October 30, 2020

ИЖОБИЙ РАҚОБАТ МУҲИТИ ЯРАТИЛДИ

Пандемия даврида ҳар бир тармоқда бўлгани сингари нотариал соҳада ҳам карантин қоидаларига қатъий амал қилинди. Бунда фуқаролар билан онлайн мулоқотлар ташкил этилди. Мазкур жараёнда энг аввало, ишонч телефонлари, телеграм бот каналлар ва ижтимоий тармоқларнинг техник имкониятидан унумли фойдаланилди. Аммо тизимда шундай нотариал ҳаракатлар борки, уларни онлайн тартибда амалга ошириш имконсиз. Хусусан, васиятнома, гаров, ипотека, ишончномаларни расмийлаштириш шулар жумласидан. Бундай вазиятда фуқаролар нотариал ҳаракатни нотариус идорасига ташрифисиз амалга оширишолмайди. Шундай бўлсада, пандемия даврида e-notarius.uz сайти ҳар доимгидан кўра фуқаролар учун анча қўл келди.

Боиси мазкур сайт орқали тегишли нотариусга ҳужжатларни олдиндан электрон шаклда тақдим этиш ва электрон навбат олиш имкони яратилди. Жумладан, Навоий шаҳридаги хусусий хусусий нотариал идорасида ҳам фуқаролар учун автоматлаштирилган ахборот тизими оркали навбатлар жорий этилди. Энг муҳими, вилоятлараро видеоконференциялар оркали битимлар тузиш амалиётда қўлланилди.

Аҳоли орасида нотариуслар хизматига доимо талаб бўлган. Уларнинг бугунги кунда хусусий шаклда фаолиятни давом эттираётгани фуқаролар билан янада кенгроқ ишлаш имконини яратди. Ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи идоралар сонининг ошиши эса кишиларга нотариус хизматини танлаш имкониятини берди. Бугун республикамиз бўйича 659 нафар хусусий нотариус ўз фаолиятини тўлиқ бошлади. Бу нимани англатади? Биринчидан, нотариал идораларда навбат кутиш муаммоси ечилди. Ортиқча бюрократия ва коррупция ҳолатларига чек қўйилди. Энг асосийси, нотариат соҳада эркин рақобат муҳити шаклланмоқда. Рақобат бор жойда эса ҳамиша ўсиш ва сифатли хизмат бўлади.

Шахло Давлетова