ЮКСАК ИШОНЧ ВА ШАРАФ

  • Олий таълимни ривожлантириш учун биргина ўтган йилда 19 та янги олий ўқув юрти, жумладан, 9 та нуфузли хорижий университетнинг филиали очилганлиги, етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда 141 та қўшма таълим дастури бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилганлиги, олий таълим муассасаларига жами 146 минг 500 нафар ёки 2016 йилга нисбатан 2 баробар кўп талаба ўқишга қабул қилингани олий таълим тизимига берилаётган эътиборнинг ёрқин бир намунасидир.

Мурожаатномада олий таълим тизимидаги мавжуд муаммоларни ечими билан боғлиқ энг муҳим вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, Мурожаатномада олий маълумот олишни, ўз устида ишлаб, илмли бўламан, дейдиган, юрагида ўти бор, жўшқин ёшларнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликлар яратилиши учун мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш вазифаси белгиланди.

Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини оптималлаштириш, бунда асосий эътиборни ўқишга кириш жараёнларини соддалаштиришга, олий ўқув юртларида чинакам билим ва тарбия олишга қаратиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Ушбу Мурожаатномада яна бир муҳим аҳамиятга эга бўлган фикр билдирилди. Олий таълим стандартлари хорижий тажриба асосида такомиллаштирилиши, таълим йўналишлари ва ўқитиладиган фанлар қайта кўриб чиқилиши, пировардида мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сонини 2 баробар қисқартириш зарурлиги, асосий эътибор мутахассислик фанларига қаратилиши маълум қилинди.

Маълумки, бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, олий таълимда ўқув жараёнини кредит-модуль тизимига ўтказиш талаб этилмоқда. Жорий йилдан бошлаб эса педагогик таълимнинг 6 та йўналиши бўйича ўқиш муддатини 3 йил қилиб белгиланиши талабаларга қисқа муддатда олий маълумот олишлари, мустақил ҳаётда ўз ўринларига эга бўлиш имкониятини яратиб бериши шубҳасиз.

Мурожаатномада белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатимиз тараққиётининг келгуси босқичларида олий ўқув юртларига босқичма-босқич академик ва молиявий мустақиллик берилади. Жорий йилда эса уларнинг 10 таси ўзини ўзи молиявий таъминлашга ўтади. Бундан ташқари, камида 5 та олий таълим муассасасини конкурс асосида танлаб олиниб, нуфузли хорижий олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорликда уларни трансформация қилиш бошланади.

Мурожаатнома узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, мамлакатимизнинг изчил ривожланиб бораётган иқтисодиётини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, барча ҳудудлар ва тармоқларни стратегик жиҳатдан комплекс ривожлантириш масалаларини ҳал қилиш борасида олий таълим тизими иштирокини кенгайтириш йўлидаги яна бир муҳим амалий қадам бўлди.

Наримон ДЕҲҚАНОВ,

НамДУ ижтимоий-иқтисодий факультети декани,

тарих фанлари номзоди.