НЕГА ҚАЙНОНА КЕЛИНИГА ПИЧОҚ САНЧДИ?
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 454-457, 460, 463, 465-468, 471-473-моддаларига амал қилиб, суд ҳукм қилди:
Д. Г. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми “л” банди билан айбли деб топилсин.
Унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми “л” банди билан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 3(уч) йил
6 (олти) ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлансин.
Ана шундай ҳукм жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг сайёр суд мажлисида ўқилди.
Зарафшон шаҳрида яшовчи 55 ёшли қайнона келини билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро келишмовчилик натижасида тортишиб қолиб, ошхонадаги стол устида ошхона пичоғи билан кўкрак қафаси орқа юзаси чап томонидаги 3-4 қовурғалар оралиқ соҳасига урган. Ва унга ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказган.
Аслида бундай жиноятнинг содир этилишига арзирли сабаб ҳам йўқ. Судланувчининг таъкидлашича икки нафар фарзанди бор келини
унга гап қайтариб, уни айтганларини қилмасдан беписандлик билан муносабат бўлган. Бундан жаҳли чиққан қайнона эса келинга пичоқ санчган.
Йиллар давомида халқимизда қайнона –келин муносабатлари бўлган. Бироқ доимо тарозининг оғир палласи ҳаётни кўрган қайнона томонида бўлган. У уйига келган янги меҳмон-келинни измига солган, маслаҳат берган, билмаганларини ўргатган. Бунинг учун эса қайнонанинг ўзи шунга муносиб бўлиши зарур.
Аёлнинг жиноятга қўл уруши жамият учун пичоқ санчилган танаданда оғриқли.