September 2, 2020

ГЕНДР ТЕНГЛИКНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Гендер тенгликни таъминлаш масаласи дунё бўйлаб муҳим аҳамиятга эга. БМТ томонидан қабул қилинган ҳужжатларда, хусусан, 2015 йил қабул қилинган 70-сонли резолюцияда бу ўз ифодасини топган.

БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида мамлакатимизда “Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалари” қабул қилинган.

Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги 5-мақсад – “Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”дир.

Бу эса, ўз навбатида, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ва бошқа чораларни қамраб олади. Ушбу вазифаларни бажариш учун барча давлат органлари ва ташкилотлари, муассасалари, шунингдек, давлат аҳамиятидаги жамоат ташкилотлари масъул.

2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди.

Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида миллий қонунчилигимизда ҳам ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, жорий йил 2 сентябрда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Қонун билан илк бор миллий қонунчилигимизда “гендер” тушунчасига таъриф берилди. Унга кўра, гендер – хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим, илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳат ҳисобланади.

“Гендер” тушунчасининг луғавий маъноси лотинча “genus”, яъни “жинс” маъносини англатади. Агарда, биологик жинс инсонларни аёл ва эркакларга ажратадиган бўлса, гендер – бу аёл ва эркакларнинг жамиятдаги ўрнини ажратишга қаратилган. Жамиятда аёл ва эркакларнинг ўз ўрнини топиши ва белгилаши учун давлат уларга бир хил шароит ва имконият яратиб бериши гендер тенгликни таъминлашда асос бўлиб хизмат қилади.

Мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган ушбу олий юридик кучга эга қонун ҳужжатида қонун ва ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасида янги йўналиш – гендер-ҳуқуқий экспертизаси жорий этилди.

Хусусан, гендер-ҳуқуқий эспертизаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва унинг лойиҳаларини хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига мувофиқлиги юзасидан таҳлил қилиш ҳисобланади.

Хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари сифатида мазкур қонуннинг 4-моддасига мувофиқ қонунийлик, демократизм, хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқлик, жинс бўйича камситишга йўл қўймаслик, очиқлик ва шаффофлик каби принциплар белгиланди.

Гендер-ҳуқуқий эспертизани ўтказиш ваколатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотларга юклатилди. Уларнинг ҳар бири ўз фаолияти йўналишидан келиб чиқиб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва унинг лойиҳаларини таҳлил қилади ҳамда гендер-ҳуқуқий эспертиза хулосасини қабул қилади.

Қонунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва унинг лойиҳаларини таҳлил қилишнинг муҳим жиҳатлари белгиланган. Жумладан, жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситиш имконияти яратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг лойиҳаси хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш принципларига мувофиқ эмаслиги аниқланади.

Бундай ҳужжат лойиҳасини қабул қилиш оқибатлари баҳоланади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган, камситиш хусусиятига эга хавфлар аниқланади. Уларни бартараф этишга йўналтирилган тавсиялар ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, гендер статистикасини юритиш масаласини белгилаш ушбу қонунда акс эттирилган асосий нормалардан биридир. Унга кўра, давлат статистика органлари гендер кўрсаткичлари асосида жамият ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳолатини акс эттирадиган статистик ахборотни йиғади, унга ишлов бериб, тўплашни, сақлашни, таҳлил ва эълон қилишни амалга оширади.

Қайд этиш керакки, қонун юртимизда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган яхлит ва асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Шунингдек, унда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ушбу соҳада давлат бошқаруви механизмлари каби масалалар ҳам белгиланди.

Хусусан, хотин-қизларнинг гендер камситилишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикаси гендер тенглигини таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилган. Унинг асосий вазифаси –хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш. Ушбу соҳадаги давлат дастурларини, миллий ҳаракатлар режаларини ва стратегияларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади. Амалга оширилган ишлар бўйича ҳар йили Олий Мажлисга ахборот тақдим этади. Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш ва бу борада халқаро стандартларга риоя этиш соҳасида халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг тегишли органлари билан ҳамкорликни амалга оширади.

Қонуннинг эътиборга молик жиҳати шундаки, унда инсонларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашда гендер тенгликни сақлашга оид нормалар мавжуд. Хусусан, давлат хизмати соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини таъминлаш, масалан, давлат хизматида хизматчиларнинг лавозим тоифаларини ҳисобга олган ҳолда бир жинсдаги ходимларнинг лавозимларни эгаллаши учун квоталаш тизимини белгилашни назарда тутувчи гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чораларни қўллашга рухсат берилиши, давлат органлари раҳбарлари лавозимларига кадрлар захирасини шакллантиришда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлигига риоя этилиши зарурлиги каби талаблар белгиланди.

Бундан ташқари, сиёсий партиялар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига номзодлар қўрсатишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланиши назарда тутилди. Зеро, Сайлов кодексининг 70 ва 91-моддаларига мувофиқ аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши кераклиги белгиланган. Ушбу норма хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принципларига тўлиқ мос келади.

Қонун билан иқтисодий соҳада хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари ҳам белгиланган бўлиб, унга кўра, давлат органлари ва мулк шаклидан қатъи назар, ташкилот раҳбарлари жамиятнинг ресурсларидан тенг фойдаланишини таъминлаши шарт. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди.

Дарвоқе, қонуний ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланишда жинс бўйича камситишга йўл қўймаслик айрим ижтимоий муносабатларга татбиқ этилмайди. Чунончи, бола туғиш ва она сути билан озиқлантириш, муддатли ҳарбий хизматга чақириш, гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар, хотин-қизлар ва эркакларнинг меҳнатини муҳофаза қилишда репродуктив саломатликни сақлаш хусусиятлари, касбий малакага доир тавсиялар бериш, қамоқда сақлаш, жазони ижро этиш жойларида сақлаш тартиби ва шартлари ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан таъсир кўрсатишнинг бошқа чораларини тартибга солишда фарқларни белгилаш жинс бўйича камситиш ҳисобланмайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, бугунги кунда гендер тенгликни таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор қадамларидан бири саналади. Янги қонун бунинг яққол далили бўлиб, келгусида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга ҳисса қўшадиган тарихий ҳужжат бўлди.М