ПАНДЕМИЯ ДАВРИДА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ
Бугунги кунда Ўзбекистонда жами ишчи кучи (16 ёшдан 59 ёшгача бўлган эркаклар ва 15 ёшдан 54 ёшгача бўлган аёллар) 19 миллион кишини ташкил этади, уларнинг 5,1 миллиони норасмий иш билан банд, 2 миллионга яқини эса чет элда ишламоқда.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов ОАВларга берган интервюсида пандемия нафақат меҳнат бозорининг заиф томонларини, балки аҳоли, айниқса мигрантлар ва норасмий ишчилар ўртасида ижтимоий ҳимоя тизимидаги бўшлиқларни ҳам кўрсатиб қўйгани ҳақида гапириб ўтган эди.
Дарҳақиқат, бу даврда кичик бизнес ва микрофирмаларнинг кўплаб вакиллари ўз фаолиятини қисман ёки тўлиқ тўхтатиб қўйишди. Карантингача бўлган давр билан таққослаганда, ишсизлик даражаси ҳам ошди.
Мазкур йўналишдаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва иш жойида вирус тарқалишини чеклаш, иш ўринлари ва даромадларни қўллаб-қувватлаш, корхоналарни қўллаб-қувватлаш, ишчи кучига талабни рағбатлантириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, янги имкониятларни яратиш, грантлар, субсидиялар ажратиш, ўқитиш ва жамоат ишларида вақтинча иш билан таъминлаш, ижтимоий мулоқотни кучайтириш, инқироздан чиқиш чораларини қўллаб-қувватлаш каби йўналишлар белгиланган.
Пандемия даврида мигрантлар меҳнатини ҳимоя қилиш масаласи ҳам кун тартибига чиқди. Кўплаб чет элда ишлаб юрган фуқароларнинг иш ўринларидан ажрагани барчамизга маълум.
Кейинги йилларда хориждаги ватандошларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шароитларини яхшилашга эътибор кучайди. Россия, Қозоғистон, Туркия, Япония ва Бирлашган Араб Амирликлари билан меҳнат миграцияси борасида халқаро шартномалар имзоланди. Чет элларда ишлаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида жамғарма ташкил этилиб, 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Шу билан бирга, ташқи меҳнат миграция масалалари бўйича Бош вазир маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Шунга қарамай, ечимини кутаётган муаммолар ҳали кўп.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, бугунги кунда чет элда ишланган даврлар қуйидаги шартларга кўра меҳнат стажига қўшилади:
2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда;
2019 йил 1 январдан кейинги давр учун - ягона ижтимоий тўлов тўланган тақдирда.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ёлланма (битим) асосда чет элда ишлаганлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган органлар меҳнат дафтарчасига киритган қайдномаларга қараб аниқланади.
Чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга чет элдаги иши Ўзбекистон Республикасида ишланганига тўғри келадиган стажнинг 1/3 ҳиссасидан ошмаган миқдорда стажга қўшилади.
Навоий вилояти адлия бошқармаси
Ахборот хизмати