ЎЗБЕК ТИЛИ: КЕЧА ВА БУГУН
Бугунги кунда сайёрамизда 6 мингга яқин тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатларнинг тилларидир. Зеро, тил бу миллат маданиятининг бир бўлаги. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.
Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди. “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, санoат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бу борада амалга оширилган ишларнинг энг муҳимларидандир.
XXI аср ўз кўлами ва шитоби билан инсоният тарихида ўзига хос чуқур из қолдирмоқда. “Глобаллашув асри”, “Юксак технологиялар замони”, “Техникавий инқилоблар даври” деб аталаётган дунёнинг бугунги манзарасида тил ва уни ўрганишга муносабат масаласи ҳамон ўта муҳим аҳамият касб этмоқда. Негаки, дунёнинг нариги чеккасидан бу чеккасига узатилаётган ошкора ва пинҳона, расмий ва норасмий маълумотларнинг барчаси муайян тил ёки махсус кодлар орқали амалга оширилаяпти. Шунинг учун, жаҳон халқларининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий ва маърифий ҳаётида улар томонидан қўлланилаётган миллий тилларга жуда катта эҳтиёж сезилмоқда. Бу эҳтиёж туфайли баъзи бир тилларнинг нуфузи кундан-кунга ошиб бораётган бўлса, баъзи тиллар таназзулга юз тутиш арафасида.
Масалан, Африка тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи хамон ўз ёзувларига эга эмас. Минглаб тиллардан таълим тизимида фойдаланишнинг имконияти йўқ. Интернетдан фойдалана олмайдиган тиллар ҳақида-ку айтмаса ҳам бўлади. Чунки янги технологияларнинг ривожланиши туфайли айрим халқлар ўз тилларидан кўра замонавий тиллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бугун Интернет тилининг 81 фоизи инглиз тилига тўғри келади. Тўғри, авваллари ҳам тиллар пайдо бўлган, муаммолада бўлиб, маълум вақтдан сўнг йўқ бўлиб кетган. Лекин ҳозиргидек тилларнинг жадаллик билан йўқолиши тарихда кузатилмаган. Йўқолиб кетиш ҳавфида бўлган тилларнинг сақлаб қолиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг асосий мақсади ҳам маданиятлар ва тиллар хилма-хиллигини таъминлашдан иборатдир.Бу маълумотларни нима учун келтираяпмиз?! Биз ўзбек тилининг дунёдаги нуфузини ошириш устида тинимсиз гапираяпмиз-у, лекин буни қандай қилиб бажариш мумкинлиги устида сира ўйламаяпмиз. Биринчидан, инглиз, рус ҳамда бошқа тилларда ўзбеклар ва ўзбек тили бўйича келтирилган халқаро миқёсдаги маълумотларни жиддий қайта кўриб чиқиш, илмий асосланган, расмий тан олинган манбалар асосида ўзбек миллатининг дунёдаги ўрнини ва жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини холис кўрсатиб бериш зарур. Бундай шарафли ва масъулиятли вазифанинг салмоқли қисми тилшуносларнинг зиммасига тушиши аниқ.
Мазкур йўналишда адлия органлари тизимида ҳам бир қатор чора-тадбирлар оширилмоқда.Хусусан,жойларда “Давлат тили ҳақида”ги, “Реклама тўғрисида”ги қонунлар ижроси, тил қоидалари нормаларига амал қилиш даражаси тизимли тарзда ўрганилиб, маҳаллий кенгашлар сессияси кун тартибига аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масалалар киритиб борилди.
Мамлакатамиз бўйлаб тил ойликлари ташкил этилаяпти, турли шаклларда тарғибот тадбирлари, акциялар ўтказиб келинаяпти.Аммо, булар ўзбек тили нуфузини янада ошири учун етарли чора эмас.
Она тилимиз мавқейини янада оширишда дунё билан юзлашиш самарали натижа беради.Чунки, ўзбек миллати вакилларини турли мамлакатларда ва халқаро рейтингда юқори ўринда турадиган ташкилотларда учратиш мумкин.
Фактларга мурожаат қилайлик, wikipedia.org сайтида дунёда ўзбекларнинг сони 35 миллион, шундан Афғонистонда 2,3-2,7 миллион, Тожикистонда 1,3 миллион, Қирғизистонда 918 мингдан зиёд, Қозоғистонда 576 минг, Россияда 289 мингдан кўп, Туркманистонда 250 минг, Туркия, Покистон, АҚШда 70-80 мингдан кўп ўзбеклар истиқомат қилиши айтилган. Нуфуз жиҳатидан дунё тиллари ўртасида 41-ўринда туриши таъкидланган.
ЮНЕСКО томонидан эълон қилинган “Йўқолиш арафасида турган дунё тилларининг атласи”да таъкидланишича, Европадаги 50 та, Тинч океани ҳудудидаги 2000 та, Африка қитъасидаги 250 та тил ҳалокат арафасида турибди. Асримиз охирига бориб, инсоният ҳозирда мавжуд бўлган тилларнинг ярмини мангуга бой бериши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Агар хорижий ташрифлар ва маҳсулотларга маҳлиё бўлиб ўтираверсак бу хавф бизга ҳам соя солиши мумкин. Ислоҳотлар натижасида аксарият жой номлари ўзбекчалаштирилди.” Алишер Навоий” кўчаси, “Меъморлар” даҳаси, “Муқимий”, “Узумзор” маҳалла фуқаролар йиғини, “Олтин водий”, “Кескантерак” қишлоғи сингари номлар қулоққа қандай ёқимли эшитилади. Албатта, ўзбекча номланишдаги умумий овқатланиш шаҳобчалари, майиший хизмат кўрсатиш тармоқлари мавжуд аммо улар орасида бошқа тилда ифодаланганлари ҳам борки, уларнинг маъносини англаш мушкул.
“Браво”, “Golden chiken”, “Miss Sanam”, “Тополина интер стар”, “Идеал”, “Элегант”, “Z OIL”, “Эльдарадо”, “EVER MEN”, “Petrol” сингари номлар устида жиддий ўйлаб кўриш вақти келди. Уларга индамаслик она тилига беписандлик демакдир.
Ўрни келганда шу нарсани ҳам таъкидлаш жоиз: ҳар бир миллий тил бошқа тиллардан айрича яшамайди, инсонлар бир-бирлари билан муомала-муносабатларда бўлгани каби тиллар ҳам бир-бирлари билан доимий алоқада яшайди. Шу боис бир тилдан иккинчи тилга сўзларнинг ўтиб туриши қонуний ҳол саналади. Пайнет, рейтинг, коллеж, лицей, шоу, дизайнер, лицензия, бизнес, кредит, терминал, тендер, сайт, компьютер, айфон, смартфон, ноутбук, флешка, вирус, антивирус, планшет, дисплей, кастинг, фирма, офис каби сўзларнинг кундалик ҳаётимизда ишлатилишига ҳеч ким ажабланмай қўйди. Уларнинг ҳар бири ўз маъносига, ишлатилиш кўламига эга. Мисол учун, карвинг – мева ва сабзавотлардан композиция ишлаш, лапароскопия – чандиқсиз жарроҳлик усули демакдир.
Ўз навбатида, ўзбек кураши орқали дунёнинг кўплаб давлатлари тилига тарқаган чала, дакки, ғирром, ҳалол сингари ўзбек сўзларини бошқа халқлар ҳам тўғри қабул қилишди.
Ўзбек тили дунёдаги энг бой ва чуқур тарихий илдизларга эга бўлган буюк тиллардан биридир. Она тилимиз юртимиздаги қадим ва муқаддас, мўъжизавий булоқлардек тоза ва мусаффо, истеъмолга доим яроқли бўлиши шарт. Унинг ички имкониятлари чексиз ва мислсиздир. Ундан ўринли фойдаланиш, тилнинг софлиги, табиийлиги учун курашиш, оғзаки ва ёзма нутқда тил меъёрларига тўлиқ риоя қилиш, она тилининг булоқдек мусаффолигини, тароватини сақлаб қолиш барчамизнинг элу юрт олдидаги шарафли ва айни чоғда муқаддас бурчимиздир.
Дилдора Каттаева
Навоий вилояти адлия бошқармаси масъул ходими