“АСЛОН БОБО” ЧОЙХОНАСИДАГИ “ОДАМФУРУШЛИК”
Чойхона, кафе ёки шундай жойларга инсон оиласи билан дам олгани, дўстлари билан учрашгани ёки маълум бир саналарни нишонлаш учун боради. Бироқ Дилдора( мақолада исмлар ўзгартирилди) Учқудуқ тумани “Дўстлик” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Аслон бобо” чойхонасига
3 ёшли қизини етаклаб борганида унинг бундай мақсади йўқ эди. Балки ўз норасидасини пуллашни ният қилиб, харидорини кутарди. Бироқ режа у ўйлаганидек пишиқ бўлмади.
Учқудуқ туман ИИБ ЖҚБ, ДХХ Учқудуқ шаҳар бўлими ва Департаментнинг Учқудуқ туман бўлими ходимлари хамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирга шартли харидор сифатида жалб қилинган И. К.га 24.08.2018 йилда туғилган вояга етмаган фарзанди Бекматова Ферузани 60 млн. сўмга сотишга келишиб, келишилган пулларни олиб, Ф.Бекматовани ўн саккиз ёш тўлмаганлигини ўзига аён бўлган ҳолда сотган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, 60.000.000 сўм пуллар ва Дилдора томонидан фарзандини ўз ихтиёри билан сотганлиги ҳақида ёзган тилхати далилий ашёлар сифатида холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.
Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди ҳукмига кўра, Дилдора Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддаси 3-қисмининг “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.