October 21, 2020

ТИЛ БОР ЭКАН-МИЛЛАТ БАРҲАЁТ

Навоий вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан “Тил бор экан-миллат барҳаёт” мавзусида онлайн конференция ташкил этилди. Тадбирда, Навоий вилоят юридик техникуми, Навоий давлат педагогика институти мутасаддилари ҳамда тилшунос олимлар иштирок этишди.

Мулоқотда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлгани, бугунги кунда она тилимизнинг халқаро миқёсда обрўси ошиб бораётгани ҳақида сўз юритилди.  “Давлат тили ҳақида”ги, “Реклама тўғрисида”ги Қонунлар, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бу борада амалга оширилган ишларнинг энг муҳимларидандир, дея таъкидланди тадбир мобайнида.

Онлайн мулоқотда XXI аср ўз кўлами ва шитоби билан инсоният тарихида ўзига хос чуқур из қолдираётгани, “Глобаллашув асри”, “Юксак технологиялар замони”, “Техникавий инқилоблар даври” деб аталаётган дунёнинг бугунги манзарасида тил ва уни ўрганишга муносабат масаласи ҳамон ўта муҳим аҳамият касб этаётгани ҳақида фикрлар билдирилди. Шундан сўнг ўзбек тили нуфузини оширишда халқаро ҳамкорлик масалаларига ҳам урғу берилди.

Маълумотларга қараганда бугунги кунда ўзбек тилида 50 млндан ортиқ аҳоли сўзлашар экан.Бу ер юзи бўйлаб тарқалган ўзбек миллатига мансуб кишилар ҳисобига дейилди тадбирда.Шуни инобатга олиб, миллатдошларимизнинг кўп қисми истиқомат қиладиган мамлакатларда ўзбек тилидаги адабиётлар билан бойитилган кутубхоналар ташкил этиш масаласи қўйилди.Видео конференцияда адлия органлари тизимида “Ўзбек тили ойлиги” доирасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида тўхталиб ўтилди.

Навоий вилояти адлия бошқармаси

Ахборот хизмати