February 20, 2020

ҲОКИМ – КИТОБ ТАҚДИМОТИ ТАШАББУСКОРИ

Президентимиз олға сурган беш ташаббус ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани бор гап. Хусусан, китобхонлик маданиятига эътибор, ёшларни мутолаа жараёнига қизиқтириш бу борадаги долзарб вазифалардан бири. Бироқ айнан ҳоким ташаббуси билан китоб тақдимотини ташкиллаш ва бу тадбирда ҳокимнинг охиригача иштирок этиши, очиғи, камдан-кам учрайдиган ҳодиса.

Чортоқ туман ҳокими Анваржон Отахўжаев – мана шундай ташаббускор, зиёлилар ва ижодкорларни қўллаб-қувватловчи ҳокимларнинг пешқадами.

- Адабиётга муҳаббат ўз маҳалламиз, қишлоғимиз, туманимизда вояга етиб, эл юртга танилган ижодкорларни қадрлашдан, ўрганишдан бошланади. Бу жараёнсиз ёшларда миллий ва жаҳон адабиётига ҳавас уйғотиш – мушкул вазифа. Шунинг учун ҳам биз, аввало, «Чортоқ анталогиси»ни яратишни ўз олдимизга бош мақсад қилиб қўйдик. Бу вазифани таниқли ижодкор Боқий Мирзо шараф билан уддалади, - дея мамнунлигини билдирди у.

Чортоқ туман ҳокимлиги биносида бўлиб ўтган «Чортоқ анталогиси» китоби тақдимотида бир гуруҳ таниқли ижодкорлар, ўқитувчилар ва ўқувчи ёшлар иштирок этишди.

Албатта, тазкирачилик – адабиётимизда ўзига хос анъаналарга бой алоҳида йўналиш. «Чортоқ анталогиси» ўзида ШАРҚ тазкирачилик анъаналарини ва жаҳон адабий анталогияси ютуқларини ўзида мужассам этган. Унда туманда яшаб, ижод қилган ва бугун ҳам фаолиятда бўлган 51 нафар шоир-ёзувчининг таржимаи холи, улар қаламига мансуб асарлардан намуналар жамаланган.

Тадбирда сўзга чиққанлар китоб туман маънавий муҳитида муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, уни яна ҳам бойитиш лозимлигини таъкидлашди. Жумладан, машҳур «Тирик сатрлар» китобидан ўрин олган ва 25 ёшида қурбон бўлган истеъдодли шоир Мухторхон, таниқли фольклоршунос Малик Муродов, Кўлбуқон достончилик мактабининг ёрқин вакили, «Алпомиш» достонининг Фарғона водийси версиясини мароқ билан куйлаган Роззоқ бахши Қозоқбой ўғли ҳаёти ва ижоди наинки, Чортоқ тумани, балки бутун мамлакатимиз адабиёт ихлосманлари учун ҳам ғоятқизиқарлидир.

Тадбир якунида туман ҳокими Анваржон Отахожаев «Чортоқ анталогиси» туман тарихини яратиш жараёнидаги дастлабки босқич эканлигини айтиб, зиёлиларни эзгу ишга бош қўшишга чорлади.

Санжарбек ҲАМИДОВ.