December 9, 2021

Жиноят ишлари бўйича Конимех суди томонидан “Очиқ эшиклар” куни ўтказилди

Тумандаги 2-умумий ўрта таълим мактабининг ўқувчи ёшлари учун жиноят ишлари бўйича Конимех туман суди томонидан “Очиқ эшиклар куни”билан тадбири ўтказилди.

Ўқувчи ёшлар туман суди фаолияти билан таништирилиб, суд жараёнларини амалга ошириш юзасидан мулоқот ўтказилди.

Бундан ташқари ёшларга суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётганлиги ҳамда бу борада бир қатор интерактив хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилганлиги, 2022 йил 1 январдан бошлаб судлар фаолиятига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш, манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш, суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш, суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш имкониятини берувчи “Адолат” ахборот тизимлари комплекси жорий этилиши хусусида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, ўқувчи ёшларга суд мажлиси зали, фуқароларни қабул қилиш, суд архивида ишларни ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби ҳамда судья ёрдамчиларининг вазифалари каби ёшларни қизиқтирган саволларга суд аппарати ходимлари томонидан атрофлича маълумотлар берилди.

Тадбир сўнггида туман суди раиси М.Райимов юртимизда шонли сана, 8 декабрь Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29-йиллиги кенг нишонланаётгани, асосий қонунимиз ўзининг тамойиллари ва қоидалари билан мамлакатимиз тақдири, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини белгилашда муҳим ҳужжат бўлиб ҳисобланиши, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун Конституциянинг ўрни беқиёслиги таъкидлаб, ўқувчи ёшларни мазкур айём билан қутлар экан уларнинг кейинги ўқишларига омад тилади.

Мақсуд Райимов

Жиноят ишлари бўйича Конимех туман суди раиси