October 21, 2020

ОДАМ САВДОСИ-ОЛАМ ҒАВҒОСИ

Сўнгги йилларда республикада фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилди. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш, шу жумладан, устувор йўналиш ҳисобланган одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатни таг-томири билан йўқотиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилиш, шундай жиноятлар қурбонига айланган фуқароларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш, одам савдосига алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш, шунингдек, бундай жиноятларни содир этишга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмоқда.

Болалар меҳнатига барҳам берилди, қишлоқ хўжалиги ишлари, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш даврида катталарнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш бўйича мисли кўрилмаган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоялаш ҳамда халқаро майдонда давлатимиз имижини ошириш мақсадида фуқаролик жамияти вакиллари ва мазкур соҳадаги хорижий ноҳукумат ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш бўйича иш олиб борилмоқда.

Сенат томонидан маъқулланган “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида қонун мазкур йўналишдаги тадбирларнинг янги босқичини бошлаб берди десак муболаға эмас. Қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш зарурати бугунги кунда одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам бериш масалаларига доир аниқ қоидалар тартибга солинмаганлиги ҳамда вояга етмаганларнинг савдосига қарши курашишни ўзига хос хусусиятлари, шу жумладан, индентификация қилиш, ёрдам бериш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий мақоми белгиламаганлиги билан изоҳланади.

Янги таҳрирдаги Қонунда ана шу жиҳатлар эътиборга олинган. Жумладан, соҳага оид асосий тушунчалар ва тамойиллар, уни давлат томонидан тартибга солишга оид нормалар, ваколатли давлат органлари, Миллий комиссия, худудий комиссиялар ва Миллий маърузачига оид меъёрлар аниқ белгиланган.

Маълумки, ҳозирги кунда республикамизда 9 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатса, уларнинг 100 га яқини одам савдосига қарши курашиш борасида иш олиб бормоқда. Қонунда мазкур йўналишга доир фаолиятни амалга ошираётган давлат органларига кўмаклашувчи ташкилотлар қаторида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам белгиланиб, уларнинг ваколат ва вазифалари аниқ очиб берилган.

Шу билан бирга, амалдаги Қонундан фарқли ўлароқ янги таҳрирдаги Қонунда одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашувини таъминлаш тартиби ва жабрланганлар ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш тартиби ва уларга тақдим этиладиган хавфсизлик чоралари ва бошқа кафолатлари ёритилган.

Навоий вилоят адлия бошқармаси

Ахборот хизмати