АҲОЛИ УЙИГА ЯҚИН ЙЎЛДАН БОРАДИГАН БЎЛДИ
Кундалик хаётимизда йўлларнинг аҳамияти катта.Чунки улар орқали кўзлаган манзилимизга етиб оламиз.Йўлдаги носозлик ёки ноқулайлик кун давомида дилхираликка сабаб бўлиши мумкин.Кармана туманининг “Малик”МФЙ, “Узумзор” қўрғонида истиқомат қиладиганлар ҳар куни ана шундай ноқулайлик билан юзлашардилар.Чунки ҳудудга кириш ва чиқиш учун ортиқча 3 км.лик масофани босиб ўтишга тўғри келган. Шу боис, маҳалла аҳолиси қишлоққа кираверишдаги бурумни ҳудудга яқин жойдан очиб беришда амалий ёрдам сўраб Кармана туман адлия бўлимига мурожаат қилди.
“Узумзор” қўрғони Карма туманидаги халқаро аҳамиятга эга бўлган М-37 йўлининг 186 км ҳудудида жойлашган.У ерда 200дан ортиқ хонадон истиқомат қилади.Маълум бўлишича, Бухоро-Самарқанд йўналишида ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари учун ҳудудга қайрилиб олиш жойи маҳаллага бориш йўлидан 3 км узоқликда. Қолаверса, Қизилтепа-Кармана йўналишида келаётган автомашиналарнинг маҳаллага кириш учун бир йўлдан қарама-қарши ҳаракатланишига тўғри келмоқда.
- Бундай вазиятда иккита муаммо юзага келаяпти.Биринчидан, маҳалла йўли узоқ бўлгани учун енгил автомашиналар фуқароларни манзилгача олиб келишни исташмайди ёки маҳаллагача кириш учун жуда қиммат нарх айтишади.Шу сабаб, кўпчилик катта йўлдан тушиб қолиб ичкаригача яёв кираяпти.Уларни орасида ҳомиладор,ёш болали аёллар бор.Баъзан улар бозордан этагида боласи, икки қўлида бозорлик юки билан келишади.Иккинчидан,маҳаллага кираётган автомашиналарнинг қарама-қарши ҳаракатланиши натижасида автоҳалокатлар содир бўлиши мумкин.Бу эса катта хавф.-дейди маҳалла раиси Инобат Ҳамроева
Кармана туман адлия бўлими мутахассиси Жамшид Ҳамроевнинг маълумот беришича, туман адлия бўлими тақдимномасига биноан, Навоий вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси томонидан ҳолат бўйича аҳоли мурожаатига нисбатан ижобий хулоса чиқарилган. Шунингдек, Навоий вилоят ИИБ ЙҲХБнинг маҳалла ҳудудига яқин жойдан қайрилиб олиш йўли очишга эътирози йўқлиги тўғрисидаги жавоб хати олиниб, Кармана тумани Маъмурий судига фуқаролар манфаати учун даъво аризаси киритилди.Суд қарорига кўра, маҳалла ҳудудига яқин жойдан қайрилиб олиш йўли очишга рухсат берилди.
Навоий вилояти адлия бошқармаси
Ахборот хизмати