December 10, 2021

“Мамлакат мустақиллиги, халқ озодлиги ва буюк келажак ҳақида куйлайдиган тарона”

Мадҳия (араб.-мақтов, таъриф) бирор шахс, воқеа ёки нарсанинг мақтовига бағишланган бадиий асар демакдир. Муайян давлатга бағишланган шеърий-мусиқий асар ҳам мадҳия ҳисобланади.
1992 йил 10 декабрь “Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган кун. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганлигига ҳам 29 йил тўлди.
Қонунда мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчидир деб белгилаб қўйилган. Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, мамлакатимизда яшаб турган бошқа шахслар ҳам мадҳиямизни ҳурмат қилиши шартлиги алоҳида таъкидланган.
Мадҳия-қалбида ўз Ватанига муҳаббат ва садоқат туйғуси бор ҳар қандай кишида миллий ғурур, ўзига хос фахр, энг муҳими юртга меҳр уйғотади. Бу миллий тимсолда халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, шунингдек, зийнати, орзу-ўйи, маслак-мақсади мужассам. Ўзбекистон Республикаси мадҳияси бугунги кун ёшларида Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Мадҳиямиз мамлакат мустақиллиги, халқ озодлиги давлатнинг буюк келажаги ҳақида куйлайдиган, фаровон жамият қурилиши йўлида фидокорона меҳнат, бунёдкорлик ва тадбиркорликка руҳ бағишлашга хизмат қиладиган истиқлол рамзидир.
Мадҳия фақат мадҳ этиш учун эмас, балки эътиқоднинг ифодаланиши ҳамдир. Мадҳиямиз байрамлар, сиёсий чиқишлар, спорт анжуманлари, расмий давлат қабуллари, аҳамиятли митинглар, турли давлат бошлиқларини кутиб олиш ва кузатиш маросимлари ҳамда қонун билан белгиланган бошқа ҳолларда ижро этилиб, давлат суверенитетига эътиқод ва ҳурматни расмий мусиқа ҳамда матн билан ифода этади.
Ҳар тонгни мадҳиямиз садолари билан қарши оламиз. Қалбимизда янги кунга, истиқлолга ва бугунги тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик, келажакка қатъий ишонч туйғуси жўш уради. Демак истиқлолимизни, юртимизнинг куч-қудрати, халқимизнинг ақл-заковати, аждодларимизнинг шон-шуҳрати ва авлодларимизнинг ёруғ келажагини шарафловчи бу тарона асрлар оша баралла янграйверади.

Учқудуқ туман иқтисодий суди девонхона мудири
Шоҳбоз Бахронов