МИБ 2019 ЙИЛДА ИСТЕЪМОЛЧИЛАРДАН ҚАНЧА МАБЛАҒ УНДИРДИ?

  • 2019 йилда бюронинг вилоят, шаҳар ва туманлардаги фаолияти, биринчи навбатда энергия ресурслари, табиий газ соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, дебитор қарздорликни кескин қисқартириш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишдан иборат бўлди.

Бунинг натижасида ўтган йилда ундирув 2018 йилга нисбатан 569 млрд. 814,3 млн. сўмга ортди. Яъни, 921.706 нафар истеъмолчидан 1 трлн. 442 млрд. 62,4 млн. сўм пул маблағлари ундирилди. Энергия ресурслари учун тўловларнинг ундирилишини таъминлаш борасида Бюронинг қонун доирасидаги ваколатларидан фойдаланган ҳолда 2019 йилда энергия ресурслари ва сув таъминотидан бўлган 284 млрд. 668 млн. сўмлик қарздорликни бартараф этиш юзасидан 790 мингдан ортиқ талабнома юборилган. Берилган талабномаларга асосан, электр энергиясига 583.267 нафар истеъмолчидан 139 млрд. 612 млн. сўм, табиий газга эса 149.126 нафаридан 123 млрд. 807 млн. сўм, ичимлик суви учун 31.720 нафар истеъмолчидан 6 млрд. 223 млн. сўм қарздорлик ундирилди.

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси тезкор ходимлари энергия ресурслари ва табиий газ тармоқларига ноқонуний, ўзбошимчалик билан уланиб олиб, фойдаланаётганларни фош этмоқдалар. Жумладан, Наманган шаҳар «Орзу» маҳалласида жойлашган «Гулчиликни ривожлантириш маркази» давлат унитар корхонасида ўтказилган тезкор тадбирда электр ва табиий газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб олингани аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган суриштирувлар натижасида таъминотчи корхоналарга етказилган зарар эса салкам 124 миллион сўмни ташкил этди. Корхона раҳбари О.Ж ушбу ноқонуний ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 185–2-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган бўлсада, қилган ишидан пушаймонлиги, етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф этганлиги инобатга олинди. Унга нисбатан айблилик масаласини ҳал қилмай туриб, жиноят иши қўзғатиш рад этилди.

Умуман олганда, 2019 йил давомида 2077 нафар истеъмолчи энергия ресурслари тармоқларидан ноқонуний фойдалангани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Аниқланган ҳолатлар юзасидан қўпол қонунбузилиш бўйича 8 та жиноят иши қўзғатилиб, етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги учун 69 та жиноят иши қўзғатиш рад этилди.

Суд органлари ва бошқа органларнинг ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида ҳам тизимли чора-тадбирлар кўриб келинди. Хусусан, 2019 йил давомида давлат фойдасига 300,5 млрд. сўмлик 157.528 та, солиқ қарздорлиги билан боғлиқ 11.034 та 197.3 млрд. сўмлик ва жиноий ва маъмурий жарималарни ундириш билан боғлиқ 104.384 та 27,1 млрд сўмлик ижро ҳужжатларининг ижроси тўлиқ таъминланиб, амалда тамомланди.

Дилмурод УМАРАЛИЕВ,

МИБ вилоят бошқармаси бошлиғи.