May 22, 2022
НИКОНИ АЖРАТИШДА ЯРАШУВ МУДДАТИ НИМА УЧУН КЕРАК?
Амалдаги Оила кодексининг 41-моддасига мувофиқ, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.
Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги ”Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 06-сонли қарорининг 16-бандига кўра, турмушда кечадиган вақтинчалик келишмовчиликлар ва тасодифий сабабларга кўра эр-хотин ўртасида келиб чиққан ихтилофлар, шунингдек эр-хотиндан бирининг ёки ҳар иккаласининг жиддий важлар келтирмаган ҳолда никоҳ муносабатларини давом эттиришни хоҳламаслиги никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмайди. Никоҳдан ажратишга асослар бўлмаганда, суд даъвони рад этади.
Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талаб, фақат, эр-хотин бундан буён бирга ҳаёт кечиришларининг ва оила батамом бузилганлиги сабабли уни сақлаб қолишнинг иложи йўқлиги аниқланган ҳолдагина қаноатлантирилиши лозим.
Мазкур қарорнинг 15-бандига кўра, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишни кўришда суд оилани сақлаб қолиш юзасидан чоралар кўриши лозим. Шу мақсадда, суд мажлисида оилани сақлаб қолиш мумкинлигини тасдиқловчи ҳолатлар (болалар борлиги, никоҳнинг давомийлиги, оиладаги муносабатларнинг хусусиятлари, вақтинчалик келишмовчилик ва бошқалар) аниқланганда, суд ҳар иккала тарафнинг ёки улардан бирининг илтимосига биноан ёхуд ўз ташаббуси билан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш кўрилишини кейинга қолдиришга ва Оила кодекси 40-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, Оила кодексининг 218-моддаси талабларини инобатга олган ҳолда ярашиш учун бериладиган муҳлат уч ойдан кам бўлиши самарасиз ҳисобланади.
Эр-хотинни яраштириш мақсадида олти ойлик муҳлат ичида ишнинг кўрилиши бир неча марта кейинга қолдирилиши мумкин.