December 2, 2021

Коррупция - тараққиётга ғов

Бугунги кунда коррупция иллати кириб бормаган мамлакат мавжуд эмас, фақатгина мазкур иллат қайсидир мамлакатда юқори ҳамда қайсидир мамлакатларда паст кўрсатикичларда кузатилади.

Афсуски коррупция балоси юртимизни ҳам четлаб ўтмаган, қайсидир тизимларда эса бу иллат жуда чуқур илдиз отиб кетган.

Барча соҳаларда коррупцияга қарши курашни таъминлаш, бу борадаги муаммоларни аниқлаш ва натижаларни назорат қилиш учун ҳам коррупцияни ўлчаш талаб қилинади. Коррупция кўпинча махфий бўлиб қолгани учун уни ўлчаш қийин ва у Жаҳон банки ҳамда бошқа баъзи халқаро ташкилотлар томонидан маълум кўрсаткичлар орқали ўлчаб борилади. Шу ўринда қайд этиш жоиз Ўзбекистон коррупцияни қабул қилиш индексида 2019 йил якунларига кўра, 198 мамлакат орасида 153-ўринни эгаллаган бўлса, мазкур кўрсаткич 2020 йилда 180 давлат орасида 146-ўринни эгаллади.

2020 йил бўйича тузилган ушбу халқаро рейтингда Ўзбекистон ўз ўрнини 7 поғонага ўзгартирган бўлсада, афсуски халқаро рейтингларимиз ҳам коррупцияга қарши курашиш йўлида янада кўпроқ меҳнат қилишимиз кераклигини кўрсатиб турибди.

Таҳлиллар коррупцияни юзага келтирувчи қуйидаги асосий омиллар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, иқтисодий сабаб мазкур салбий ҳолат бюрократиянинг мавқеи баланд бўлган давлат шароитида ривож топади, ҳуқуқий сабаб мазкур салбий ҳолат қонунларнинг сифатли бўлмаслиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги бўшлиқларнинг мавжудлиги сабабли юзага келади, институционал сабаб мазкур салбий ҳолат давлат бошқаруви тизимидаги нуқсонлар, демократик институтларнинг кучсизлиги, шу сабабли, ҳукумат фаолиятининг ёпиқлиги сабабли юзага келади ва ижтимоий сабаблар мазкур салбий ҳолат аҳолининг ҳуқуқий билими, маданият даражаси, маънавияти ва фаоллигининг пастлиги сабабли юзага келади.

Албатта, таъкидлаш ўринлики, мамлакатимизда сўнгги йилларда коррупция балосини олдини олиш борасида қатъий чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, суд тизимида коррупцияга йўл қўймаслик борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Албатта, мазкур ишлар бевосита сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар билан узвий боғлиқ.

Айниқса, Президентимизнинг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳамда “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганлиги суд-ҳуқуқ тизимида коррупциянинг олдини олишга қаратилган тарихий қадам бўлди.

Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида суд тизимида ҳалол ва виждонан ишлайдиган кадрларни танлаш мақсадида судьялик лавозимига тайинлаш ёши 35 ёш қилиб белгиланди, судьяларни лавозимга тайинлашнинг янгича механизми яратилди, бунда кенг жамоатчилик фикрини инобатга олиш амалиёти жорий қилинди, ишларни суд раиси томонидан тақсимланишига чек қўйилиб, уларни электрон маълумотлар базаси орқали автоматик тақсимлаш имконияти яратилди, Олий суднинг веб сайтларида суд қарорларини ва одил судлов фаолиятига доир маълумотларни очиқ-ошкора жойлаштириш имкони яратилди, халқимизга суд мажлисларида масофадан туриб қатнашиш имкони яратилди, халқимиз учун барча имконият ва қулайликларга эга бўлган замонавий суд бинолари қурилишига катта эътибор берилди. Ушбу ислоҳот ва имкониятлар суд тизимида коррупциянинг йўқолиши учун хизмат қилмоқда. Таъкидлаш ўринлики, Олий суд раҳбарияти томонидан бу борадаги сай-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда ва коррпцияга қарши курашга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Бундан ташқари, суд тизмида коррупцияни олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2017 йил 30 августдаги “Ўзбекистон Республикаси судлари судьяларининг одил судловни амалга оширишдаги ва суд ходимларининг хизмат вазифаларини бажаришдаги фаолияти давомида муайян ҳаракатларни бажариш ёки бажармаслик учун ҳақ (пора) таклиф қилинганлиги тўғрисида хабар бериш ва уни кўриб чиқиш” Тартиби тасдиқланиб, унга кўра тегишли вазифалар белгиланиб олинган.

Шунингдек, судьялар ва суд ходимларига пора бериш таклифи билан мурожаат этганлик ёки уларни порахўрликка ундаш ҳолатлари тўғрисида хабар бериш тартиби ва механизми ҳақида батафсил тушунтиришлар берилиб, уларнинг бу борадаги масъулияти оширилган.

Бу борада ҳар бир судья ва суд ходимлари билан алоҳида индивидуал суҳбатлар ўтказиб борилиши йўлга қуйилган бўлиб, одил судлов обрўси, шаъни ва қадр-қимматини туширувчи ёки унинг холислигига шубҳа туғдирувчи ҳар қандай ҳатти-ҳаракатлар содир этмаслик, бирор-бир ишга аралашмаслик, нопок ишлардан ўзини тийиш, таъмагарлик иллатидан бутунлай йироқда бўлиш ҳамда юриш-туриш қоидаларига риоя қилиши устидан доимий назорат ўрнатилган.

Бундан ташқари, судларда тасдиқланган чора-тадбирлар режаси ва дастурлар асосида ҳар бир судья ва суд ходими томонидан ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳолатларини тушунтириш билан бирга, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, олдини олиш, унинг оқибатлари, шунингдек уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида аҳоли билан очиқ мулоқотлар ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилиб келинмоқда.

Мазкур чора-тадбирлар ва амалга оширилган ислоҳотлар, албатта, суд тизимида коррупциянинг йўқолишига ва фуқароларнинг турли кўринишдаги сарсонгарчиликларини олдини олишга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ижтимоий ҳаёт ва давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса саналган коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида аҳамият қаратишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Жумладан, коррупция ислоҳотлар йўлидаги жиддий тўсиқ ва давлатимизнинг миллий хавфсизлигига таҳдид сифатида баҳоланади. Ўзбекистонда мазкур иллатнинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш борасида кенг қамровли ишларни янада кучайтириш, ушбу тоифадаги жиноятни содир қилган шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўриш муҳимдир.

Давлат ва жамият тараққиётига раҳна соладиган жиноятчиликка қарши кураш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда барча бирдек масъулдир.

Шу сабабли, бу борада халқнинг жамоатчилик назорати, оммавий ахборот воситаларининг таъсирчанлиги, давлатнинг очиқлиги ва шаффофлиги ўта муҳимдир.

Лутфулло Тошмуродов,

Навоий вилоят судининг судьяси

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси