October 27, 2020

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...

Ассалому-алайкум. Мен 2018 йилда турмуш ўртоғим билан ажрашганман, лекин ҳозиргача хотиним ва икки нафар фарзандим учун қайғуриб келаман. Собиқ хотиним ўшанда алиментга бериб, суд қарорини чиқариб олган. Кейин МИБ ижрочилари ишни ўзларига олган. Лекин мен доим ойма-ой алимент тўловларини ўз вақтида тўлаб келаман, болаларим учун кўпинча, ортиғи билан ҳам тўлайман, чунки бу болалар ўзимни жигарларим. Шу пайтгача ижрочилар умуман уйимга келмаган, безовта қилмаган, сабаби тўловда муаммо йўқ. Яқинда ишхонамда раҳбар топшириғига асосан хорижга хизмат сафари билан чиқмоқчи бўлиб, керакли ҳужжатлар учун борсам, ижрочилар чет элга чиқишимга таъқиқ қўйган экан. Хизмат сафарига боролмадим, ижрочилар таъқиқни ечиш мумкин эмас дейди. Сизга саволим, ижрочиларни иши тўғрими, бу таъқиқни ечтириш мумкинми?

Қизилтепа туман адлия бўлими масъул ходими Сардор Искандаров жавоб беради

Жавоб: “Суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 42-1-моддасига асосан:

“суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатидаги ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли” дейилган.

Шунга кўра, агар алимент тўловларини ойма-ой, ўз вақтида ва узлуксиз равишда тўлаб келаётган бўлсангиз, бу вазиятда давлат ижрочиси томонидан республикадан чиқишингизни чеклаш қонунга мувофиқ бўлмайди. Чунки, айтишингизга қараганда, Сизда алимент ундирувини ижро қилмаганлик ёки узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганлик ҳолатлари бўлмаган.

Юқоридаги вазиятда, МИБнинг туман бўлими бошлиғига ёки суд органига тўловларни ойма-ой амалга ошириб келганлигингиз ҳамда алимент ундирувига доир ижрони ихтиёрий равишда ўз вақтида амалга ошириб келаётганлигингизни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилиб, давлат ижрочисининг Ўзбекистон Республикасидан чиқишингизни вақтинча чеклаш тўғрисида қарорини бекор қилиш юзасидан шикоят киритишингиз ва шу орқали таъқиқни ечтиришингиз мумкин.