October 22, 2020

НАВОИЙДА ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛК ОБЪЕКТЛАРИ ЎРГАНИЛДИ

Мамлакатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 12 октябрь куни интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказилиб, унда Адлия вазирлиги ва Интеллектуал мулк агентлигига барча идоралар ва ҳудудларда олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот муассасалари билан кенг муҳокама қилган ҳолда, соҳани ривожлантиришга қаратилган уч йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди. Бунда интеллектуал мулк яратувчиларини рағбатлантириш, патент эгаларини мукофотлаш каби имтиёзлар тизимини жорий қилиш зарурлиги ҳам алоҳида таъкидланганди. Шунга биноан Интеллектуал мулк агентлиги томонидан ишчи гуруҳ Навоий вилоятига ташриф уюштирди. Ташриф доирасида агентлик раҳбари Т.Абдусатторов, Навоий вилоят адлия бошқармасининг биринчи ўринбосари М.Турдимов ҳамда вилоятдаги масъул ташкилотлар мутасаддилари иштирокида эркин иқтисодий зонада фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларида учрашулар ташкил этилди.

Учрашув давомида давлат раҳбари томонидан белгиланган топшириқлар ижроси юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди. Шунингдек, иқтисодий зонада экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарга товар белгиси олиш юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатилди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Навоий вилояти интеллектуал мулк объектлари ривожланиши бўйича республикада етакчи ўринларда туради. Хусусан, давлат раҳбари ҳам йиғилишда Навоий кон-металлургия комбинати сўнгги ўн йилда 35 та ихтирони рўйхатдан ўтказиб, уларнинг 16 тасидан 400 миллиард сўмдан ортиқ иқтисодий самара кўргани ҳақида айтиб ўтгандилар.Бугунги кунда вилоят ҳудудида мазкур йўналиш бўйича тизимли ишлар ташкил этиб борилмоқда.Ташриф мобайнида делегация ҳам бу борадаги амалий чора-тадбирлар билан танишиб, ечимталаб масалалар юзасидан таклифларни қабул қилди.

Навоий вилояти адлия бошқармаси

Ахборот хизмати