НАМАНГАН ҲАМДА БУЮК БРИТАНИЯ ЎРТАСИДА ҲАМКОРЛИК РИВОЖЛАНТИРИЛАДИ

  • Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоятимизга танишув ташрифи билан келган Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Тим Торлоуни қабул қилди.

Вилоят ҳокимининг тиғиз кун тартиби туфайли, учрашув Наманган шаҳридаги Маданият марказида, вилоят ҳокимининг ёшлар билан мулоқотидан сўнг ўтказилди.

Маданият маркази фойесида вилоят ёшларининг ижодий ишлари кўргазмаси билан танишиш имкониятига эга бўлган Буюк Британия элчиси, вилоят ҳокими билан учрашувни “сизнинг вилоятингизда ўта қобилиятли ёшлар жуда кўп экан” сўзлари билан бошлади.

Учрашув чоғида Наманган вилояти ҳамда Буюк Британия ҳудудлари ўртасида иқтисодий ҳамда маданий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Буюк Британия элчисига Наманган вилояти иқтисодиётининг илғор соҳалари, вилоятга жалб этилаётган хорижий инвестициялар ҳамда ташкил этилган хорижий корхоналар, кичик бизнес ва тадбиркорликнинг Наманган вилояти иқтисодиётида тутган ўрни ва роли, маҳаллий ялпи ички маҳсулотдаги улуши, вилоятнинг туризм салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Сўнгги уч йилда олиб борилаётган катта ислоҳотлар, Ўзбекистонни инглиз бизнеси учун жозибадор ҳудудга айлантирганини, инглиз компанияларининг хориж давлатга инвестиция киритишга бу даражада катта қизиқиши охирги марта 90-йилларда Хитойга нисбатан бўлганини таъкидлаган элчи, Наманган вилояти билан Буюк Британиянинг текстиль соҳасида ҳамкорлик имкониятлари катта эканини қайд этди.

Тим Торлоу, Наманган вилояти делегациясини 2020 йил май ойида Лондонда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон-Британия савдо ва саноат Кенгашининг йиғилишига таклиф қилди.

Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати