бугун Ню-Деҳлидаги AҚШ элчихонасида 9 ойдан бери ойна ортидаги баланд стулда ўтириб одамларга виза бериш ёки бермаслик масаласини ҳал этяпман. Бир кунда қарийб 100 та одам билан суҳбат ўтказаман”.
Болалигидан, касбий фаолияти ва шахсий ҳаётидан сўз очган муаллиф элчихона ходимларининг ҳам бошқалар каби оддий одамлар еканини айтмоқчи бўлади.
“Бизнинг ихтисослигимиз турли соҳалардан. Орамизда ҳуқуқшунослар, ўқитувчилар, ахборот технологиялари мутахассислари, ҳатто ўт ўчирувчилар бор. Умримизнинг қайсидир босқичида Ташқи Хизматнинг ёзма имтиҳонини топширдик, бир кунлик оғзаки имтиҳондан ўтдик ҳамда кенг қамровли тайёрлов курсини ўтаб дипломатларга айландик”, дейди Моника.
Шундан сўнг муаллиф AҚШ элчихонасида ҳар куни виза учун ўтказиладиган суҳбатлар жараёни ҳақида сўз очади. Унинг айтишича, битта суҳбат учун ўртача 2 ёки 3 дақиқа сарфланади, холос.
“Ҳар куни Ню Деҳлида 8 ёки 9 та консуллик ходими AҚШга боришни истовчи юзлаб одамлардан суҳбат олади, – дея давом этади Моника. – Имкон борича кўпроқ одам билан суҳбатлашишга улгуришимиз учун интервюлар жуда қисқа бўлади – икки ёки уч дақиқа. Бизга керакли маълумотларнинг аксарияти аллақачон анкетада ёзилган. Биз сизнинг ўзингиздан саёҳат режаларингиз ҳақида эшитишни хоҳлаймиз. Баъзан талабгорлар бир дунё ҳужжатлар кўтариб келишади. Қоғозларига қарамасак, улар хафа бўлгандек кўринишади. Интервюдан мақсад ҳужжатларни текшириш эмас, балки сиз билан юзма-юз гаплашишдир”.
Талабалик учун виза олмоқчи бўлганлар ҳақида гапирар экан, Моника уларни ўз мақсадларини суҳбатда аниқ тушунтириб беришга чақиради.
Хулосада муаллиф элчихона ходимларининг ҳам бошқалар каби оддий одамлар эканини яна бир бор таъкидлайди. Aгар ишончли, ўқиш учун лаёқатли талаба бўлсангиз, ташвишланишга ҳожат йўқ, визани, албатта, оласиз, дейди у.
Каналга обуна бўлиш: @sammigration