Сайлов қонунчилиги – судьялар нигоҳида
Жорий йилнинг 21 октябрь куни Учқудуқ туманидаги “Учқудуқ” маданият уйида “Сайлов қонунчилиги, сайлов соҳасидаги ўзгаришлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ўзига хос хусусиятлари” мавзусида тадбир ташкил этилди. Тадбирда Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Х.Турсунов, жиноят ишлари бўйича туман суди раиси А.Қурбонов, туман адлия бўлими бошлиғи, НКМК Шимолий кон бошқармаси юридик бўлим бошлиғи ва НКМК Шимолий кон бошқармаси ёшлар етакчиси иштирок этиб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакилларига Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига асосан барча фуқаролар сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга эканлиги, ҳар бир сайловчи бир овозга эга бўлиб, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги қонун билан кафолатланиши тўғрисида ҳамда сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиришлар хусусида маълумот берилиб, мамлакатимизда 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бутун Марказий Осиё минтақасининг яқин ва узоқ муддатли истиқболда янада барқарор ривожланиши учун улкан аҳамиятга эга эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, сайлов жараёнлари субъектларининг қонунчиликда белгиланган жавобгарлиги, хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ҳуқуқларини, сайловолди ташвиқоти шартлари ва тартибини бузиш каби ҳаракатлар, сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод ёхуд сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар содир этиш маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилишига олиб келиши хусусида маълумот берилди.