Чет эллик билан никоҳ
Ҳозирги кунларда ижтимоий тармоқлар оркали чет эллик келинлар, узоқ юртларга келин бўлиб кетган юртдошларимиз ҳақида кўпгина хабарларни учратишимиз мумкин. Кимдир ҳайрон қолар, кимдир аччиқланар, яна кимдир бефарқ ҳам бўлар.
Яқинда танишларимдан бири ҳаётидаги энг муҳим қарор, турмуш қуришга аҳд қилганини айтиб қолди. Биз унга чин дилдан бахт тиладик, самимий қутловлар йўлладик. Ўзбекчилик дегандек, унинг танлаган ёри кимлигига қизиқдик албатта. Қаллиқ чет эллик эканлигини билганимизда, бизнинг ҳайратимизни кўрганингизда эди. Тўғри, бу каби хабарни тезда ҳазм қилиш қийин, англаш учун бироз вақт талаб қилади. Кейинги саволимиз эса, табиийки, яқинларининг бу хабарга бўлган муносабатлари ҳақида бўлди.
Савол жавобларнинг охирида эса, бу никоҳни қандай қонунийлаштирасизлар деган савол ҳам бор эди. Ҳа – да, ахир ҳар нарса қонуний бўлса яхшида. Давлатимиз эркин демократик жамият, бу каби ҳолатларни ҳам ҳисобга олиб тегишли қонунлар қабул қилинган.
Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида МДҲ мамлакатлари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ва Ўзбекистон Республикасининг хорижда яшовчи фуқароларининг никоҳини қайд этишга боғлиқ ҳолатлар ҳақида батафсил сўз юритилган.
Агарда Ўзбекистон фуқароси чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс билан турмуш қурмоқчи бўлса, никоҳни қайд этиш учун уша шахснинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш визаси никоҳ тузиладиган кунда ҳақиқий бўлсагина амалга оширилади. Бундан ташқари ниқоҳга кириш аризасига шахсни тасдиқловчи хужжатни, ҳамда никоҳда турмаслиги ҳақидаги белгиланган тартибда легализация қилинган ёки апостиль қўйилган ҳужжат илова қилинади. Ҳамда никоҳ ФҲДЁ органи томонидан никоҳ қайд этилгандан кейин Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан никоҳга кирган шахс фуқароси бўлган хорижий давлатга никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги хабарнома белгиланган тартибда юборилади.
Ёки агарда Ўзбекистон фуқароси чет элда доимий яшаса, унда ўз никоҳини ваколатли органларда ёки консуллик муассасаларида белгиланган қоидаларга асосан қайд этилади.
“Японкага ўйланаман” ёки “ўзга юрт шаҳзодалар” билан турмуш қуришни ният қилиб юрган фуқароларимизга эслатма, ҳар бир фуқаролик ҳолатини қайд этиш шарт ва лозимлигини унутманг!
Асосийси, ким билан турмуш қуришидан ва қаерда яшашидан қатъий назар ўзаро тотувлик ва аҳиллик, меҳр ва ҳурмат бўлсагина ўша оила мустаҳкам бўлади.
Бизни кузатишда давом этинг
https://t.me/qashqadaryodxa
https://www.facebook.com/qashqadaryodavxizmat/