November 4, 2020

ОЛИС ҲУДУДДАГИ ДИЛГА ЯҚИН УЧРАШУВ

Навоий вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан вилоятнинг олис ҳудуди Томди тумани "Шиели" овул фуқаролар йиғинида сайёр қабул ташкил этилди. Дастлаб ОФЙ ҳақида қисқача, Қозиғистон Республикаси билан чегарадош бўлган "Шиели" овули туман марказидан 150 км узоқликда жойлашган. Ҳудудда 996 нафар фуқаро истиқомат қилади. Аҳолининг асосий қисми чорвачилик эвазига рўғор тебратади.

"Утемурат" ва "Аққабақ" аҳоли пунктларидан ташкил топган "Шиели"да 2018 йил янгиланиш мавсуми бўлган. "Обод қишлоқ" давлат дастури доирасида ҳудуд янгича кўриниш касб этиб, бу ерда замонавий тусдаги қишлоқ врачлик пункти, мактаб ва болалар боғчаси қад ростлаган. Ҳудудда яшаш шароити яхшиланган бўлсада, халқ орасида ечимталаб муаммолар мавжуд.Хусусан, бугунги кунда овул фуқаролари тоза ичимлик суви, газ балонлари билан ўз вақтида таъминланиш, мобил алоқа тизимида қийинчиликларга учрамоқда. Шунингдек, қиш мавсумида уйни иситиш ҳам ерлик аҳоли учун осон кечмаяпти. Бунда ўтин, кўмир сингари ёнилғи маҳсулотлари таъминотига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Сайёр қабул жараёнида фуқароларга шу каби масалалар юзасидан қонун хужжатларида белгиланган тартиблар тушунтириб ўтилди.

Учрашув давомида ишга жойлашиш, олис ҳудуддагилар учун олий таълимдаги имтиёзлар, кредит олиш, давлат мулкини хусусийлаштириш борасидаги саволларига ҳам жавоб олинди.

Ж.Худжаева “Шиели” ОФЙнинг қишлоқ врачлик пункти мудираси лавозимида ишлайди.ҚВПнинг янги биноси қурилгач, эски бинодан фойдаланилмаяпти. Фуқаро бинони хусусийлаштириб, аҳоли турар жойига айлантириш борасида ўз таклифларини билдирди. Ж.Худжаевага давлат мулкини хусусийлаштириш тартиби тушунтирилди.

Нодир Ҳамроев ҳудуддаги 8-сонли умумтаълим ўрта мактабида тарих, ҳуқуқ фанларидан дарс бериб келади. Унинг “Шиели”да фаолият юритаётганига 3 йил тўлди. Ўқитувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил  25 апрелдаги  “Навоий вилоятининг олис чўл туманларида аҳолини турмуш даражасини  янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2925-сонли қарорида назарда тутилган имтиёзлар жумладан, хизмат уйи билан таъминлаш ёки уй-жойларни ижарага олганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда ойлик пул компенсацияси тўлаб берилишида ёрдам сўраб мурожаат қилди.Фуқаро мурожаати иш юритувига қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” ташаббуси бугунги кун шиорига айланди. Бунда халқ таълимига катта умид ва ишонч боғланмоқда.Ана шу ишонч учқунларини “Шиели” ҳудудидаги 8-мактаб ўқвчилари нигоҳларида ҳам кўриш мумкин.

Сайёр қабулдан сўнг, ишчи гуруҳ вакиллари мактаб фоалияти билан яқиндан танишдилар. Тизимда эришилган ютуқлар эътироф этилиб, йиғилиб қолган масалаларга ҳуқуқий тушунтириш берилди. Шундан сўнг, мактаб кутубхонаси ва таълим даргоҳи ўқвчилари учун адлия бошқармаси ва туман бўлими томонидан ўзбек миллий адабиёти дурдоналаридан намуналар совға қилинди.

Дилдора Каттаева

Навоий вилояти адлия бошқармаси масъул ходими