December 12, 2020

НАВОИЙ ШАҲРИ: САЛМОҚЛИ НАТИЖАЛАР, ИСТИҚБОЛЛИ РЕЖАЛАР

2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Навоий шаҳрини 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари юзасидан

Навоий шаҳар ҳокими М.М.Базаровнинг

МУРОЖААТНОМАСИ

Ҳурматли депутатлар,

Қадрли сессия иштирокчилари!

Авваламбор, Сизларни куни кеча нишонланган улуғ айём – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллик байрами билан шаҳар ҳокимлиги ва жамоатчилиги номидан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Қадрли ҳамшаҳарлар!

Бугунги анжуманимизда, халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутатлари, шаҳар тизимидаги ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишмоқда.

Эътироф этиш керакки, сўнгги йилларда ҳурматли Юртбошимиз томонидан мамлакатимизда барча соҳаларда изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз ташаббуслари билан 2020 йил давомида ҳам иқтисодиёт тармоқларини замон талаблари асосида модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу орқали ҳудудларнинг имкониятларини тўла юзага чиқариш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилиб, ташаббус ва таклифлар қўллаб-қувватланмоқда.

Бугун барчамиз белгиланган лойиҳаларнинг молиявий, ташкилий жиҳатлари ҳал қилиб берилаётганлигининг амалий ифодасини ҳар бир соҳада сезиб, гувоҳи бўлиб турибмиз.

Энг муҳими, барча ҳаракатларимиз халқимизнинг турмуш шароитларини яхшилаш, оддий одамларнинг давлатдан, ҳаётдан рози бўлишига қаратилгандир.

Қадрли ҳамшаҳарлар !

Энди 2020 йилда шаҳримизда иқтисодий-ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қисқача тўхталиб, асосий эътиборни 2021 йилда қилиниши лозим бўлган устувор вазифаларимизга қаратмоқчиман.

Аввало, шуни таъкидлашим керакки, ислоҳотларни амалга ошириш бўйича Давлатимиз Раҳбари томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар ижроси устидан тизимли назорат йўлга қўйилган ҳамда бу ўз навбатида шаҳарда ҳам ўз аксини топиб кенг кўламли ишларга қўл урилди.

Хусусан, шаҳримизда йил якуни билан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 106,3 фоизга, халқ истеъмол моллари 106,0 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 101,7 фоизга, қурилиш ишлари 100,2 фоизга, чакана савдо айланмаси 105,7 фоизга ва хизматлар ҳажми 106,1 фоизга ўсиши таъминланади.

Худди шундай, “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ижросини таъминлаш юзасидан ҳам қатор ишлар амалга оширилиб, ҳудудий солиқ тўловчилар томонидан жорий йилнинг 11 ойида 296 млрд. сўмлик бюджетга тушумлар тушиши таъминланди. (режа 105 фоизга бажарилди, 14 млрд. 700 млн. сўм ортиқча тушум туширилди).

Барчамизга маълумки, Юртбошимиз томонидан ҳудудларда инвестиция муҳитини тубдан ўзгартириш, ҳудудларга инвестиция лойиҳаларини жалб этиш, пировард мақсадда янги иш жойларини янада ошириш борасида ҳар бир ҳоким ва секторлар олдига катта вазифалар қўйилди.

Ушбу вазифаларни бажариш мақсадида 2020 йилда Навоий шаҳрида умумий қиймати 233 млрд. 559 млн.сўмлик 58 та лойиҳа ишга туширилди ва натижада 575 та янги иш ўринлари яратилди.

Айниқса, бу борада ишларни янада жадаллаштириш, мавжуд бўш турган бино ва ерлардан самарали фойдаланиш юзасидан изчил ишлар олиб борилиб, Давлатимиз Раҳбарининг алоҳида топшириқлари ижроси юзасидан ўтган 2 йилда 2 та кичик саноат зонаси ташкил этилиб, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришга қўшимча шароитлар яратилди.

Хусусан, собиқ “Нон заводи” негизида қиймати 19 млрд. 600 млн. сўмлик 5 та импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар (макарон, нон, қандолат, ун маҳсулотлари ҳамда сутли печенье маҳсулотлари) ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиши натижасида 158 та янги иш ўрни яратилди.

Шунингдек, шаҳримиздаги собиқ “2-сонли темир-бетон заводи” негизида импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида иккинчи “Кичик саноат зонаси” ташкил этилди.

Ҳудуднинг умумий майдони 7,6 гектар 38 та лотга ажратилиб, бош режаси ва лойиҳаларни жойлаштириш концепцияси тасдиқланди, инвестиция мажбуриятлари белгиланди ҳамда бу борада амалий ишлар бошлаб юборилди.

Келгуси йилда ҳам умумий қиймати 1 трлн. сўмлик (банк кредити 337 млрд. 240 млн.сўм, ўз маблағи 371 млрд. 935млн.сўм, хорижий кредит линияси орқали 24 млн. 920 минг АҚШ доллари, хорижий инвестиция 3 млн. 900 минг АҚШ доллари) 90 тага яқин ҳудудий инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати шакллантирилмоқда.

Натижада мингга яқин янги иш ўринлари яратилишни режалаштирганмиз.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар,

Янги маҳсулот турларини ишлаб чиқариш эвазига импорт ўрнини тўлдириш мумкинлиги барчамизга яхши маълум. Жорий йил давомида 43 та лойиҳада (21 таси машинасозлик, 5 таси қурилиш материаллари саноати, 7 таси енгил саноат, 5 таси кимё, 5 таси электротехника, 2 таси тўқимачилик саноати ҳамда 3 таси бошқа саноат йўналиши) 97,5 млрд.сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, белгиланган режа 125 фоизга бажарилиши кутилмоқда.

Келгусида шу ишларни давом эттириб, 2021 йилда маҳаллийлаштириш дастури доирасида 12 та лойихада 284 млрд. сўмлик ҳажмлар яратилиши ҳамда 27,6 млн. АҚШ доллар миқдорида чет эл валютаси иқтисод қилиниши белгилаб олинди.

Юқорида қайд этилган тадбирлар ҳисобига, 2021 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 102 фоизга, халқ истеъмол моллари 106 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 101 фоизга, қурилиш ишлари 102 фоизга, чакана савдо айланмаси 104 фоизга ва хизматлар ҳажми 105 фоизга ўсиши таъминланади.

Бугунги кунда шаҳримизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларга кенг кўламли шароитлар яратиб бериш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, ҳозирги кунда шаҳарда жами 4 минг 19 та тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиб келаётган бўлиб, ушбу тадбиркорлик субъектларининг 699 таси саноат, 425 таси қурилиш, 256 таси қишлоқ хўжалигида, 1 минг 467 таси савдо ва 666 таси турли хизмат кўрсатиш йўналишидаги корхоналар ҳамда 506 таси бошқа хизматлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Биргина жорий йилнинг ҳисобот даврида шаҳарда 701 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилди.

Ушбу янгидан ташкил этилган кичик бизнес субъектлари ҳисобидан бюджетга жами 1 млрд. 600 млн. сўмдан ортиқ миқдорида тушум туширилиб, қўшимча 901 та янги иш ўринлари яратилди. Жорий йил якунига қадар яна қўшимча 100 дан ортиқ янги тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш мўлжалланган.

Бу соҳада 2021 йилда ҳам ишларни яна кучайтириб, мазкур кўрсаткичларни сонга эмас, балки сифат даражасига қаратиб, уларнинг яшовчанлик даражасини ошириш бўйича тегишли йўл хариталарини белгилаб олганмиз.

Ҳурматли навоийликлар,

Хабарларингиз бор, пандемия даврида аҳолининг аксарият қисми ўз даромадини йўқотди. Албатта, бу борада ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида юзага келган муаммолар бартараф этилди.

Хусусан, коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирознинг иқтисодиёт, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятига таъсирини юмшатиш ва бизнес вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг
20 га яқин фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Ушбу фармон ва қарорлар асосида шаҳримиз тадбиркорлари қуйидаги имтиёзларга эга бўлди:

- пандемиядан зарар кўрган 936 та кичик бизнес субъектлари 3 млрд. 200 млн. сўмлик мулк ва ер солиғидан озод қилинди;

- 86 та тадбиркорга фойдаланилмаётган ер участкалари ва объектлари учун 1 млрд. 400 млн сўм юқори ставкаларни тадбиқ этиш ва жарималарни ундириш тўхтатилди;

- 3 минг 154 та кичик бизнес субъектлариучун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга камайтирилиши натижасида тадбиркорлар 138 млрд. сўм солиқ имтиёзларига эга бўлди;

- умумий овқатланиш ва алкоголь маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи 44 тадан ортиқ корхоналар учун ажратмалар 5 фоиздан 3 фоизга ва йиғимлар миқдори 25 фоизга камайтирилганлиги натижасида 95 млн.сўм маблағлар улар ихтиёрида қолдирилди.

Шунингдек, шаҳар ҳудудидаги тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар короновирус пандемияси сабабли 1 минг 728 та тадбиркорлик субъектларининг 139 млрд. 400 млн. сўм кредит маблағларининг муддатлари узайтириб берилди.

Жорий йилда аҳолини тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган дастурлар доирасида 672 нафар фуқарога 18 млрд. 200 млн.сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратиб берилди.

Хусусан, “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида 570 нафар фуқаро ва тадбиркорларга 9 млрд. 800 млн.сўм, ҳунармандчилик жамғармаси ҳисобидан 69 нафар ҳунармандга 2 млрд. 300 млн. сўм, “Yoshlar kelajagimiz” дастури доирасида 8 нафар ёшларга 4 млрд. 900 млн. сўм ҳамда Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 25 нафар фуқарога 426 млн.сўм. маблағлар ажратилди.

Шунингдек, ҳунармандчилик соҳаси учун яратиб берилаётган имкониятлар ва кўрилаётган чоралар натижасида бугунги кунда Навоий шаҳрида мазкур йўналишда 619 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди.

Ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича эришилаётган натижаларда соҳага берилаётган имкониятлар, жумладан ҳунармандчилик лойиҳалари учун ажратилаётган имтиёзли кредит маблағлари муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жорий йилда Навоий шаҳрида инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар эвазига 14 та тадбиркорлик субъектларига давлат активлари ва 9 гектар ер майдонлари ажратилиши эвазига 39 млн. 300 минг. АҚШ доллар инвестиция ўзлаштирилиши ҳамда 455 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Қадрли ҳамшаҳарлар!

“Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” давлат дастури ижроси борасида ҳам бир қанча ишларни амалга оширмоқдамиз. Хусусан, шаҳримизда ҳам ахборот технологиялари ва коммуникациялари хизматлари ҳажмининг ўсиши йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Жорий йилда шаҳар бўйича телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш лойиҳаси амалга оширилди. Унга кўра шаҳардаги мавжуд 91 та ижтимоий соҳа объектларида оптик толали алоқа линиялари орқали юқори тезликдаги интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти яратилди. Шаҳардаги мавжуд аҳоли масканлари симли интернет қамрови билан 95 фоиз, мобил интернет хизматлари билан 100 фоизга таъминланди.

Биргина жорий йилнинг ҳисобот даврида мобил алоқа тармоқлари сифатини янада яхшилаш учун 30 та мобил алоқа база станциялари янгидан ўрнатилди, 27 таси модернизация қилинди.

Таълим соҳасида қатор тадбирлар амалга оширилиб, шаҳардаги мактабларда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси кенг жорий қилинди ва айнан шаҳардаги 17-мактаб информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган таянч мактабига айлантирилди.

Дастурий таъминот ва ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш мақсадида 2020-2022 йилларда давлат бошқаруви, электрон соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, коммунал соҳаларини ривожлантириш бўйича жами 29 та ахборот тизимлари жорий қилинади.

Хусусан, “Электрон кундалик”, “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини бошқариш”, “Болалар боғчаси”, “Электрон поликлиника”, “Электрон рецепт”, “Шаффоф қурилиш”, “E-qaror”, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”, “Ақлли дала”, “E-Mehmon” ахборот тизимлари, “Халқ назорати” электрон портали ҳамда Пахта-тўқимачилик кластерларини ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий рақамли технологияларни жорий қилиш режалаштирилган.

Ҳурматли сессия иштирокчилари!

Шаҳримизда 2020 йил учун йиллик жами 25 млн. 256 минг долларида экспорт прогноз режаси (22 млн. 156 минг доллари саноат, 3 млн.100 минг доллари мева-сабзавот йўналиши амалга оширилиши белгиланган) январь-ноябрь ойларида 30 млн. 431 минг долларга бажарилди ҳамда белгиланган кўрсаткич 120 фоизга уддаланди.

2021 йилда ҳам экспорт ҳажмини ўтган йилга нисбатан ортиғи билан яъни 30 млн. 600 минг АҚШ доллар экспорт прогнози ҳудудий ҳамда тармоқ йўналишлари бўйича амалга оширилиши кутилмоқда.

Бу борада асосий эътиборни экспорт географисини кенгайтиришга қаратиб, янги бозорлар топиш бўйича тизимли ишларни амалга оширишни белгилаб олганмиз.

Масалан жорий йилда 9 та хорижий давлатлар билан бевосита экспорт опрециялари амалга оширилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткичлар янада ошиб, қўшимча яна 6 та давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши белгиланган.

Хабарингиз бор, пандемия давригача “Обод маҳалла” дастури асосида олиб бораётган ишларимиз натижасида шаҳримиздаги маҳаллалар навбат асосида обод қилинаётган эди.2019 йилда “Жанубий”, “Бинокор”, “Янгиариқ” маҳалла фуқаролар йиғинларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, Давлат дастури доирасида мазкур ҳудудларда 26 млрд. 157 млн. сўмлик қурилиш -таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

2021 йилда эса шаҳарнинг “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғинида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши, бундан ташқари, мавжуд мактаб ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биноларини реконструкция қилиш, ички йўл, коммуникация тармоқларини қайта таъмирлаш ва янгидан қуриш режалаштирилган.

Республикамизда шаҳримиз энг кўп қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Биргина Навоий шаҳрида 2020 йил Инвестиция дастури асосида жами8 та ижтимоий соҳа объектларини қурилиш-таъмирлаш ишларига 39 млрд. 117 млн. сўм маблағлар йўналтирилиб, уларда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланган бўлса, шаҳардаги тадбиркорлик субъектлари томонидан 24 та 1 минг 605 хонадонли кўп қаватли турар-жой бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Арзон уй-жойлар қуриш дастури йўналиши доирасида эса 5 та 7 қаватли жами 210 хонадондан иборат уй жой бунёд этилди.

Бундан ташқари, ҳарбий хизматчиларнинг оилалари учун 2 та 5 қаватли жами 60 хонадонли уй-жойлар фойдаланишга топширилди.

Мазкур қурилиш, бунёдкорлик ишлари кейинги йилларда ҳам давом эттирилиб, 2021-2022 йилларда шаҳар ҳудудида 67 та кўп қаватли 5000 хонадонли уй-жой қурилиши режалаштирилган.

2021 йилда 3 та ҳар бири 7 қаватли, 126 хонадонли арзон уй-жойлар қуриш режалаштирилган бўлиб, уларнинг қурилиш ишлари бошлаб юборилган.

Бундан ташқари, жорий йилда 255 та кўп қаватли турар-жой бинолари жорий ҳамда мукаммал таъмирланган бўлса, бу борадаги ишларимизни келгуси йилда ҳам изчиллик билан давом эттириб, кейинги йилда 140 та кўп қаватли турар-жой бинолари жорий ҳамда мукаммал таъмирлашни ўзимизга мақсад қилиб олганмиз.

Шаҳримизда электр тармоқлари истеъмолчилари сони ҳозирда 54 минг 865 тани ташкил этиб, жорий йилда электр энергия сарфини камайтириш ҳамда қарздорликларнинг олдини олиш мақсадида 20 минг 80 та истеъмолчига замонавийҳисоблагичлар ўрнатилди.

Шу билан бирга 2021 йилда 1,4 км узунликдаги 0,4 киловат кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳамда 26 дона тармоқ трансформаторларини мукаммал таъмирлаш кўзда тутилган.

2020 йилда 1000 метр газ қувурлари реконструкция қилинди. Бундан ташқари, 198 та газ тақсимлаш қурилмаси техник тафтишдан ўтказилди ҳамда 4 минг 312 та истеъмолчига замонавийгаз ҳисоблагичлар ўрнатилди.

2021 йилда шаҳарнинг “Ўзбекистон” ва “Жанубий” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги газ тармоқларини мукаммал таъмирлаш кўзда тутилган.

Йўл масаласи ҳам диққат-эътиборимиздаги асосий йўналишлардан бири бўлиб келмоқда. Хусусан, жорий йилда 9 млрд. 955 млн. сўм пул маблағ эвазига 18 км. ички автомобил йўлларини қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

2021 йилда шаҳримиз ҳудудида умумий узунлиги 6,2 км бўлган марказий кўчанинг мавжуд йўл қисмини кенгайтириш, 18-кичик туманида 700 метрга яқин ички йўлларни янгидан қуриш, 2 км узунликдаги ички йўлларни реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш белгиланган.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар,

Айни пайтда, Навоий шаҳрида 74 та юк ва йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи уюшмалар мавжуд бўлиб, ушбу автокорхоналарда жами 2 минг 445 та транспорт воситалари яъни, 101 та автобус, 8 та микроавтобус, 2 минг 238 та енгил автомобиллар, 98 та оғир юк автомобиллари белгиланган тартибда лицензия олиб, юк ва йўловчи ташиш хизматини кўрсатиб келмоқда.

Бундан ташқари, шаҳримизда 13 та йўловчи ташиш йўналишлари, шундан 7 та автобус ва 6 та дамас ҳамда енгил йўналишли такси фаолияти самарали иш олиб бораяпти.

Уларга етарлича шарт-шароит яратиш ҳамда белгиланган тартиб-таомилларга амал қилишини таъминлаш доимий эътиборимиздаги масала бўлиб келаяпти.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда Навоий шаҳар аҳолиснинг транспорт бўйича қамраб олинганлик даражаси 100 фоизни ташкил этади.

2020 йилда Навоий шаҳрида “Шарқ” автостанциясиянгидан қурилиб, фаолиятини бошлади.

Бундан ташқари, аҳолига қулайлик яратиш масадида қисқа муддатда 8 та оралиқ бекатлар фаолияти йўлга қўйилди.

Транспорт соҳасидаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида янги-янги лойиҳалар устида иш олиб бораяпмиз. Албатта, бу борада айрим муаммолар ҳам йўқ эмас.

Хусусан, 2021 йилда Навоий шаҳрига 30 та “Исузу” автобусларини сотиб олиш учун тижорат банклари томонидан 13.0 млрд.сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратишни режалаштириб олганмиз.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Шаҳримизда аҳоли бандлигини таъминлаш асосий вазифалардан бўлиб қолмоқда. Гарчи, шаҳримизда қанчадан-қанча янги ишлаб чиқариш объектлари фаолият кўрсатаётган бўлсада, шаҳримиз аҳолисини доимий иш жойи билан таъминлаш борасида қиладиган ишларимиз ҳали жуда кўп.

Бу борада, жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишларга тўхталадиган бўлсам, аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига мувофиқ, Навоий шаҳрида жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида 3 766 та доимий янги иш ўринлари яратилди, жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2 минг 100 нафар ишсизлар (шундан 1,1 минг нафар ёшлар ва 0,9 минг нафар хотин-қизларни) жамоат ишларига жалб қилинди ва уларга иш ҳаққи тўлови учун 1 млрд. 900 минг. сўм тўлаб берилди.

Шаҳарда ҳисобот даврида ишсиз, деб эътироф этилган 509 нафар (шундан, меҳнат мигрантлари 117 нафар) фуқароларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда тил ўргатишга юборилган бўлса, норасмий иш ўринларини аниқлаш ва легаллаштириш бўйича 5 минг 200 нафар ва ўзини-ўзи банд қилиш бўйича 2 минг 200 нафар фуқаролар расмийлаштирилиб, жорий йил бошига нисбатан норасмий секторда банд бўлганлар сони 7 минг 400 нафарга камайтирилди.

Албатта, бу борадаги ишларимизни 2021 йилда ҳам яна давом эттиришимиз керак.

2021 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига мувофиқ 4 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади.

Айниқса, янгидан ташкил этиладиган “Ишга марҳамат” мономарказида 20 дан ортиқ замонавий янги касб йўналишларини ўрганиш йўлга қўйилади ҳамда меҳнат миграциясидан қайтганлар, ёшлар, хотин-қизларнинг касб-ҳунар эгаллашига эътибор қаратилади.

Юқорида қайд этилган тадбирлар ҳисобига 2021 йилда ишсизлик даражаси 8,3 фоиздан 7,2 фоизга ёки 1,1 пунктга камайишига эришилади.

Ҳурматли навоийликлар!

Асосий масалаларимиздан яна бири халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг муамомоларини тинглаш ва ижобий ҳал этишга кўмаклашишга қаратилгандир. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётганлигини инобатга оладиган бўлсак, бу борада асло бепарволик ва беэътиборликка йўл қўйиб бўлмайди.

Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида биргина Навоий шаҳар ҳокимлигига жисмоний ва юридик шахслардан жами 3 минг 779 та мурожаат келиб тушган. Бу рақамни ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирадиган бўлсак, 91 тага камайганлигини кўришимиз мумкин.

Келиб тушган мурожаатларнинг 1 минг 456 таси қаноатлантирилган, 2 минг 112 тасига тушунтириш берилган, 78 таси рад этилган, 113 та мурожаат эса кўриб чиқилмоқда.

Ушбу келиб тушган мурожаатлар йўналишлар бўйича таҳлил қилинганда, энг кўп мурожаат уй-жой масаласида бўлиб, 1 минг 980 та, яъни асосий мурожаатларнинг 53 фоизини ташкил этмоқда. Шунингдек, моддий ёрдам ва озиқ-овқат масаласида 1 минг 60 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 28 фоизни ташкил этди.

Келгусида ҳам фуқароларимизнинг ҳар қандай мурожаати бизнинг доимий диққат-эътиборимиз марказида бўлиб қолади.

Қадрли дўстлар,

Барчамизга маълум, муҳтарам Президентимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш бўйича барча даражадаги раҳбарлар олдига муҳим вазифалар қўйилди ва бу борада Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 26 мартдаги “Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳам қабул қилинди.

Ушбу фармонга кўра, шаҳардаги 46 минг 626 та оилаларнинг яшаш шароитлари тўлиқ ўрганиб чиқилди. Натижада эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож ҳисобланган 1 минг 412 та оилалар (уларнинг 5 минг 252 нафар оила аъзоларининг) руйхати шакллантирилиб, “темир дафтар”га киритилди.

“Темир дафтар”га киритилган оилаларда 1 минг 547 нафар меҳнатга лаёқатли фуқаролар мавжуд бўлиб, уларнинг 1 минг 545 нафарининг бандлиги таъминланди.

Кўрилган саъйи-ҳаракатлар натижасида камбағаллик рўйхатида бўлган 1 минг 289 та оилалар “темир дафтар”дан чиқарилди.

Бугуни кунда “Темир дафтар”даги камбағал оилалар сони
123 тани ташкил этмоқда. Ушбу оилалар мен бошчилигимда сектор раҳбарлари томонидан доимий равишда ижтимоий ҳимояси кафолатланади.

Шунингдек, пандемия шароитида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида шаҳардаги 4 минг 520 нафар эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларга 2 млрд. 127 млн.сўм қийматидаги ёрдамлар кўрсатилиб, бу каби фуқароларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларимизни изчиллик билан давом эттирамиз.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар!

Жорий йилнинг 8 октябрь куни хурматли Юртбошимиз томонидан “Жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари” бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқ асосида “Аёллар ва ёшлар дафтарлари”ни юритиш бўйича хатлов ишлари амалга оширилди.

Хатлов натижаларига кўра, бугунги кунда Навоий шаҳрида хонадонлар сони 43 минг 152 та бўлиб, шундан 18-30 ёшгача бўлган ёшлар сони 29 минг 952 нафарни, 30 ёшдан юқори бўлган аёллар сони эса 35 минг 41 нафарни ташкил этади.

Ўтказилган хатлов натижасида 7 минг 509 нафар муаммоли аҳоли аниқланди. Шундан, 3 минг 396 нафари 30 ёшдан юқори аёллар, 4 минг 113 нафари 18-30 ёшдаги ёшлар.

2021 йилда аниқланган 7 минг 509 нафар муаммоли фуқаролар билан бир қатор манзилли ишларни амалга ошириш режалаштирилган.

Хусусан, 2 минг 891 нафар ишсиз хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш, 919 та оилаларга тиббий, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, 1 минг 119 нафар оилаларга уй-жой ажратиш, 30 нафарига ижтимоий уй-жой ажратиш, 2 минг 580 нафар аёллар ва ёшларга тадбиркорлик қилиш учун имтиёзли кредитлар ажратишчораларини кўриш белгиланди.

Навоий шаҳрида ичимлик суви борасида айтарли муаммолар кўзга ташланмаса-да, бу борада ҳам ишларимизни янада жонлантириш устида иш олиб бораяпмиз.

Келгуси йилда 7 км иссиқлик ва 1 км сув таъминоти тармоқларини мукаммал таъмирлаш ҳамда 209 км иссиқлик, 279 км сув таъминоти тармоқларини жорий таъмирлаш, 1 км иссиқлик қувурларини изоляция қопламаларини тиклаш ишларини амалга оширишни режалаштирганмиз.

Шунингдек, шу йилнинг ўзида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш даражасини ошириш ва сув йўқотиш даражасини камайтиш бўйича шаҳримизда автоматлаштирилган дастурини тадбиқ этилиб, дастурда 1 минг 208 та хонадонга сув ўлчаш мосламалари ўрнатилди.

Ҳурматли навоийликлар!

Мактабгача таълим тизимида таълим сифатини ошириш, бугунги кунимизнинг устувор масалаларидан бирига айланди. Шу боис, келажагимиз эгалари учун муносиб шарт-шароит яратиб бериш, уларнинг тарбиясини яхшилаш зиммамизга янада улкан масъулият юклайди.

Бугун Навоий шаҳридаги 3 ёшдан 7 ёшгача болалар 11 минг 230 нафарни ташкил этиб, 53 та (19 та нодавлат) мактабгача таълим ташкилотларимизда 11 минг 530 нафар болажонларимиз тарбияланмоқда. Ушбу тарбияланувчиларнинг 832 нафари қўшни туманлардан келаётган болалар эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, шаҳар болаларининг 95 фоизи мактабгача таълимга қамраб олинган.

Шунингдек, 6 ёшли 2 минг 886 нафар фарзандларимиз боғчаларда тарбияланмоқда.

Йил якунига қадар шаҳримизда 6 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 1 та давлат хусусий шерикчилик асосидаги боғча фаолиятини бошлайди. Бу орқали яна 270 нафар болалар мактабгача таълимга жалб этилади.

Жорий йилда маҳаллий бюджет маблағларидан мактабгача таълим тизимининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 600 млн. сўм, шаҳардаги 8 та мактабгача таълим ташкилотлариниг иситиш тизими ҳамда жорий таъмирлаш ишлари учун 1 млрд. 800 млн. сўм маблағ ажратилди.

2021 йилда мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлмаган
6 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида 8 та оилавий ва 4 та хусусий шаклдаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этиш орқали 690 нафар болаларни мактабгача таълимга қамраб олиб, қамров даражасини 99 фоизга етказишни режалаштирганмиз.

Шунингдек, 2021 йил Инвестиция давлат дастури асосида 7-сонли мактабгача таълим ташкилоти биноси (4 млрд. 500 млн. сўмга) ва 11-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларини (5 млрд. 500 млн. сўмга) капитал таъмирлаш режалаштирилган.

Ҳурматли сессия иштирокчилари!

Рухсатларингиз билан энди халқ таълими йўналишида олиб борилаётган ишларимизга тўхталиб ўтсам. Шу ўринда, фахр билан айтиш керакки, шаҳримиз халқ таълими тизими таълим сифати бўйича бир неча йилдан буён Республикада биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Жорий йилда мактабларимизни битирган 2 минг 401 нафар ўқувчи-ёшларнинг 1 минг 488 нафари, яъни 62 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.

Бунинг натижасида мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари бўйича ҳам Навоий шаҳри Республикада биринчи ўринни эгаллади.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда Навоий шаҳридаги мактабларда жами 34 минг 197 нафар ўқувчилар таълим олмоқда.

2019-2020 ўқув йилида Навоий шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли таълим муассасалари педагогларидан 31 нафари турли даражадаги давлат мукофотлари ва кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

“5 ташаббус мактабда” республика танловида 7-,11-,12-,16-мактаблари республикада фахрли 1-ўринни эгаллаб, Халқ таълими вазирлигининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Навоий шаҳрида жорий йилда илк бор Беруний номидаги давлат-хусусий шерикчилик асосида математика, инглиз тили ва рус тили фанларига ихтисослаштирилган 320 нафар ўқувчи ўрнига мўлжалланган хусусий мактаб ҳамда Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Халқаро мактаб-интернати билан ҳамкорликда математика, физика ва инглиз тили фанларига ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилди.

Жорий йилда “Замонавий мактаб” лойиҳаси доирасида ҳамда Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, жами 14 млрд. 700 млн. сўм маблағ эвазига 3 та мактабда, хусусан 18-мактабда мукаммал таъмирлаш ҳамда 8-, 16-мактабларда реконструкция ишлари олиб борилди.

Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 8 та умумтаълим мактабларида 4 млрд. 300 млн. сўмлик жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Бундан ташқари, 430 млн. сўм маблағ эвазига 5 та умумтаълим мактабларининг ҳожатхоналари, 303 млн.сўм эвазига 4 та умумтаълим мактабларининг иссиқлик тизими ҳамда 185 млн. сўм эвазига 3-мактаб қозонхонаси, 17-мактаб иссиқлик тизими мукаммал таъмирланди.

Навоий шаҳридаги умумий ўрта таълим мактабларини янги ўқув мавсумига тайёрлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида маҳаллий бюджет ҳисобидан жами 1 млрд. 900 млн сўм маблағ йўналтирилди.

Таълим тизимини янада ривожлантириш, сифатини ошириш борасида келгуси йилда ҳам олдимизга жуда катта вазифаларни қўйганмиз. Хусусан, шаҳримизда, вилоятимизда ягона Президент мактаби қуришни режалаштирганмиз.

Таълим сифатини ошириш, зарур шарт-шароитларни яратиш ва моддий-техник базани бойитиш мақсадида 2021 йил маҳаллий бюджет маблағларидан 2 млрд 500 млн. сўмга яқин маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.

Умумтаълим мактабларидаги олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар салмоғини 30 фоизга, битирувчиларнинг олий таълимга қамров кўрсаткичини 65 фоизга етказиш мақсад қилинди.

Қадрли навоийликлар !

2020 йил барчамиз учун синовли йил бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Айниқса, шаҳримиз тиббиёт тизими учун бу йил ҳар қачонгидан оғир кечди. Шундай вақтлар бўлдики, биз етарли шароит яратдик, деб ўйлаган жойимизда муаммолар юзага келди. Пандемия барчамизни, хусусан тиббиёт соҳаси вакилларини янада шошириб қўйди. Эътироф этиш керакки, шифокорларимизнинг мардонавор ва фидокорона меҳнатлари билан беморларимизга малакали тиббий хизмат кўрсатилди, уларнинг саломатлиги тикланди.

Айни вақтда Навоий шаҳар тиббиёт бирлашмаси тизимидаги шаҳар марказий шифохонаси, 4 та оилавий поликлиника ва 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника томонидан аҳолимизга самарали тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда. Мазкур тармоқда 1 минг 122 нафар ходим фаолият олиб бормоқда. Уларнинг
233 нафарини олий маълумотли врачлар ташкил этади.

Бугунги кунда Навоий шаҳрида жойлашган даволаш-профилактика муассасаларида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш учун барча жиҳозлар мавжуд.

Жорий йилнинг ўзида инвестиция дастури асосида шаҳримизда 70 ўринли Навоий шаҳар марказий шифохонаси ишга туширилди.

Навоий шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳудудида лойиҳа қиймати 4 млрд.сўм бўлган 40 ўринли туғруқ мажмуа биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Инвестиция дастури асосида шаҳар 3-сон оилавий поликлиникаси қурилиш ишларига 4 млрд. 53 млн. сўм маблағ йўналтирилиб, мазкур бино янги йил арафасида шаҳримиз аҳолисига тақдим этилиши режалаштирилган.

Албатта, юқорида таъкидлаб ўтилган ишлар билан бир қаторда, келгуси 2021 йилда ҳам бу борада амалга оширадиган ишларимиз етарли.

Масалан, шаҳар аҳолси талаб ва истакларидан келиб чиқиб, шаҳардаги “Гулистон” қўрғонидаги 110 ўринли шаҳар марказий шифохона биноси қурилишни 2021 йил Инвестиция дастурига киритиш, “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган шаҳар марказий шифохонаси биносига эса шаҳар 1-сон оилавий поликлиникасини кўчириш ҳамда шаҳардаги 40 ўринли туғруқ мажмуаси фаолиятини 2021 йил январ ойидан бошлаб амалга ошириш шулар жумласидандир.

Таъкидлаш керакки, шаҳримиз спортчилари ҳамша улкан муваффақиятларга эришиб келган ва биз уларнинг ютуқлари билан ҳақли равишда фахрланиб келганмиз.

Чунки, улар орасида олимпиада ўйинлари, жаҳон чемпионати ғолиблари бўлган спорт усталаримиз кўпчиликни ташкил этади. Спортчиларимиз шаҳримиздаги мавжуд 226 та спорт иншоотларида шуғулланиб келмоқда. Шаҳарда 4 та стадион, 87 та спорт зал, 3 та сузиш ҳавзаси, 126 та спорт майдончаси ҳамда 1 та тир мавжуд.

Шунингдек, 2 та Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 4 та Ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 1 та футбол академияси ҳамда Олимпия захиралари коллежи фаолият кўрсатмоқда.

Навоий шаҳри бўйича жами 620 та гуруҳда 8 минг нафар ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланиб келаётган бўлса, уларнинг 2 минг 550 нафари қизлар ҳисобланади.

Навоий шаҳар спортчи-ёшлари жорий йилда вилоят, республика ва халқаро мусобақаларда 18 та олтин, 39 та кумуш, 52 та бронза медалларини қўлга киритганлиги барчамизни беҳад қувонтиради.

Бундан ташқари, “Токио - 2021” олимпия ўйинларида иштирок этиш учун шаҳримиздан 9 нафар спортчиларимиз давогарлик қилмоқда.

Навоий шаҳрида спортни ва соғлом турмуш тарзини ривожлантириш мақсадида 2021 йил давомида бундан-да юқори натижаларни кўзлаганмиз.

Хусусан, оммавий спортни тарғиб қилиш режаси асносида ташкилот ва идораларнинг ҳудудларида пиёда ва велосипедда юриш учун “Саломатлик йўлаклари” ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун “Тўсиқсиз муҳит” ташкил этиб, шаҳримизни бу борада ҳам намуна қилишни мақсад қилганмиз.

Ёшлар масаласи ҳамма вақт энг долзарб масалалардан ҳисобланади. Шундай экан, Навоий шаҳрида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда турли соҳаларда юксак натижа ва ютуқларга эришиб келаётган фидойиларини рағбатлантириш борасидаги ишларимизни изчиллик билан давом эттирмоқдамиз.

Энг аввало, ишсиз ёшларимизни доимий иш билан таъминламас эканмиз, кўзлаган натижаларимизга эриша олмаймиз. 2020 йилнинг январь ойиданоқ шаҳримизда жами 1 минг 458 нафар ишсиз ёшлар рўйхатини шаклантириб олган эдик. Жорий йилининг ўтган даври мобайнида эса 1 минг 988 нафар ёшлар бандлиги таъминланди. Албатта, сизда савол туғилади. 1 минг 458 та ишсиз ёш аниқланган бўлса, 1 минг 988 таси иш билан таъминланган бўлса, 530 та ишсиз ёш қаердан келди? Кўряпсизки, меҳнат бозори тўхтовсиз ўсиб бормоқда. Чунки, бир йил ичида олий таълим муассалаларини, коллеж ва мактабларни битирган ёшлар ишсизлар сафига келиб қўшилмоқда. Бунинг устига пандемия сабаб иш ўрнини йўқотганлар, хориждан қайтган ёшлар улар сафини кенгайтириб бормоқда. Биз эса янги иш ўринларини мос равишда ташкил қилиб бормасак, ишсизлик муаммосини ҳал этишда қийинчиликларга дуч келишимиз муқаррар.

Жамиятга келиб қўшилаётган ҳар бир ёшнинг ўз муаммолари бор. Бунда ёрдамга муҳтожлари ҳам мавжуд. Жорий йилда шундай ёшларнинг 15 нафарига шаҳар ҳудудида қурилган уй-жойлардан имтиёзли кредит асосида хонадонлар ажаратилди. Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида “Ёшлар келажагимиз” ва “Ҳар бир оила -тадбиркор” Давлат дастурлари орқали жами 74 нафар ёшларга 8 млрд. 200 млн.сўм имтиёзли кредит маблағлари берилди.

Бундан ташқари, “Ҳар бир ёшга - бир гектар” лойиҳаси доирасида 46 нафар ёшларга 20 гектар ер майдони ажратилди ҳамда уруғлик учун 10 млн.сўм пул маблағлари берилди.

Навоий шаҳридаги 4-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Суҳроб Ҳайдаров Юртбошимиз томонидан жорий этилган “Мард ўғлон” давлат мукофотига, Ёшлар ишлари агентлиги Навоий вилояти бошқармаси матбуот котиби Дилноза Абдуҳамидова эса “Келажак бунёдкори” медалига муносиб кўрилди.

Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббус доирасида мусиқа асбоблари, спорт ва компьютер жиҳозлари ҳамда китоблар тўплами хариди учун жами 530 млн.сўм маблағлар йўналтирилди.

Келгуси 2021 йилда ҳам ёшлар масаласи бизнинг доимий диққат-эътиборимизда бўлади.

Навоий шаҳри маҳаллаларида 2019 йил барча жиноят турлари 159 тани ташкил этиб, бу кўрсаткич 2020 йилда 127 тага етди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32 тага камайди.

Ўтган йили шаҳар миқёсида умумий жиноятлар 346 тани ташкил этган бўлса, бу кўрсатгич жорий йилда 424 тага етган. Айниқса, фирибгарлик, гиёҳвандлик, ўғирлик жиноятлари камайган бўлса, қасддан оғир тан жароҳати етказиш, безорилик, иқтисодий жиноятлар ошиши кузатилди.

Навоий шаҳар ҳудудида 2020 йилнинг 11 ойи давомида “Бинокор”, “Чинор”, “Кимёгар”, “Умид”, “Баҳор” ва “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида жиноятлар сони ошганлиги боис, ушбу маҳаллаларда миллий гвардия ходимлари ажратилиб, маҳалла раиси ва профилактика инспекторлари билан биргаликда жиноятни жиловлаш борасида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Олиб борилган самарали ишлар натижасида эса вазияти оғир бўлган “Мурувват”, “Ўзбекистон”, “Ғалаба”, “Бунёдкор”, “Янгиобод”, “Ватан”, “Ёшлик” ва “Меъмор” маҳаллалларида жиноятларнинг олдини олишга ва камайтиришга эришилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жорий йил давомида шаҳардаги 3 та маҳаллада бирорта жиноят содир этилмади, 5 тасида ошди, 10 тасида барқарор сақланди ҳамда 13 тасида камайишига эришилди.

Юқорида ошган жиноят турларини камайтириш юзасидан Навоий шаҳар ҳудудида жами 9 минг 661 та кузатув камералари ўрнатилди.

Оила-турмуш соҳасидаги жиноятларнинг олдини олиш масаласида хотин-қизлар бўйича мутахассислар ва маҳалла фаоллари ҳамкорлигида 204 та оила-турмуш доирасидаги келишмовчиликлар муҳокама этилиб, натижада 182 та оилаларни яраштиришга эришилди.

Шаҳарда маданият соҳасини ривожлантириш борасида ҳам аниқ чора-тадбирлар дастури белгилаб олиниб, мазкр йўналишда бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, бугунги кунда ёшларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларнинг маданият ва санъат соҳасига бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида маданият бўлимида жами 12 та тўгарак ва жамоалари ташкил этилиб, уларда жами 200 нафардан ортиқ ёшлар қамраб олинди.

Жорий йил шаҳар ҳокимининг фармойиши билан маданият соҳасига мусиқа чолғу асбобларини харид қилиш учун жами 90 млн. сўм маблағ ажратилди.

2021 йилда навоийликлар узоқ кутган – шаҳримиздаги Ёшлар марказининг ён томонида 15 млрд. сўм маблағ ҳисобига Қўғирчоқ театри биноси қурилиши белгиланди. 6 млрд. 400 млн. сўм маблағ эвазига шаҳар маданият маркази биносини қуриш, Навоий шаҳар Алишер Навоий номли марказий маданият ва истироҳат боғи ҳудудида цирк ташкил этиш режалаштирилган.

Президентимиз раҳбарликларида жамиятда аёлларнинг мавқеини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада шаҳримизда ҳам қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Шуни мамнуният билан айтишим мумкин, шаҳримиз миқёсидаги бошқарув органлари, корхона ва ташкилотларда фаолият кўрсатаётган аёл раҳбарлар умумий сони 75 нафарга етди. Улардан 57 нафари таълим соҳасида, 8 нафари ҳокимият соҳасида, 2 нафари соғлиқни сақлаш соҳасида, 2 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида, 1 нафари маданият соҳасида, 5 нафари фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларида раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқда.

Бундан ташқари, 715 нафар хотин-қизлар тадбиркорлик соҳасида, кичик бизнес йўналишида фаолият юритмоқда.

Келгусида хотин-қизларимизнинг жамиятда ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида “Раҳбар аёллар клуби” фаолияти орқали раҳбар аёлларнинг сафини кенгайтириш чораларини кўришни белгилаб олганмиз.

2020 йилда тижорат банклари томонидан 120 нафар тадбиркор хотин-қизларга 1 млрд. 560 млн. сўмлик кредит, “Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш” жамоат фонди ҳисобидан 33 нафар хотин-қизларга жами 580 млн. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 402-сонли қарори асосида 9 нафари олий ўқув юртига давлат гранти билан ўқишга кириш имтиёзга эга бўлди.

2020 йилда шаҳар ҳокимлиги томонидан хотин-қизлар учун
510 млн. сўмлик ҳамда Касаба уюшмалари бирлашмаси ташкилотлари билан ҳамкорликда 234 млн. 900 минг сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Биргина мисол, “Бинокор” МФЙ Бунёдкор кўчаси 8а-уй 3-хонадонда яшовчи Зарипова Ирина Владимировнага уйи ёниб кетганлиги сабабли, 200 млн. сўмлик бир хонали уй жиҳози билан берилди.

Бундан ташқари, Бунёдкорлар кўчаси 8а-уй 4-хонадонда яшовчи Жўраева Ҳуснияга ҳам уйини таъмирлаш учун 180 млн. сўм ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.

Шаҳарда яшовчи 33 нафар оғир вазиятдаги аёлларга имтиёзли равишда уй-жой ажратилди. Шунингдек, ногиронлиги бўлган 45 нафар фуқароларга бепул реабилитация мосламалари тарқатилди.

Келгуси 2021 йилда ҳам бу каби амалий ишларни изчиллик билан давом эттиришни режалаштириб олганмиз.

Навоий шаҳри республикамиздаги энг ёш шаҳарлардан бири ҳисобланади. Шундай бўлсада, шаҳримизда маҳаллий ва хорижий сайёҳларни ўзига жалб этувчи диққатга сазовор жойлар етарлича. Албатта, бу шаҳримиз кўринишини эндиликда халқаро даражада оширишни тақозо этмоқда. Шаҳримизда 15 дан ортиқ меҳмонхоналар фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 6 та кўнгилочар маданий истироҳат боғлари, аквапарк, 4 та кинотеатр, амфитеатрлар ва 4 та санъат ёдгорлиги мавжуд.

Аҳамиятли томони, пандемия шароитида энг катта зарарни туризм соҳаси кўрган бўлса-да, Навоий шаҳрида 2020 йилда умумий қиймати қарийб 89 млрд. 160 млн.сўмлик 6 та замонавий меҳмонхоналар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Уларда 185 та янги иш ўринлари яратилди. Яқиндагина Навоий шаҳрида лойиҳа қиймати қарийб 65 млрд. сўм бўлган 230 ўринли “Tinchlik Plaza” меҳмонхонаси фаолиятини бошлагани ҳам бу соҳадаги ислоҳотларимизнинг амалий ифодаси бўлди. Бу орқали яна 67 та иш ўрни яратилди.

2021 йилда ҳам умумий қиймати 42 млрд. 600 млн. сўмлик 4 та янги меҳмонхоналарни қуриб, фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Ушбу меҳмонхоналар ишга тушиши натижасида 45 та янги иш ўринлари яратилади.

Ҳурматли сессия иштирокчилари,

Бугунги мурожаатимиздан кўриниб турибдики, олдимизда жуда кўплаб вазифаларимиз бор. Режаларимиз улкан.

Сизлар билан биргаликда аҳоли фаровонлигини янада яхшилаш мақсадида, мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган тадбирларни изчиллик билан давом эттирган ҳолда, 2021 йилда ҳам шаҳримизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан белгилаб олинган барча устувор вазифалар ижросини ўз вақтида ва сўзсиз таъминлаймиз.

Шу ўринда Президентимизнинг Мурожаатномаларида келтирилган қўйидаги сўзларга эътиборларингизни қаратмоқчиман:

“Олдинда бизни улкан вазифалар, катта имкониятлар кутмоқда.

Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик: биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз. Биз – ҳеч қачон меҳнатдан қочмайдиган, қийинчиликдан қўрқмайдиган, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли, буюк халқмиз.

Барчамиз бир тану бир жон бўлиб, якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилсак, ҳалол-пок бўлиб, яхши ният билан меҳнат қилсак, ҳар қандай марраларни эгаллашга, бошқача айтганда, тарихимизнинг янги саҳифасини яратишга қодир халқмиз.

Бу йўлда қандай қийинчилик ва машаққатлар бўлмасин, барчасини мардона енгиб ўтишга тайёрмиз. Бундай эзгу ишларда бизга Яратганнинг ўзи, буюк аждодларимизнинг пок руҳлари мададкор бўлади, деб ишонаман”.

Эътиборингиз учун раҳмат!