May 30, 2022

2022 йилнинг июнь ойи қандай бўлади?

Фото:Ўзгидромет

Баҳор ойининг охирига ҳам озгина вақт қолмоқда. Йилнинг энг иссиқ даври хали олдинда. Келаётган ёз фасли қандай бўлади? У жуда иссиқ бўладими? - деган бу каби саволлар ҳар йили Ўзгидромет мутахассисларига ёз мавсуми бошида берилади. Кўпинча, аҳоли орасида ва ҳатто баъзи оммавий ахборот воситаларида яқинлашиб келаётган ёз аномал иссиқ бўлиши ҳақида маълумотлар пайдо бўлади.

Бу ҳақида мутахассислар нима дейишлари мумкин? Аввало шуни таъкидлаш жоизки, дунёда бутун мавсум каби узоқ давр учун ишончли прогнозлаш усуллари мавжуд эмас. Ҳозирча ёзнинг бошланиши - июнь ойи прогнози ҳақида гапиришимиз мумкин.

Ўзгидромет томонидан дунёнинг етакчи прогностик марказлари ҳисоб-китобларини жалб қилган ҳолда тузилган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу йилнинг июнь ойи ўртача иссиқ бўлади.

Июнь ойида ўртача ойлик ҳарорат меъёр атрофида, республика шимоли бўйича баъзи жойларда асосан меъёрдан 1-2° га юқори бўлиши кутилмоқда. Ой давомида республиканинг марказий ва шарқий ҳудудларида кундуз кунги ҳарорат 29-32° дан 36-39° гача ўзгариб туриши кутилмоқда. Республиканинг шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида энг иссиқ даврларда ҳаво ҳарорати 40-42° гача кўтарилади.

Сўнгги 3 йил ичида июнь ойи қандай бўлган?

2019 йил июнь ойи Тошкентда ҳаво ҳарорати деярли ой давомида 29-34о атрофида қулай бўлди ва фақат ойнинг энг охирида 35-37° гача кўтарилди.

2020 йил июнь ойи унча иссиқ бўлмади. Масалан, Тошкентда ҳаво ҳарорати фақат бир марта 40° га етган.

2021 йил июнь ойи аномал иссиқ бўлди. Кўпчилик вилоятларда ўтган йилнинг июнь ойи Ўзбекистонда метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ, баъзи жойларда эса жуда иссиқ бўлди. Республиканинг айрим ҳудудларида барча метеорологик кузатувлар қаторлари бўйича июнь ойи учун максимал ҳаво ҳароратининг рекордлари ўрнатилди.

Ушбу йилнинг июнь ойида ёғингарчилик меъёрдан кам, марказий ва шарқий ҳудудларда баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда.

Умуман олганда, Марказий Осиёда ёз қурғоқчилик билан ажралиб туришига қарамай, Ўзбекистонда июнь ойида баъзан маҳаллий хусусиятга эга жадаллиги бироз бўлган қисқа муддатли ёмғирлар ёғади. Шундай қилиб, 2019 йил июнь ойи бошида Тошкентда дўл билан жуда кучли ёмғир ёғди. Турли ҳудудларда 2-3 соат ичида 20 мм дан 50 мм гача ёғингарчилик бўлди, бу июнь ойининг ойлик меъёридан нисбатан кўп бўлди.

Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида июнь ойида кучли жала ёмғирлар ёғиши энг хафли деб ҳисобланади, чунки улар сел ва сув тошқинлари ўтишига сабаб бўлиши мумкин.

Кейинчалик, ёзнинг охиригача ўртача ҳарорат меъёр атрофида ва меъёрдан деярли юқори бўлиши тахмин қилинмоқда. Ёз аномал иссиқ бўлмайди, лекин жуда иссиқ об-ҳаво даврлари, албатта, истисно қилинмайди. Бу мамлакатимиз иқлимининг ўзига хос хусусиятларидан биридир.