Судьялар юридик техникуми талабалари билан учрашди
Ҳар бир мамлакатнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ушбу мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, ёшлар ўртасида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар афзалликларини тарғиб қилиш мақсадида судьялар томонидан бир қатор учрашувлар ташкил этиб келинмоқда. Галдаги учрашув Навоий вилояти юридик техникумида ўтказилди. Хусусан, Навоий вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари Т.Қаҳҳоров, С.Жакеев ҳамда Кармана туманлараро иқтисодий судининг судьяси Б.Джумаев техникум талабалари билан очиқ мулоқот ўтказиб, унда бошқарув асосларини емирадиган иллат-коррупцияни олдини олиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритилди.
Талабалар билан мулоқотга киришган судья Т.Қаҳҳоров, бошқа соҳалар сингари суд ҳокимияти тизимида коррупция ҳолатларини олдини олиш мақсадида 2020 йил 7 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сонли фармони қабул қилинганлиги, фармон доирасида судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратиш, судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш, судьяларнинг касбий малакаси, маънавияти ва масъулиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали юксак профессионал судьялар корпусини шакллантириш йўналишлари белгилаб берилганлиги борасида сўз юритди.
Шунингдек, судья С.Жакеев томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 3 сентябрда қабул қилинган “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори суд органлари фаолиятини рақамлаштириш ва соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб бергани, мазкур қарорда белгиланган вазифаларнинг ижроси судлар фаолиятининг халқаро стандартлар ва ривожланган давлатлар илғор ютуқлари даражасида янада очиқ ҳамда шаффоф бўлишини таъминлашга хизмат қилиши борасида тушунтиришлар берилди.
Судья Б.Джумаев 2022 йил 1 январдан бошлаб, суд тизимида амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор устувор вазифалар юзасидан гапирар экан, судлар фаолиятида “Адолат” ахборот тизимлари комплекси жорий этилиши, мазкур тизим орқали барча давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятлар фақат электрон шаклда тақдим этилиши, бу билан судларда қоғоз шаклидаги иш юритишдан босқичма-босқич воз кечиши шунингдек, тизим афзалликлари орқали манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб бориш, суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва хужжатларни электрон шаклда юбориш, суд ҳужжатларини автоматлаштирилган тарзда шакллантириш имкониятлари яратилаётгани хусусида кенг тушунтиришлар берди.
Мулоқот сўнггида ёшларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берилди.