November 5, 2020

БИЗ БИРГАМИЗ...

Навоий вилояти адлия бошқармаси томонидан Ўзбекистон ногиронлар жамияти Навоий вилоят ҳудудий бўлимида учрашув ташкил этилди. Тадбирда ҳуқуқшунослар, ногиронлиги бўлган, ишсиз, ёлғиз она ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар иштирок этишди. “Биз биргамиз” лойиҳаси доирасида ўтказилган учрашувда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунчиликда улар учун белгиланган имтиёзлар ҳақида сўз юритилди.

Маълумот учун айтиб ўтиш жоиз, бугунги кунда Навоий вилоятида 25600дан зиёд ўзгалар ёрдамига муҳтож шахслар бор, 9653 таси Ногиронлар жамияти аъзоси. Уларнинг асосий муаммоси, уй таъминоти, соғлигини тиклаш учун ҳомийлик маблағларини олиш, ишга жойлашиш ва ташкилот, идораларда ногирон шахсларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулайлик яратиш масалалари билан боғлиқ. Учрашувда Назира Рустамова ҳеч бўлмаганда вилоят касалхоналарида пандуслар ўрнатиш таклифини илгари сурди. Н.Рустамова айни пайтда Кармана туманининг Ҳазора массивида онаси билан бирга истиқомат қилади. Доимий яшаш манзили йўқ. Унинг 12 ёшли фарзандида ногиронлик бор. У ўз мурожаатида балосини шифохоналарга олиб борганда лифт ишламагани ва зиналардан чиқиш ноқулайлик туғдиргани учун бир неча маротаба йиқилиб тушгани, натижада фарзанди саломатлигига бу ҳолат салбий таъсир этгани ҳақида айтди.

Ханифа ая Якубова шу йил 70 ёшни қаршилади.Айни пайтда у киши 2 гуруҳ ногирони.Умрининг 37 йилини 2 ногирон фарзандининг парваришига бағишлаган она бугун кунда уларни тупроққа қўйган.Афсуски, яна икки набирасида ногиронлик бор.Оила моддий ёрдамга муҳтож.Учрашув давомида Ханифа ая набиралари учун уй-жойида қулай шароит ҳозирлашда амалий ёрдам сўради.

Фуқароларнинг мурожаати кўриб чиқиш учун алоҳида назоратга олинди.

Навоий вилояти адлия бошқармаси

Ахборот хизмати