November 25, 2020

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...

ЎҚИТУВЧИ КОНСПЕКТ ЁЗМАЙДИ.

2020-2021 ўқув йилидан ўқитувчилар дарс ишланмаси (конспект) ёзмайди деган мазмундаги хабарни ўқигандим. Лекин бизни мактабда дарс ишланмаси ёзилади деб талаб килиняпти. Дарс ишланмалари ёзиладими ёки йукми?

Саволга Кармана туман адлия бўлими ходими Ж.Ж.Хамроев жавоб берди.

Жавоб: Ўқитувчиларни қийнаб келаётган катта муаммолардан бири бу конспект масаласи. Сўнги йилларда конспект масаласи жуда кўп муҳокама қилинди. Дастлаб конспектларни электрон шаклда юритишга рухсат берилди. Бу қонуний асослар билан исботланган бўлсада айрим “раҳбарлар” ўқитувчилардан конспектни қўлёзма шаклда ёзишни талаб қилиб келди.

Ана энди ўқитувчилар бутунлай конспект ёзишдан озод қилинган бўлсада, баъзи бир “раҳбарлар” яна конспект ёзишни талаб қилмоқда экан. Шунинг учун ҳам конспект масаласига яна бир бор ойдинлик киритишга қарор қилдик.

Хабарингиз бўлса жорий йилнинг 29 июнь куни “Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги 3058-I-сонли қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Қарорга мувофиқ, умумтаълим мактаблари ўқитувчилари томонидан йиллик тақвим-мавзуий режа ҳамда кундалик дарс ишланмалари (конспект)ни юритиш бекор қилинди.

Яъни ўқитувчилар томонидан юритиладиган ҳужжатлар сони 3 тадан 1 тага қисқартирилди. Энди ўқитувчиларда кундалик дарс ишланмалар (конспект дафтари) бўлиши шарт эмас. Ўқитувчи томонидан синф журнали юритилишининг ўзи етарли бўлади. Журнал ҳам босқичма-босқич электрон шаклга ўтказилади.

Ўқитувчида конспект бўлмаса дарсни қандай ҳужжатларга асосланиб ўтади деган савол туғилиши табиий. Энди Республика таълим маркази томонидан “Миллий ўқув дастури”нинг асосий компонентлари доирасида барча фанлардан “Ўқитувчи китоби” жорий этилиб, у мактаб ўқитувчиларининг дарс ишланмаси (конспект)нинг ўрнини тўлдиради.

Бундан ташқари синф раҳбарлари ҳам “Синф соати” учун конспект ёзмайди. Синф раҳбарлари Халқ таълими вазирлигининг 2020 йил 30 июль кунги “Умумий ўрта таълим муассасасининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ва синф раҳбарлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳақида”ги 180-сонли буйруғига кура 2 та ҳужжатни юритади.

P.S: Раҳбарлар сиздан нега конспект йўқ деб сўрашса ёки талаб қилишса Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган “Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги 3058-I-сонли қарорни (https://t.me/dokument_Zamdirektor/1319) асос қилиб кўрсатишингиз мумкин.

Telegram
(https://t.me/dokument_Zamdirektor/1319)Xalq ta‘limi Info | Ulug‘bek Po‘latov
ЎҚИТУВЧИЛАРНИНГ КОНСПЕКТ ЮРИТИШИ РАСМАН БЕКОР ҚИЛИНДИ

“Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди