“11 МИНГ 710 НАФАР ҲАҚДОР, 386 МИЛЛИАРД СЎМ МИҚДОРИДАГИ ҚАРЗ” — МИБ ВАКИЛИ АҲМАДЖОН ТУРСУНБОЕВ ИШИ БЎЙИЧА

  • Халқ орасида “Аҳмадбой” номи билан машҳур бўлган, суд ҳукмига кўра ғайриқонуний молиявий пирамида ташкил этиш ва фирибгарликда айбланган чинозлик Аҳмаджон Турсунбоевнинг одамлардан жами 386 млрд. сўм миқдорида қарзи мавжуд. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бекзод Менглиев маълум қилди.

Бюро вакилининг сўзларига кўра, Аҳмаджон Турсунбоев ва бошқа шерикларининг жиноий иши доирасида 29 турдаги кўчмас мулк, 8 турдаги автотранспорт ва заргарлик буюмлари хатланган бўлиб, уларни баҳолаш ва аукционда сотиш бўйича ҳаракатлар олиб борилмоқда.

“А.Турсунбоевдан алданганлар сони 11 минг 710 нафар кишини ташкил этади. Улар кўрган зарар маҳкумдан хатлаб олиб қўйилган мулкларни аукционда сотишдан тушадиган ҳамда тергов жараёнида олиб қўйилган пул маблағлари эвазига қопланади. Жиноий ишда жабарланганларнинг рўйхати шакллантирилган бўлиб, маблағ бюро органи депозит рақамига келиб тушиши билан 3 кун ичида шахсларга қайтарилади”, деди Бекзод Менглиев.

“Зарарни қоплаш учун ажратиладиган сумма жабрланувчиларнинг пластик картасига ўтказиб берилади. Пластик картага эга бўлмаганлар учун эса МИБ томонидан банк муассасаси орқали бепул карта очтириб берилмоқда”, дейди бюро вакили.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон тарихидаги энг машҳур молиявий пирамидани қурган чинозлик Аҳмаджон Турсунбоев ва унинг шериклари 2016 йилнинг июлида Чиноз туманида қўлга олинганди. Тинтув чоғида унинг уйидан 13,1 миллиард сўм ва 7,9 миллион доллар нақд пул топилган эди.

Фирибгарлик, ноқонуний молиявий пирамида ташкил этиш ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилган Аҳмаджон Турсунбоевга шу йилнинг октябрида 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 14 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида 52 096 000 сўм жарима жазолари тайинланганди.

Озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган муддати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Қарорининг 6-банди “б” кичик бандига асосан тўртдан бир қисмига қисқартирилган.

ЎзА