Наманган вилоятидан 10 та спорт тури бўйича 28 нафар умидли ва иқтидорли спортчиларимиз тест синовларсиз ва қўшимча имтихонларсиз ўқишга кириш хуқуқини қўлга киритишди

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13-октябрдаги 226-сон қарори билан тасдиқланган Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-хунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисидаги Низомига асосан жорий йилда 2019-2020 ўқув йили учун Жисмоний тарбия ва спорт йўналишида Олий таълим муассасаларига Наманган вилоятидан 10 та спорт тури бўйича 28 нафар умидли ва иқтидорли спортчиларимиз тест синовларсиз ва қўшимча имтихонларсиз ўқишга кириш хуқуқини қўлга киритишди.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 12-июл куни Наманган шаҳридаги “Ёшлар маркази” да чемпион спортчиларга Вазирлик томонидан тақдим этилган Гувохномаларни топшириш бўйича тантанали маросими бўлиб ўтди. Мазкур маросимда вилоят ҳокимининг ўринбосари П.Маткаримов, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси А.Мўминов, Наманган вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Карабаев, Наманган Давлат Университети қабул комиссияси раиси А.Исақбаев ҳамда оммавий ахборот воситалари ҳодимлари иштирок этишди.

Республика ва халқаро миқёсидаги мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб, Олий ўқув юртига кириш имтихонларсиз ўқиш имкониятини қўлга киритган барча спортчиларга гувохномалар тантанали равишда топширилди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Республикамиздаги барча спортчиларга мана шундай имкониятни яратиб берган, барча вилоятлар қатори Наманган вилоятида жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш, умидли ва иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш борасида яратиб бераётган шарт шароитлари учун вилоятимизнинг барча тренерлари ва спортчилари Мухтарам Президентимизга чуқур миннатдорчилик билдиришди.

Қуйида ушбу тақдирлаш маросимидан фотолавҳалар: