"ИЖТИМОИЙ ТАДБИРКОРЛИК ТЎҒРИСИДА"ГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМАСИ
Жорий йилнинг 9 сентябр куни Навоий вилоят адлия бошқармаси томонидан Навоий вилоят юридик техникуми маъмурий биносида “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган Матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирда вилоят оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, сиёсий партия ташкилотлари ҳамда тадбиркорлар иштирок этишди.
Тадбир аввалида “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилиб, мазкур фаолият тури ижтимоий мақсадларни кўзлайдиган бизнес сифатида намоён бўлиши айтиб ўтилди. Бунда даромадлар корхона эгаларининг даромадларини кўпайтиришга йўналтирилмайди, аксинча халқнинг оғирини енгил қилиш, эҳтиёжманд оила вакиллари учун иш ўринлар яратиш, озиқ-овқат ва товар моддий бойликларини фуқароларга минимал қийматда сотиш назарда тутилади.
Мазкур масалада вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Азиз Ахмедов маъруза қилиб, ижтимоий корхона – хусусий ташкилот ҳисобланиши, шунга кўра у давлат ташкилоти бўлиши ёки давлат томонидан бошқарилиши мумкин эмаслиги ҳақида айтиб ўтди.”Бундай корхоналар ижтимоий жиҳатдан фойдали товар ва маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлади. Уларга ижтимоий жиҳатдан нобарқарор ҳолатда бўлган ёки ногиронлиги бўлган шахслар жалб этилади”.-дейди А.Ахмедов
Тадбир жараёнида хорижий тажриба ҳақида ҳам сўз юритилди.Бунда Жанубий Корея амалиёти мисол тариқасида айтиб ўтилди.
Жанубий Кореяда оммавий ишсизлик ва турмуш даражасининг тушиб кетишига сабаб бўлган 1997 йилда вужудга келган Осиё молиявий инқирози мамлакатда ижтимоий тадбиркорликнинг пайдо бўлишига туртки бўлган дейилди анжуманда. Бу мамлакатда тайёргарлик даври деярли ўн йил давом этгани ва фақат 2007 йилдагина “Ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш тўғрисида”ги қонун ва ижтимоий тадбиркорлик билан боғлиқ тўлиқ дастурлар пакети қабул қилингани ҳақида маълумот бериб ўтилди.
Анжуманда таъкидланганидек Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигида “ижтимоий тадбиркорлик”нинг ҳуқуқий тушунчаси аниқ белгиланмаган. Бугунги кунда Президентимизнинг алоҳида қарорлари билан нодавлат мактабгача таълим, ногиронлиги бўлган шахслар учун маҳсулот ва жиҳозлар ишлаб чиқариш, шунингдек руҳий бузилишлардан азият чекаётган ва ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш билан боғлиқ тиббий фаолият соҳалари учун имтиёз ва қулайликлар, шу жумладан солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилмоқда.Тадбирда мазкур имтиёзлар ҳақида ОАВ вакилларига ахборот бериб ўтилди.
Навоий вилояти адлия бошқармаси
Ахборот хизмати