December 11, 2020

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...

Ассалому алайкум. Мен МТТда ёрдамчи тарбиячи лавозимида 6 йилдан буён ишлаб келмокдаман. 2017 йилда педагогика коллежига ўқишга кирдим. 2 йил0.5 ставкада ишладим. Ҳозирда ўқишим тугаб дипломимни олганман. Шу сабабли1 ставкада ишлаяпман, лекин пандемия сабабли 0.5 ставкада хақ тўлашяпти. Шу тўғрими? Жавоб учун олдиндан рахмат.

Саволга Навоий вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Умиджон Хатамов жавоб беради

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 январдаги 10-сон қарори билан тасдиқланган Низомга илова қилинган “Давлат мактабгача таълим тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари миқдорлари”га кўра (7-қатори):

-олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар педагогик маълумотли тарбиячи ёрдамчисига тўлиқ ставка учун тўланадиган базавий тариф ставкаси миқдори – 1 014 333 сўм қилиб белгиланган.

Меҳнат кодексининг 153-моддасига асосан, меҳнат ҳақининг миқдори иш берувчи билан ходим ўртасидаги келишувга биноан белгиланади.

Шунингдек, ушбу Кодекснинг 154-моддаси талабларига мувофиқ, иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг
161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт.

Мазкур қоидалар мазмунига кўра, иш берувчи ходимга у билан келишилган келишув (меҳнат шартномаси, меҳнат шартномасига ўзгартириш ёки қўшимча киритиш тўғрисидаги келишув)да белгиланган иш ҳақи тўловларини тўлаши шарт.

Бунда иш ҳақи айнан ходимнинг бажарган ишидан келиб чиқиб тўланиши зарур. Яъни, амалда ходим тўлиқ иш ҳажмдаги (1 ставкалик) меҳнатни амалга ошириб келган бўлса, унга бажарилган иш учун иш ҳақининг ярими ёки бошқа камайтирилган миқдори тўланиши қонуний бўлмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 19 мартдаги 88-сонли “Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг
3-бандига асосан, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари ходимларга иш ҳақи ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун шахсан жавобгар эканликлари белгилаб қўйилган.

Шунга кўра, ташкилот раҳбариятига юқорида келтирилган важларни кўрсатиб, иш ҳақингизни бажарган ишингиздан келиб чиқиб, тўлиқ хажмда тўлаб беришларини сўраб, расман мурожаат қилишни маслаҳат берамиз.