December 2, 2021

Аҳоли билан очиқ мулоқот ташкил этилди

Навоий вилоят судининг судьялари Т.Қаҳҳоров, С.Абдурасулов, Л.Тошмуродовлар томонидан суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида Навоий шаҳрида жойлашган “Мурувват” маҳалла фуқаролар йиғинида давра суҳбати ташкил этилди.

Мазкур давра суҳбатида Навоий вилоят судининг судьялари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакилларининг муаммолари ўрганилиб, улар томонидан берилган оила, меҳнат, уй-жой, ер, солиқ, жиноят қонунчилиги билан боғлиқ барча саволларга батафсил тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикасида иқтисодий судлар иқтисодиёт соҳасида вужудга келадиган, қонунлар билан ўзининг ваколатига киритилган низолар ҳамда бошқа ишларни ҳал қилиш йўли билан одил судловни амалга ошириш мақсадида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида муҳим ўрин тутишлиги, бу борада судга мурожаат этиш тартиби ва шакли, мурожаат шаклларининг мазмуни, тўлананиши лозим бўлган давлат божи ҳамда суд харажатлари масалаларига тўхталиб ўтилди.

Бундан ташқари, давра суҳбатида маърузачилар томонидан жиноятларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш, бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш барчамизнинг вазифамиз эканлиги, зеро ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун жазо муқаррар эканлиги, фарзандларимизнинг соғлом бўлиб вояга етишида оилавий муҳит муҳим ўрин тутиши, ҳар бир ота-она ақлан, жисмонан ва маънан етук бола тарбиялаши кераклиги, вояга етмаган фарзандларимизни тунги вақтда кузатувсиз кўнгил очар жойларда бўлишларига йўл қўймасдан, ота-оналар ўзидаги яхши фазилатлар билан боласига ўрнак бўлиши зарурлиги, уларни бўш вақтларида нима билан шуғулланишини назорат қилиб, турли тўгараклар, спорт ва касб-ҳунар ўрганишга жалб қилиш лозимлиги, фарзандларни баркамол шахс қилиб тарбиялаш ҳар бир ота-онанинг бурчи эканлиги тўғрисида тушунтиришлар ҳам бериб ўтилди. Шунингдек, маърузачилар жиноятчилик ва унга олиб борадиган омилларни йўқ қилишга барча – ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари ҳам, фуқаролар ҳам масъул бўлишлари кераклигини, бунда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда жиноятчиликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш лозимлигини таъкидлаб, фуқароларнинг ҳуқуқий масалалар юзасидан муаммоларини тизимли ҳал этиш ва аҳолининг ҳуқуқий онгини доимий ошириб бориш борасида судлар томонидан бундан кейин ҳам чора тадбирлар амалга оширилишини маълум қилинди.

Нурбек Исмаилов

Навоий вилоят судининг

судья катта ёрдамчиси